Лекин агар насронийлик Черкови котиблари томонидан фақат тор доирада фойдаланиш учун ёзилган ишларга назар ташлайдиган бўлсак, "Муқаддас китоб" матнларининг ишончлилик даражаси биз ўйлагандагидан анча мураккаб экани ойдинлашади. Мисол учун, агар сиз Қуддусдаги "Муқаддас китоб" мактаби раҳбарлиги остида француз тилида чоп этилган алоҳида-алоҳида китоблар билан танишсангиз, умуман бошқача вазиятга гувоҳ бўласиз. Эски Аҳд ва хатто Янги Аҳд матнларида фан билан қарама-қарши нуқталар шу қадар кўпки, баъзи ҳолларда китоб муаллифлари буни беркитишга ҳам ҳаракат қилишмайди.
"Муқаддас китоб"даги қарама-қаршиликлар мавзусида холислик нуқтаи назаридан туриб олиб борилган кичик изланишлар ҳам кўп учрайди, шулардан бири Профессор Эдмонд Жакобнинг «Эски Аҳд» (Edmond Jacob: L'Ancien Testament) китобидир. Унда бизни қизиқтираётган масалага оид умумий қарашлар акс эттирилган.
Э.Жакобнинг китобида таъкидланганидек, азалда Эски Аҳд матнлари сони битта эмас, жуда кўп бўлган ва буни жуда кўп одамлар билишмайди. Таҳминан эр.ав. 3 асрда бу китобнинг иброний тилидаги камида учта матни мавжуд эди: масоретик матн номи билан танилган китоб; юнон тилига таржима қилишда қисман фойдаланилган китоб; ва Самария бешлиги. Эр.ав. 1 асрга келиб китобнинг битта умумий матнини ишлаб чиқишга ҳаракат бошланди, аммо "Муқаддас китоб"нинг яхлит кўриниши Ийсо вафотидан бир аср кейин тайёрланди холос.
Агар бизда ҳозир ўша дастлабки учта матн бўлганида, уларни ўзаро солиштириш орқали асл матн дастлаб қанақа бўлгани борасида бир тўхтамга келишга уриниб кўрардик. Афсуски, ҳозир бунинг имкони йўқ. Ўлик денгиз ёнидаги Кумрон ғоридан топилган тахминан Ийсодан бироз илгарироқ даврга бориб тақалувчи ўрамалар, эрамизнинг 2 асрига нисбат бериладиган ва биздаги матндан бироз фарқ қиладиган Мусонинг ўнта амри ёзилган папирус ҳамда эрамизнинг 5 асрига хос баъзи лавҳалар (Қоҳира Генизаси )ни ҳисобга олмаса, биздаги энг қадимий ибронийча матн эрамизнинг 9 асрига бориб тақалади.
Септуагинт (Септанта ) номи билан танилган китоб кўп эҳтимолга кўра Эски Аҳднинг юнон тилига қилинган илк таржимаси бўлса керак. У эр.ав 3 асрга нисбат берилади ва Александрия (Миср) яҳудийлари томонидан ёзилган. Янги Аҳд китоби ҳам айнан мана шу матн асосида тайёрланган. Эрамизнинг 7 асригача бу китоб энг обрўли манба ҳисобланарди. Насронийлар орасида бугун ишлатиладиган юнонча асосий матнлар эса Ватикан шаҳрида сақланаётган Ватикан Кодекси (Codex Vaticanus) ва Лондондаги Британия музейида сақланаётган Синай Кодекси (Codex Sinaiticus) номли қўлёзмалар йиғиндисидан олинган. Уларнинг санаси эрамизнинг 4 асрига бориб тақалади.
Эрамизнинг 5 асрига келиб Муқаддас Ером иброний ҳужжатларга асосланган ҳолда лотин тилида матн тайёрлашга муваффақ бўлди. Бу матн кейинчалик эрамизнинг 7 асридан эътиборан оммавий тарқатила бошлангани учун «Вульгата» номи билан тарихда қолди.
Маълумот ўрнида "Муқаддас китоб"нинг оромий ва сурёний (пешитта) матнлари ҳам борлигини айтиб ўтиш керак, аммо улар бизгача тўлиқ етиб келмаган.
"Муқаддас китоб"нинг юқорида санаб ўтилган барча нусхалари асосида кейинчалик мутаҳассислар томонидан «ўрта йўлдаги» матн тайёрланган бўлиб, у турли китоблар ўртасидаги умумлаштирувчи нусха ҳисобланади. Бундан ташқари "Муқаддас китоб"нинг кўп тиллик нусхалари ҳам чоп этилган ва уларда иброний, юнон, лотин, сурёний, оромий ва ҳатто арабча матнлар бирга жойлаштирилган. Машхур Уольтон Инжили (Walton Bible, Лондон, 1667) бунга мисол бўлиши мумкин. Мавзуни тўлиқроқ очиб бериш учун шуни ҳам айтишимиз керакки, турли насроний черковлари "Муқаддас китоб"нинг ички тузилиши борасида турли нуқтаи назарга асосланишади, яъни барча насроний черковлари ҳам "Муқаддас китоб" сифатида бир хил матнларни тан олаверишмайди. Хатто бугунги кунгача уларнинг таржималари борасида ҳам бир тўхтамга келишмаган. Ҳозирда насронийлар черковининг католик ва протестант оқимлари мутаҳассислари томонидан Эски Аҳднинг экуменик (умумлаштирувчи) таржимаси (The Ecumenical Translation of the Old Testament) устида олиб борилаётган иш ўз якунига етай деб қолди. Бу китоб турли нуқтаи назарларни ўзида умумлаштириб, яхлит аралашма сифатида тайёрланмоқда.
Кўриниб турибдики, Эски Аҳд матнига инсон таъсири анча катта. Демак, нусха кетидан нусха, таржима кетидан таржима тайёрланавериши натижасида матнга киритилган турли тузатишлар ва янги изоҳлар ўтган икки минг йил давомида Эски Аҳд китобининг асл матнини бутунлай ўзгартириб ташлаган бўлиши мумкин.
"Муқаддас китоб"нинг яратилиш тарихи
Китоблар йиғиндиси бўлиб шаклланишидан илгари "Муқаддас китоб" матни халқ ижодиёти кўринишида инсонларнинг хотираларида сақланган. Халқ уни нашидлар сифатида хиргойи қилган.
«Қадимги замонларда,- деб ёзади Э.Жакоб,- ҳар бир халқнинг ўз нашидлари бор эди. Исроилда, худди бошқа ерларда бўлгани каби, назм насрдан устун қўйилган. Исроил халқининг узун ва ажойиб нашидлари бор эди. Тарихдаги вазиятлар Исроил халқини хурсандчилик чўққисига олиб чиққан даврлар ҳам бўлган, ғамгинлик қаърига улоқтирган даврлар ҳам. Шундан келиб чиққан ҳолда одамлар бу воқеаларни халқ ижодиётида акс эттиришган, ўз кўзлари билан кўрган нарсалари ҳақида турли услубда нашидалар куйлашган».
Улар ҳар хил сабаблар туфайли нашидалар яратишган. Э.Жакоб нашидаларнинг баъзиларини санаб ўтади ва биз уларни "Муқаддас китоб"да ҳам учратишимиз мумкин: овқатланиш нашидалари, ҳосил нашидалари, машхур «Қудуқ нашидаси» (Well Song, Чўлда 21, 17) каби ишлар билан алоқадор нашидалар, «Нашидалар нашидаси» каби тўй нашидалари ва мотам нашидалари. "Муқаддас китоб"да бир нечта уруш нашидалари ҳам бўлиб, улар орасида «Девора нашидаси» (Song of Deborah, Ҳакамлар 5, 1-32), Яҳвонинг ўзи етакчилик қилган ва унинг ўз истагига кўра қозонилган Исроил ғалабасига бағишланган нашидаларни киритса бўлади: «And whenever the ark (of alliance) set out, Moses said, 'Arise, oh Yahweh, and let thy enemies be scattered; and let them that hate thee nee before thee » (Чўлда 10, 35).
"Муқаддас китоб"да шунингдек мақоллар ва ҳикматли сўзлар (Мақоллар Китоби, мақоллар ва тарихий китобларнинг ҳикматли сўзлари), дуолар ва қарғишлар ҳамда илоҳий вазифа сифатида пайғамбарларга ва кейин улар орқали инсониятга юборилган қонун-қоидаларни учратиш мумкин.
Э.Жакобнинг фикрича, бу сўзлар ё авлоддан авлодга ўтиб йиғилиб борган, ёки Худо томонидан танлаб олинган халқнинг тарихи сифатида алоҳида йиғиб чиқилган. Кейин эса тарих оз фурсатда масалларга айланиб кетган, худди Иофам масали (Ҳакамлар 9, 7-21) каби:
«The trees went forth to anoint a king over them; and they asked in turn the olive tree, the fig tree, the vine and the bramble ».
Э.Жакоб айнан шу матн ҳақида фикр билдириб, «тарихи яхши маълум бўлмаган даврлар ва мавзулар тафсилоти билан чалғигандан кўра ҳикоянинг қизиқарлироқ чиқишига эътибор қаратиш биринчи ўринда турганини» таъкидлайди ва шундай хулоса қилади:
«Эски Аҳдда Мусо ва бошқа диний шахслар ҳақида берилган маълумотлар фақат тарихий фактлар кетма-кетлиги нуқтаи назаридан тўғри бўлиши мумкин. Лекин уларни ҳикоя қилиш чоғида, хатто оғзаки ажабиёт даврида ҳам, шунақа сўзга чечанлик ва устамонликдан фойдаланилганки, натижада воқеалар хатто танқидий кўз билан қараган ўқувчида ҳам бирон бир шубҳа уйғотмасдан, инсоният тарихида шунақа воқеа бўлган экан, деган тасаввур шакллантиради».
Ишонч билан айтиш мумкинки, эр.ав. 13 аср охирида яҳудийлар халқи Канъон ўлкасида қўним топгач, аввалги анъаналар давом эттирилди ва энди оғзаки нутқдан ёзма шаклга ўтказила бошланди. Аммо бу иш тўлиқ эҳтиёткорлик билан бажарилган, дейиш қийин, хатто жиддий эътибор талаб қиладиган диний қонунларга оид ривоятлар ҳам эркин ёзилаверган. Бундан қонунлар сирасига азалда Худонинг ўз қўли билан ёзилган деб фараз қилинувчи ўнта амрни ҳам киритиш мумкин, чунки биздаги Эски Аҳд китобида унинг икки хил кўриниши етиб келган (Қаранг, Чиқиш 20, 1-12 ва Қонун тўплами 5, 1-30). Уларнинг руҳи бир-бирига ўхшашдир, аммо матн ўлароқ иккаласи бир-биридан фарқ қилади.
У даврларда ҳужжатларни ёзма расмийлаштириш бошланган, хатлар ёзиш, машхур одамлар (ҳакамлар, шаҳар нозирлари ва ҳ.к.)нинг исмлари, шажараларини қоғозга тушириш ва қўлга киритилган ўлжалар рўйхатини тузиш кенг тарқалган эди. Шу тариқа юзага келган катта архив кейинги ҳужжатларнинг асоси бўлиб хизмат қилди ва баъзилари хатто таҳрир қилиниб, бизнинг давримизгача етиб келган "Муқаддас китоб" матни билан аралашиб кетди. Эски Ад китобидаги ҳикояларнинг турли адабий жанрларга мансублиги ҳам мана шу билан изоҳланиши мумкин, аммо улар нима учун айнан ҳозирги кўринишда тартибга солинган – буни аниқлаш энди соҳа мутаҳассисларининг вазифаси ҳисобланади.
Эски Аҳд қиёси йўқ яхлит китоб бўлиб, деярли қадимги оғзаки адабиёт асосида шаклланган. Шунинг учун унинг шаклланиш жараёнини бошқа даврда ва бошқа жойда қадимги оғзаки адабиёт шаклланиши ҳолати билан солиштириб кўриш қизиқарли бўлади.
Мисол учун Франклар Қироллиги даврида шаклланган француз адабиётини олиб кўрайлик. Муҳис воқеалар – кўпинча насронийлик ҳимояси учун олиб борилган урушлар, ўз қаҳрамонларини етиштириб чиқарган ҳар хил машхур воқеалар асосан оғзаки адабиёт кўринишида сақланиб, орадан бир неча аср вақт ўтгач шоирлар, тарихчилар ва турли бошқа муаллифлар томонидан ёзма шаклга келтирилган. Шу йўсинда эрамизнинг 11 асридан бошлаб бу оғзаки ривоятлар ҳақиқат ва тўқима воқеалар аралашмаси сифатида ёзма адабиётнинг илк намуналари ўлароқ қоғозга туширилган. «Роланд ҳақида қўшиқ» (La Chason de Roland) уларнинг орасида энг машхури ҳисобланиб, унда император Карлнинг қанот қўшинлари раҳбари Роланд томонидан Испаниядаги жанг сафари чоғида кўрсатилган қаҳрамонликлар қўшиқ қилиб куйланади. Бу асарда Роланднинг жонини қурбон қилиши воқеани қизиқарли кўрсатиш учун тўқиб чиқарилган уйдирма эмас, балки чиндан ҳам тарихда 778 йил 15 август куни рўй берган, тоғлик ҳудудларда яшовчи Баск қабилалари ўша куни ҳужум қилиб, уни ўлдиришган. Аммо бу адабий асрс фақат афсона сифатида эътиро фэтилади холос, гарчи унинг тарихий асоси бўлса ҳам, бирон бир тарихчи уни асосли ҳужжатлар сирасига киритмайди.
"Муқаддас китоб"нинг пайдо бўлиши ва дунёвий адабиёт ўртасидаги бу ўхшашлик ҳақиқатга анча мос тушади. Бу ўхшатиш билан мен Худонинг борлигини давомий равишда инкор қиладиганлар каби бизга маълум бугунги "Муқаддас китоб"ни тўлалигича афсона ва эртаклар йиғиндисига айлантирмоқчи эмасман. Яратилишнинг ҳақиқий босқичларида чиндан ҳам Худо Мусога ўнта амр юборган бўлиши, Сулаймон давридаги каби инсоний ишларга аралашиши балки рўй бергандир. Аммо бизга етиб келган бугунги "Муқаддас китоб"лардаги маълумотлар умумий тасвирни ҳикоя қилса ҳам, алоҳида ўринларда мантиққа тўғри келмаслиги, хатоларга тўлалиги бор гап. Бу хатоларнинг ечимини эса Худони айблаш ёки инкор қилишдан эмас, балки "Муқаддас китоб" мантларига қайсидир босқичларда инсон аралашуви кучайиб кетганидан излаш керак.
Эски Аҳд китоблари
Эски Аҳд турли узунликдаги ва турли адабий жанрларга хос асарлар йиғиндиси ҳисобланади. Улар оғзаки ривоятлар асосида тўққиз юз йилдан ортиқроқ давр мобайнида бир неча тилларда қоғозга туширилган. Матнларнинг аксар қисми давр талаблари ва вазиятга мувофиқ тарзда ўзгартирилган, бу ўзгартиришлар ҳам ўз навбатида орадан узоқ йиллар ўтганидан кейин яна бошқатдан таҳрир қилинган.
Оғзаки матнларнинг қоғозга туширилиши ва қайта-қайта кўчирилиши асосан эр.ав. 11 асрлар атрофида, Исроил қироллигининг дастлабки даврида ўз чўққисига чиқди. Айнан шу даврда қирол оиласи аъзолари орасида ўзига хос китобчилар уюшмаси – китобларни кўчириб босадиган одамлар пайдо бўла бошлади. Улар ўз даврининг саводли одамлари ҳисобланиб, фақат китобларни кўчириб ёзиш билан чегараланиб қолишмаган эди. Ўтган бобда тилга оилб ўтилган илк чала матнлар айнан мана шу даврга бориб тақалса керак. Оғзаки асарларни ёзма шаклга кўчиришга махсус сабаб бор эди; бу даврга келиб бир қатор нашидалар (бу ҳақда юқорида айтиб ўтилди), Ёқуб ва Мусонинг пайғамбарлик ўгитлари, Ўнта Амр ва, умумий олиб қараганда, қонунлар пайдо бўлишидан олдин диний урф-одатлар кўринишидаги тартиб-қоидалар шаклланиб улгурган эди. Бу матнларнинг барчаси Эски Аҳднинг турли тўпламларида ҳар хил жойларда кўзга ташланади.
Бизга маълум Яҳво матни ҳисобланувчи Беш Китоб матни эса бундан бироз кечроқ, тахминан эр.ав. 10 асрларга келиб ёзилди. Бу матн Мусога нисбат бериладиган дастлабки Беш Китобнинг ўзагини ташкил қилади. Яна бироз вақт ўтгач, бунга Элоҳим ва руҳонийлар (Сасердотал ) матнлари қўшилди. Яҳво матнида азалда дунёнинг келиб чиқишидан бошлаб Ёқубнинг вафотигача бўлган давр ҳақида сўз юритилган. Унинг матни Жанубий Қироллик, Иудея га бориб тақалади.
Эр.ав. 9 асрнинг охири ва 8 асрнинг ўрталари Илёс ва Елисейнинг пайғамбарлик даврига тўғри келди. Уларнинг вазифалари аниқ белгиланган бўлиб, таъсир доиралари ҳам кенгая бошлади. Уларнинг китоблари бугунги кунгача етиб келган. Бу давр шунингдек Мусога нисбат бериладиган Беш Китоб ёзилган Элоҳим матннинг даври ҳисобланади, аммо у Иброҳим, Юнус ва Яъқуб билан алоқадор фактлар билан чегаралангани учун Яҳво матнига қараганда қисқароқ муддатни қамраб олган. Иешуа (бин Нун) ва Ҳакамлар китоблари ҳам шу даврга бориб тақалади.
Эр.ав. 8 асрга келиб ёзувчи пайғамбарлар – Исроилда Амос ва Хошеа ҳамда Иудеяда Исмоил ва Михей пайдо бўлишди.
Эр.ав. 721 йил Самариянинг инқирози натижасида Исроил қироллигига ҳам якун ясалди. Унинг диний меъроси тўлалигича Иудея қироллигига кўчиб ўтди.
Маталлар йиғиндиси ҳам мана шу даврга тааллуқли бўлиб, бу даврда шунингдек биринчи марта Яҳво ва Элоҳим матнлари ўзаро бирлаштирилди ва Беш Китоб номи билан бизга таниш яхлит ҳолга келтирилди, Таврот шу усулда пайдо бўлди. Қонун тўплами ҳам мана шу даврда ёзилди.
Эр.ав. 7 асрнинг иккинчи ярмида Иосия ҳукмдорлик даври пайғамбар Йеремиянинг яшаган даври билан бир вақтга тўғри келди, лекин унинг китоблари бир аср кейингина якуний кўриниш ҳосил қилди.
Эр.ав. 598 йил Исроил халқининг Бобилга биринчи марта сургун қилинган давридан олдин у ерда Сафаниё , Наҳум ва Ҳабақуқ китоблари пайдо бўлди. Биринчи сургун даврида эса энди Ҳезеқил пайғамбарлик қиларди. Эр.ав. 587 йил Қуддуснинг мағлубиятидан сўнг иккинчи сургун бошланиб, у то эр.ав. 538 йилгача давоб этди.
Сўнгги буюк пайғамбар ва сургундаги пайғамбар номлари билан машхур Ҳезеқилнинг китоби унинг ўлимидан сўнг маънавий издошлари саналган котиблар томонидан бугунги ҳолида тартиб берилди. Худди шу котиблар Ибтидо китобининг учинчи, бизга Руҳоний матни (Сасердотал) номи билан таниш навбатдаги матнига асос солишди ва унда дунёнинг яратилишидан то Ёқубнинг ўлимигача бўлган даврни акс эттиришди. Шу тартибда Ибтидо матнининг учинчи нусхаси Тавротнинг аввалги Яҳво ва Элоҳим матнлари ички тузилиши билан аралаштириб юборилди. Бу ҳолатга биз икки-тўрт аср кейин ёзилган "Муқаддас китоб"ларга мурожаат қилиш чоғида гувоҳ бўламиз. Айтиш мумкинки,учинчи матн билан тахминан бир даврда Эски Аҳднинг яна бир китоби – Йеремиянинг марсиялари ёзила бошланди.
Кирнинг буйруғига биноан эр.ав. 538 йилда Бобилга сургун бекор қилинди. Яҳудийлар Фаластинга қайтишди ва Қуддусдаги ибодатхона қайтадан қурилди. Пайғамбарларнинг фаолияти қайтадан бошланиб, Ҳаггай , Закариё , Ишаъё нинг учинчи китоби, Малъахи , Дониэл ва юнон тилидаги Варух китоблари дунё юзини кўрди.
Сургундан кейинги давр шунингдек Ақл китоблари (Books of Wisdom) даври ҳисобланади: Маталлар китоби кўп эҳтимол эр.ав. 480 йилда, Айюб китоби эр.ав. 5 аср ўрталарида, Экклезиаст ёки Воиз , Нашидлар нашиди , Биринчи ва иккинчи йилномалар , Узайр ва Неҳемияҳ китоблари эр.ав. 3 асрда, Донолик ёки Сирах китоби эр.ав. 2 асрда, Ақл Китоби ҳамда Биринчи ва Икккинчи Маккабий китоблари Ийсо таваллудидан 1 аср олдин ёзилди.
Рут , Эстер ва Юнус китобларининг санасини аниқлаш осон эмас. Товит ва Жудит китоблари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Барча китобларнинг саналарини белгилашда уларга кейинчалик ўзгартиришлар киритилган бўлиши мумкинлиги ҳисобга олинган, чунки Эски Аҳд китоби яҳлит ҳолда фақат Ийсонинг таваллудидан тахминан 1 аср аввал, аксарият нусхалари эса Ийсо таваллудидан бир аср кейин тартибга солинган.
Шу зайлда Эски Аҳд Яратилишдан бошлаб то насронийлик давригача бўлган воқаларни ўз ичига олувчи яҳудий халқининг адабий ёдгорлиги сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади. Эски Аҳдни ташкил қилувчи қисмлар эр.ав. ўнинчи ва биринчи асрлар ўртасида ёзилган, тўлдирилган ва таҳрир қилинган.
Бу фикр ушбу китоб муаллифининг фикри сифатида қаралмаслиги керак. Ушбу изланишда фойдаланилган энг муҳим тарихий фактлар Бутунжаҳон Энциклопедияси (Encyclopedia Universalis) даги «"Муқаддас китоб"» мақоласидан олинган бўлиб, унинг муаллифи диншунослик фанлари профессори Ж.П.Сандрос ҳисобланади. Эски Аҳд аслида қанақа китоб эканини тушуниш учун Сандрос каби юқори малакали мутаҳассислар томонидан тўғри белгиланган маълумотларга мурожаат қилиш жуда муҳим.
Эски Аҳдддаги китобларнинг барчасида Ваҳий бор, лекин бугунги бизгача етиб келган нусхаларда муаллифлар ўзларига маъқул матнларни қолдиришган холос. Муаллифлар уларни ўзлари яшаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ўз мақсадлари йўлида ва ўз истакларига мос равишда таҳрир қилишган.
Агар биз ушбу маълумотларни бугун оммавий равишда чоп этишга мўлжалланган "Муқаддас китоб"ларнинг турли сўзбошиларидаги маълумотлар билан солиштирсак, уларда китобнинг тарихи умуман бошқача услубда тақдим этилганига гувоҳ бўламиз. Масалан, китобларнинг ёзилиши билан алоқадор фундаментал маълумотлар ҳақида бирон бир сўз айтилмаган, аксинча, ўқувчини чалғитишга мўлжалланган сўз ўйинлари кўп, фактлар деярли йўқ, ҳақиқат деб берилаётган маълумотларнинг аксарияти ҳақиқат эмас. "Муқаддас китоб"га ёзилган муқаддима ва сўзбошиларнинг катта қисмида воқелик шу тахлит бузиб кўрсатилган. Матни бир неча марта ўзгаришга учраган китоблар (масалан, Мусога нисбат бериладиган Беш Китоб) ҳақида гапирилганда, уларга кейинчалик баъзи қўшимчалар қўшилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот бериб ўтилган. Кўп ўринларда китобдаги унчалик муҳим бўлмаган қисмларга оид мулоҳазалар билдирилиб, атрофлича изоҳ талаб қиладиган муҳим нуқталар ҳақида бирон сўз айтилмаган. Оммавий нашрлар учун тайёрланган "Муқаддас китоб"ларда бу каби нохолис маълумотларнинг борлиги ачинарли.
Таврот ёки Беш Китоб
Таврот келиб чиқишига кўра семитик (Semitic) сўз. Унинг юнонча номи «Pentateuchos» бугунги инглиз тилига «Pentateuch» сифатида ўзлаштирилган бўлиб, таржимада «Беш Китоб» деган маънони англатади ва Китобнинг бешта қисмдан ташкил топганига ишора қилади: Ибтидо, Чиқиш, Левит, Чўлда ва Қонунлар тўплами . Бу беш китоб жами 39 қисмдан иборат Эски Аҳд матнининг дастлабки беш қисми ҳисобланади.
Бу қисмларда дунёнинг яратилишидан бошлаб яҳудийлар халқининг Мисрдан сургун қилинганларидан сўнг уларга ваъда қилинган ўлка – Каънон юртига ўрнашиши билан, кўп эҳтимол Мусонинг вафотигача бўлган воқеаларни ўз ичига олади. Воқеалар шу тарзда ҳикоя қилинадики, улардаги маълумотлар яҳудийлар халқининг ижтимоий ва диний ҳаётига оид умумий тартиб-қоидаларни қамраб олади, китобнинг «Қонун», яъни яҳудийчасига «Таврот» (инг. - Torah, рус. - Тора) деб аталиши ҳам мана шу хусусият билан боғлиқ.
Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам кўп асрлар давомида Мусони ушбу Беш Китобнинг муаллифи деб ҳисоблашарди. Ҳойнаҳой бу тасаввурнинг пайдо бўлишига Худонинг Мусога айтган сўзлари сабаб бўлган: «Буни (Амлекнинг мағлубиятини) хотира қилиб китобга ёз» (Чиқиш 17, 14), ёки яна бир жойда Мисрдан чиқиш ҳақида гап борганида «Мусо уларнинг илк ҳаракатларини ёзиб қўйди…» (Чўлда 33, 2) ва ниҳоят «Ва Мусо Қонунни ёзди…» (Қонун тўплами 31, 9).
Тавротни Мусо ёзган деган фараз эр.ав. 1 асрдан бошлаб шаклланди; Иосиф Флавий (Flavius Josephus) ва александриялик Фило (Philo of Alexandria) бу фикрнинг тарафдорлари ҳисобланишган.
Бизнинг давримизга келиб бу фикрдан бутунлай воз кечилди, уни қўллаб-қувватловчилар деярли қолгани йўқ. Шунга қарамай, Янги Аҳд китоби муаллифларидан бири сифатида барибир Мусо тилга олинади. Ҳаворий Павел ўзининг римликларга ёзган мактубида (10, 5) Левитдан иқтибос келтириб шундай дейди: «Мусо пайғамбар «Қонунни бажо келтирган одам шу билан яшайверади» деб ёзган». Юҳанно инжилида эса (5, 46-47) Ийсонинг тилидан шундай дейилади: «Агар Мусога ишонганингизда эди, менга ҳам ишонар эдингизлар, у мен ҳақимда ёзган эди. Мусонинг ёзувларига ишонмабсизларми, менинг сўзларимга қандай ишонасизлар?»
Бу ерда биз матннинг эркин таҳрир қилиниш ҳолатига гувоҳ бўляпмиз, чунки юнон тилидаги асл матнда «epusteuete» сўзи ишлатилган, яъни Инжил муаллифи ҳақиқатга бутунлай зид бўлган жумлани Ийсонинг тилидан ҳикоя қиляпти, буни исботлаш қийин эмас.
Бунинг учун Қуддусдаги "Муқаддас китоб" мактаби директори руҳоний Де Вонинг сўзларига эътибор қаратамиз. Ибтидо китобининг 1962 йил француз тилига қилинган таржимаси муқаддимасида у Тавротга оид қимматли маълумотларни тақдим этади. Бу маълумотлар Тавротни Мусога нисбат бераётган Инжил муаллифининг фикрини бутунлай инкор қилади.
Руҳоний Де Вонинг айтишича, «Ийсо ва унинг ҳаворийлари томонидан ўзлаштирилган яҳудийлик анъаналари» Ўрта Асрларнинг охиригача амалда бўлди. Бу фикрга фақат бир киши – 12 асрда яшаган Абен Эзра (Abenezra) қарши чиққан холос. 16 асрга келиб эса Карлштад (Calstadt) Мусо ўзининг ўлими ҳақидаги маълумотларни (Қонун тўплами 34, 5-12) ёзиши мумкин эмаслигига эътибор қаратди. Руҳоний Де Вонинг муқаддимасида айтилишича, баъзи танқидчилар хатто «Тавротнинг ҳаммаси тугул, бир қаторини ҳам Мусо ёзмаган», деган фикрларни билдиришган. Бу мавзудаги китоблар орасига риториканинг асосчиси Ричар Симон (Richard Simon) томонидан 1678 йилда ёзилган «Эски Аҳднинг танқидий тарихи» (Historie critique du Vieux Testament) китобини киритиш мумкин. Унда Тавротдаги тарихий саналар кетма-кетлигидаги мураккабликлар, такрор матнлар, воқеалардаги чалкашликлар ва услубий қарама-қаршиликлар ажратиб кўрсатилган. Китоб катта жанжалларга сабаб бўлди. Р.Симоннинг фикрлаш услуби 18 аср бошидаги тарихий китоблар услубига умуман тўғри келмасди. У даврда энг қадимий тарихга оид воқеалар одатда «Мусо ёзганидек» тақдим этиларди.
Халқ орасида кенг тарқалган афсонага қарши бориш нақадар машаққатли бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас, айниқса бу афсона гўёки Ийсо томонидан ҳам тасдиқланган бўлиб, кўриб ўтганимиздек Янги Аҳдда бу ҳақда алоҳида санолар ёзилган бўлса. Бунинг ечимини Қирол Льюис XV (Louis XV) нинг шахсий шифокори Жан Аструк (Jean Astruc) тақдим этган. 1753 йил ўзининг «Ибтидо китобини тузишда Мусо фойдаланган асл матнлар ҳақида фикр-мулоҳазалар» (Conjectures sur les Mèmoires originaux dont il parait que Moyse s'est servi pour composer le livre de la Genèse) номли китобида у асосий эътиборни манбаларнинг кўплигига қаратди. Балки Жан Аструк буни биринчи бўлиб пайқамагандир, лекин ушбу муҳим маълумот – Худонинг қанақа номланганига қараб Яҳво ва Элоҳим матнлари деб аталувчи икки матннинг Ибтидо китобида ёнма-ён берилганини биринчи бўлиб эълон қилишга ўзида куч топа билди. Ибтидо китобида икки хил матн аралаштириб ёзилгани тан олинди. Бошқа изланувчи, Айхорн (Eichorn), 1780-1783 йилларда бу мулоҳаза Эски Аҳднинг қолган тўрт китобига ҳам тааллуқли эканини исботлади. 1798 йилга келиб Ильген (Ilgen) Асртук ажратиб кўрсатган матнлардан бири – Худони Элоҳим деб атаган матн ҳам ўз навбатида икки қисмдан ташкил топганини аниқлади. Шу тариқа Беш Китоб том маънода парча-парча қилиб ажратиб ташланди.
19 асрга келиб изланишлар янада чуқурроқ диорада давом эттирилди. 1854 йил тўрт манба борлиги тан олинди. Улар расман Яҳво матни, Элоҳим матни, Қонун тўплами матни ва Руҳонийлар матни (Сасердотал) деб атала бошланди. Уларнинг хатто яратилиш саналарига ҳам ойдинлик киритилди:
1. Яҳво матни эр.ав. 9 асрга нисбат берилди (Иудеяда ёзилган);
2. Элоҳим матни, кўп эҳтимолга кўра, Яҳво матнидан бироз янгироқ (Исроилда ёзилган);
3. Қонун тўпламини баъзилар (Э.Жакоб) эр.ав. 8 асрга оид деб ҳисоблашса, бошқалар (руҳоний Де Во) Иосия даврига тааллуқли деб ҳисоблашади;
4. Руҳонийлар матнининг ёзилиши ё сургун даврига, ёки сургун якунланганидан кейинги даврга, яъни эр.ав. 6 асрга нисбат берилади.
Бу маълумотлар шуни кўрсатадики, Беш Китобнинг шаклланиш даври камида учта юз йилликка чўзилиб кетган.
Аммо бу хали муаммонинг ҳаммаси эмас. 1941 йил А.Лод (A. Lods) Яҳво матнида учта, Элоҳим матнида тўртта, Қонун тўпламида олтита, руҳонийлар матнида тўққизта манба борлигини аниқлади. Руҳоний Де Вонинг айтишича, «бу ерда хали саккизта ҳар хил муаллиф томонидан киритилган қўшимчалар ҳисобга олингани йўқ».
Кейинги йилларда шу нарса маълум бўлдики, «Беш Китобда келтирилган кўплаб қонунлар "Муқаддас китоб"га алоқадор бўлмаган бошқа ҳужжатлардан олинган бўлиб, бу ҳужжатларнинг даври биз билгандан анча қадимий» ҳамда «Беш Китобда тасвирланган аксарият воқеаларнинг манбалари ҳам кўпчилик ўйлаган ўзаклардан эмас, балки бошқа эскироқ ҳужжатлардан олинган». Бу эса «анъаналарнинг шаклланишига бўлган қизиқиш»ни кучайтириши табиий.
Воқеаларнинг бунақа ривожи муаммони шунчалик чалкаштириб ташлайдики, киши ўзининг қаерда адашиб кетганини сезмай қолиши ҳам мумкин.
Манбаларнинг кўплиги қайтариқлар ва қарама-қаршиликлар сонининг кўпайишига олиб келади. Руҳоний Де Во (de Vaux) бунга мисол тариқасида Тўфон, Юсуфнинг ўғирланиши, унинг Мисрдаги саёҳати ҳақидаги ҳикояларда учрайдиган қайтариқлар, битта қаҳрамонга оид исмларнинг бир-бирига мос тушмаслиги, муҳим воқеалар тафсилотларидаги фарқли изоҳлар каби қарама-қаршиликлар ва бошқа фактларни санаб ўтади.
Бундан Беш Китобнинг усталик билан ёки шунчаки битта умумий тўплам шаклига солинган турли анъаналар йиғиндиси экани намоён бўлади. Эски Аҳд муаллифлари турли манбалардан олинган маълумотларни шундай аралаштиришганки, натижада китоб яхлит ва қарама-қаршиликлардан ҳоли кўриниш ҳосил қилган. Аммо улар барибир барча хато ва зиддиятларни парда ортига яшира олишмаган, бунинг натижасида бизнинг замондошларимиз энди дастлабки манбаларни қайтадан чуқурроқ таҳлил қилиб кўришга эҳтиёж сеза бошлашди.
Беш Китобнинг матни агар таҳлил қилинадиган бўлса, у ердаги инсон аралашиши натижасида юзага келган хатолар яққол кўзга ташланади. Матндаги тузатишлар авлоддан авлодга ўтиб келган оғзаки ва ёзма ривоятлардан олинган бўлиб, яҳудий халқи тарихининг турли даврларига мансуб ҳисобланади. Бу одат эр.ав. 10 ёки 9 асрда Яҳво матни пайдо бўлиши билан бошланган, Яҳво матни эса ўз навбатида аввалги даврлардаги оғзаки ривоятларга асосланган. Бу ривоятларда Исроил халқининг тақдири «Худонинг инсоният учун режалаштирган Буюк тизимида муҳим ўрин эгаллаш» (руҳоний Де Во) экани кўрсатилади. «Тарихнинг ёзилиш» одати эр.ав. 6 асрда руҳонийлар матни билан якун топди ва ўша матн барча саналар ҳамда шажара жадвалларини гўё энг кичик аниқликлари билан ёритиб берди .
Руҳоний Де Вонинг ёзишича, «бу анъаналардаги бир қанча матнларда қонунчилик яратишга бўлган интилиш сезилади, масалан, Худонинг дунёни яратиб бўлгач шаббат, яъни шанбада дам олиши; Нуҳ билан келишув; Иброҳим билан келишув ва ҳатна; диннинг етакчилари (патриархлар)га Канъонда ер берган Макпела ғорининг сотиб олиниши». Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, руҳонийлар матни Бобилга сургун йилларидан то эр.ав. 538 йил Фаластинга қайтиш бошлангунгача бўлган даврларда яратилган. Демак, бу ерда диний ва тўлалигича сиёсий муаммолар аралашмаси мавжуд.
Ибтидо китобига келсак, унинг учта ҳар хил манбадан олингани аллақачон исботланган. Шу китобнинг ўзи таржима қилган матнига ёзган изоҳларида Руҳоний Де Во ҳар бир қисмни Ибтидо китоби манбаларига таққослаб чиққан. Қўлимиздаги бу каби маълумотнома билан китобнинг қайси бобига қанақа манба кўпроқ асос қилиб олинганини осон аниқлаб олиш мумкин. Ибтидо китобининг дастлабки ўн бир бобини ўз ичига олган Дунёнинг яратилиши, Тўфон ҳамда Тўфондан Иброҳимгача бўлган мавзуларни ёритувчи матнларда Яҳво ва Руҳонийлар матни навбатма-навбат манба бўлиб хизмат қилганини кўрамиз. Дастлабки ўн бир бобда Элоҳим матни учрамайди. Шу тариқа бир жойда Яҳво ва руҳонийлар матнининг бирга ишлатилгани кундек ойдинлашади. Дунёнинг яратилишидан то Нуҳгача бўлган воқеаларни ҳикоя қилувчи дастлабки беш бобда матннинг тузилиши жуда содда: бу ерда Яҳво ва Руҳоний матнларидан олинган парчалар навбатма-навбат берилган. Тўфон воқеасида эса (айниқса 7 ва 8 бобларда) ҳар бир манбадан олинган мантлар қисқартирилиб, жуда калта жумлалар ишлатилган, баъзан эса хатто икки манба матни бир жумлага жо қилинган. Натижада инглизча матнда тахминан 100 қаторни эгаллайдиган парчада иккала манба навбатма-навбат 17 марта ўрин алмашади. Бугунги замонавий матнни ўқиш чоғида сезиладиган хато ва зиддиятлар айнан шунинг натижасида юзага келган. Буни тушунтириш учун манбаларнинг тақсимланиши акс эттирилган жадвални эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ибтидо китобининг 1-11 бобларида Яҳво ва Руҳонийлар матнининг жойлашиш жадвали
Биринчи рақам бобни англатади. Иккинчи рақам жумлалар сонини англатади ва агар у иккига ажратилган бўлса, «а» ва «б» ҳарфлари билан изоҳ берилган. Ҳарфлар билан берилган изоҳлар: Я – Яҳво матнига ишора, Р – Руҳонийлар матни. Мисол учун, жадвалнинг биринчи қатори қуйидагича ўқилиши керак: Биринчи бобнинг биринчи жумласидан бошлаб иккинчи бобнинг тўртинчи жумласи биринчи қисмигача "Муқаддас китоб"нинг замонавий нашрларида руҳонийлар матни берилган.
