Библиянинг охирги китоби бўлган “Ваҳий”нинг охирида “...Кимда-ким буларга бирор нарса қўшса, Худо бу китобда ёзилган балоларни унга тақдир қилади. Кимда-ким бу китобда башорат қилиб айтилган сўзлардан бирор нарсани олиб ташласа, Худо уни бу китобда ёзилган ҳаёт дарахтидан ва муқаддас шаҳардан маҳрум қилади...” (18-19-жумлалар), дейилган. Миссионерлар ана шу жумлаларни далил қилиб, Библия ўзгармас китоб эканлигини исботлашга уринадилар.
Аслини олиб қараганда, бутун христиан дунёси Библия ўзгартирилганини ва баъзи қисмлари йўқотилганини эътироф этадилар. Масалан:
1. “Инжил” номи билан чиқарилган китобнинг “Сўзбоши” қисмида “Китобхонга тушунтиришлар”нинг охирида “Квадрат қавслар [...] ичида келтирилган гап бўлаклари Инжилнинг энг қадимий ва ишонарли қўлёзмаларида йўқ” деб ёзилган.
Бу жумлани ўқиган ҳар қандай одамнинг ақлига, бу китоб сохта ва ишонарсиз қўлёзмалардан олинган экан-да, деган фикр келади. Китобнинг ичига унинг аслида бўлмаган жумлалар ҳам киритилганини ўзлари ҳам эътироф этмоқдалар.
2. Бундай ўзгаришлар қандай қилиб кириб қолган бўлиши мумкин, деган савол туғилиши табиий. Бунга ҳам уларнинг ўзларидан жавоб олайлик.
“Рим империяси қулаб, Қайғули аср келганда, Муқаддас Китоб матнларини монахлар сақлаб қолдилар. Муқаддас Китобнинг бирор нусхаси эскириб қолганда, улар бир неча йиллар вақтларини сарф қилиб, янги нусхани яратардилар. Ҳар бир нусха қўлда кўчирилган. Бу машаққатли иш бўлиб, узоқ вақт сарф қилинган. Баъзан хатолар ҳам бўлган. Балки монахлар толиққанларида, ёки ишлаётганларида бино ёруғ бўлмагани учун шундай хатолар бўлган бўлиши мумкин. Баъзан котиб ҳатто онгли равишда ўзгартиришлар киритган. У Муқаддас Китобни ўз сўзлари билан баён қилиш мақсадида ёки матнни ўзи тушунганича баён қилмоқчи бўлган.” (Тим Доули. “Муқаддас китоб тарихи”. 16-бет. Ўзбекистон Библия жамияти. 2006 йил.)
3. “Шундай қилиб, Худо “янги бир аҳд” дейиш билан қадимги аҳднинг (яъни Библиянинг “Қадимги аҳд” қисми – изоҳ меники) эскирганлигини кўрсатди. Эскириб ва қариб бораётган нарса эса йўқ бўлиб кетиши муқаррардир.” (Инжил. “Ибронийларга мактуб”. 8:13)
Бу гаплар Христианлик асосчиси бўлган Павлуснинг гапларидир. Уларнинг энг улуғлари “бу китоб йўқолиб кетади”, деб турса-ю, булар “йўқолмайди, ўзгармайди” деб исботлашга уринишлари одамни ҳайратга солади.
4. Библия икки қисмдан: Қадимги аҳд ва Янги аҳддан иборат экани маълум. Лекин китоб бизгача тўлиғича етиб келмаган. Шу ўринда “Йўқолган китоблар”дан баъзисининг номларини келтирамиз. (Аслида “Йўқотилган китоблар” дейишимиз лозим эди. Лекин уларга оғир ботмасин, деган фикрга бордик)
ЙЎҚОЛГАН КИТОБЛАР
1. “Эгамизнинг жангномаси”.
“Шу сабабдан “Эгамизнинг жангномаси” китобида Суфа ерларидаги Воҳиб шаҳри ва сойликлар эсланади.” (“Саҳрода”. 21-боб. 14-жумла).
Буни шундай изоҳлашади: “Эгамизнинг жангномаси” китоби – қадимий жангнома қўшиқларнинг мажмуаси бўлиши мумкин. Бу китоб ҳозирги кунгача сақланиб қолмаган. (“Таврот”.296-бет. Ўзбекистон Библия жамияти. Тошкент. 2006 йил)
2. “Ёшур китоби”.
“Қуёш ҳам, ой ҳам қимирламай, халқ ўз душманларидан қасос олмагунча, осмонда тўхтаб тураверади. “Ёшур” китобида шу ҳақда ёзилган”. (“Ёшуа”. 10-боб. 13-жумла)
“Ёшур китоби”нинг номи “2-Шоҳлар” китоби, 1-боб, 18-жумласидан учрайди. Лекин ҳозирги кундаги Библия таркибида бу китоб йўқ.
3. 4. 5. “Сулаймоннинг 1005 саноси”, “Сулаймоннинг 3000 масали”, “Сулаймоннинг “Махлуқот тарихи” китоблари. (3-Шоҳлар, 4:32-33)
6. “Подшолик қонунлари”. (1-Шоҳлар. 10:25)
7. 8. 9. “Самуэлнинг тарих китоби”, “Натан пайғамбар тарихи”, “Кўрувчи Гаднинг тарих китоби”. (1- Солномалар. 29:30)
10. 11. “Шемая пайғамбар китоби”, “кўрувчи Иддо китоби” (2- Солномалар. 12:15)
12. 13. “Ахиё пайғамбар китоби”, “кўрувчи Иддонинг ваҳий китоби” (2- Солномалар. 9:29)
14. “Ҳаноний ўғли Ёҳув тарихи”. (2-Солномалар. 20:34)
15. “Ишаё пайғамбарнинг “Подшо Иззаёнинг ишлари ҳақида” китоби”. (2- Солномалар. 26:22)
16. “Ишаё пайғамбарнинг “Подшо Ҳазқиёнинг ишлари ҳақида” ваҳийси”. (2- Солномалар. 32:32)
17. “Армиё пайғамбарнинг Юшиёга марсияси”. (2- Солномалар. 35:25)
18. “Кунлар тарихи”. (Нахимиё. 12:23)
