Христианлик аслида монотоист (яккахудолик) эътиқодидаги бир диндир. Инжилларда ва бошқа ёзма диний манбаларда фикримизни тасдиқловчи маълумотлар мавжуд. Инжилларда Аллоҳнинг борлигидан баҳс юритилади: ...Сизлар-ку бир-бирингиздан таҳсин-тасанно олишни яхши кўрасизлар, лекин ягона Худованднинг таҳсинига сазовор бўлишга ҳаракат қилмайсизлар. Қандай қилиб ҳам ишона олардингиз? Юҳанно\5-боб; 44). Лекин яна айни матнлардаги бир туркум ифодалар ва мажозий фикрлар, кейинчалик христианликдаги учликка асосланувчи эътиқодга йўл очиб берган. Бу борада инжилни ёзганлар ва Ҳаз. Исо (а.с) орасидаги замон тафовутини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Зеро инжил котиблари ўзларигагина етиб келган ривоят ва маълумотларни тўплашиб, шу асосда китоб ёзганлар. Черков тўғри (каноник) деб топган инжил матнларида ҳам Ҳаз. Исо (а.с) “Тангрининг Ўғли”, Аллоҳ эса “Ота” деб келтирилади. Яна бу мантларда Ҳаз. Исо (а.с) бир пайғамбар деб келтирилса-да, уларда “пайғамбардан зиёда” қўшимчасини ҳам кўриш мумкин. Бундан ташқари инжилларда Ҳаз. Исо (а.с) нинг Аллоҳга дуо қилганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам бўлса-да, лекин таассуфлар бўлсинки, баъзи кишиларнинг унга сажда қилганликлари ва Исо (а.с) нинг уларнинг гуноҳларини мағфират қилганликлари ҳақидаги маълумотлар ҳам учрайди.
Инжилларда Аллоҳ ҳақидаги баёнлар, Ҳаз. Исо (а.с) га нисбатан берилган маълумотларга қиёсан жудаям камчиликни ташкил қилади. Бунинг билан бир қаторда Аллоҳнинг “еру-осмоннинг Яратувчиси” эканлиги ва “яккаю ягоналиги” ҳам билдириб ўтилган.
Христиан муқаддас китобларида “таслис” эътиқоди яққол кўзга ташланмайди. Лекин “Мен ва Ота биттамиз”, “Отамизнинг руҳи” “Аллоҳнинг руҳи” каби ифодалар, даврлар ўтиши билан Аллоҳ билан бир қаторда Ҳаз. Исо (а.с) ҳамда Муқаддас Руҳнинг ҳам тангри, деб билинишигача бўлган эътиқодларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Бу эътиқодни илк бошлаб берган киши, ҳаворийларга кейинчалик қўшилган – Авлиё Павел бўлган. “Ҳаз. Исо (а.с) замонасининг энг буюк дин одами” дея таърифланган Павел, бугунги кундаги христианликнинг қурувчиси, деб билинади. Замонамиз уламолари фикрига кўра, ҳозирги кундаги христианлик Ҳаз. Исо (а.с) нинг таълимотларидан ҳам кўра кўпроқ, Павелнинг фикрларига таянади. Ҳатто айтиш мумкин бўлса, сўнгги асрларда ҳам христианлар, диний эътиқодларини инжиллардан ҳам кўра кўпроқ унинг ёзувларига асосладилар. Павелнинг талқинлари, Аллоҳни эмас, Исо (а.с) ни асосий эътиборда тутади. Унга кўра Ҳаз. Исо (а.с) фақатгина оддий бир инсон эмас, Тангрининг қудрати билан қайта тирилтирилган Зот эди. Унинг фикрига кўра Исо (а.с) ҳақиқий Масиҳ эди. Павел Исо (а.с) нинг туғилиши, ҳаёти, талқин ва фаолиятларига эътибор қаратмаган. У кўпроқ Ҳаз. Исо (а.с) нинг хочга михланиши ва яна қайта тирилиши мавзуси билан шуғулланган. Исо (а.с) ҳақида кўп тўхталмаган бўлса ҳам, Павел “аслий гуноҳ” эътиқодига келганида, жуда ҳам нозик ҳаракат қилган. Унга кўра инсон, қаттиқ Таврот ғайрати билан эмас, Исо (а.с) ўлими ва қайтадан тирилиши билан ўзини бутунлаштирган ҳолда вафтиз орқалигина қутила олиши, нажот топиши мумкин.[2]
Павелга кўра Тавротнинг мақсади, бир ойнада суратнинг акс этиши каби, инсонга гуноҳкор табиати кўрсатиш эди. Ўлимнинг сабаби эса гуноҳ ва Павел, гуноҳнинг келиб чиқишини инсониятнинг отаси бўлмиш Одам (а.с) нинг итоатсизлигига олиб бориб тақар эди (Павелнинг Римликларга мактуби\5-боб; 18-21).[3] Бу аслий гуноҳ эътиқоди фақатгина Павелнинг эмас, кўпгина яҳудийлар дин олимларининг ҳам фикрларидан бири эди. Лекин бу фикр христианларчалик, яҳудийлар орасида катта эътибор кўрмаган.
Павелнинг фикрича, барча инсонлар туғма гуноҳкордирлар. Зеро Павел, “аслий гуноҳ” эътиқодини шу нуқтадан бошлаб берган. Унга кўра ҳар бир туғилган инсон фарзанди Одам (а.с) еб қўйган, таъқиқланган меванинг гуноҳи натижасида дунёга келади.[4] Бу гуноҳ уларнинг қилган ёмон ишлардан эмас, кирли ва гуноҳкор табиатларидандир. Лекин Ҳаз. Исо (а.с) инсонларнинг табиатидаги бу салбий ҳолатга чора топган. Ҳаз. Исо (а.с.) нинг ўлими бутун инсониятнинг гуноҳи учун каффорат бўлиш билан бирга, ўз навбатида ўзини – ўзи қурбонлик қилиш ҳам эди. Лекин унинг яна қайта тирилиши, бу каффоратнинг ўлим ва гуноҳ устидан зафарига айланган. Ҳаз. Одам (а.с) ва Ҳаз. Исо (а.с) инсониятнинг икки тимсолидир. Улардан бири (яъни Одам а.с) инсониятга гуноҳ-маъсият қилиш ҳиссини бағишлаган бўлса, иккинчиси (Исо а.с) бу гуноҳдан қутулиш – халос бўлиш йўлини кўрсатган. Бу йўл эса – вафтиздир. Киши вафтизда[5] Исо (а.с) нинг ўлим ва қайтадан тирилиши билан ўзини бутунлаштирган ҳолда нажот топади.[6]
Аслида Исо (а.с) нинг кимлиги ва қайтадан тирилиши мавзусидаги Павелнинг фикр ва мулоҳазалари, ўзи билан бирга бир қанча муаммоларни ҳам келтириб чиқарган. Бу муаммолар, шундай тартибга келтирилиш мумкин: Исо (а.с) нинг Тангри ва инсон билан боғлиқлиги қандай?
Унга оддий бир инсон ёки Тангри сифатида қаралиш мумкинми?
Ёки у, қисман Тангри, қисман эса инсонми?
У, бир жиҳатдан “Тангрининг бир махлуқи” ёки ундан келиб чиққан бир борлиқми?
Маданий асослари бошқа бўлса ҳам, барча инсонлар гуноҳкор ва Исо (а.с) нинг йўлидан юрмаганликлари учун дунё имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланадиларми?
Одам (а.с) дан тарқалган барча инсонлар, тўғридан-тўғри гуноҳкор бўлганликлари сабабли, Исо (а.с) нинг ўлим ва қайта тирилиши билан ҳукм қилинадиларми?
Йигирма аср ўтган бўлишига қарамасдан бу саволларга ҳали-ҳануз аниқ бир жавоб берилмаган. Юқоридаги саволлар, христианликда сон-саноқсиз тушунча оқимлари, мазҳаб ва фирқаларнинг юзага келишига сабаб бўлган.
Исо (а.с) нинг табиати, учлаш-таслис, Муқаддас Рух, аслий гуноҳ, хатна ва яҳудий диний анъаналаридаги бир қанча таъқиқларнинг бекор қилиниши каби мавзулардаги тортишувлар, бўлинишлар, мазҳаблар ва ҳали ҳам давом этаётган узилишлар, йўлдан озишлар, ажралишлар ҳам каттагина нисбатда Павелнинг фикрларидан ва христиан муқаддас китобларидаги бир қанча ўзгачаликлардан келиб чиққан.
Бугунги христианлик, кўриб турилганидек, Авлиё Павелнинг таъвил ва фикрларига асосланади.
Аслида инжиллардаги “...отамдан эшитганим”, “...менга берган сўзларинг”, “инжиллар” каби бир қанча сўзлар эътиборга олинадиган бўлса, бугунги кунда христианларнинг қўлидаги инжиллардан олдин ҳам қандайдир бошқа инжилларнинг мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Лука инжили (Лука инжили, христианларга кўра энг ишончли инжил, деб билинади) нинг бошидаги қуйидаги жумлалар, бу борада янада аниқлик бағишлайди: “Орамизда авж олган воқеаларни ҳикоя қилишга киришган кўпчиликнинг ташаббуслари маълумдир. Бу бўлиб ўтган ҳодисотларни бошданоқ ўз кўзлари ила кўриб, бизга нақл қилган кишилар Илоҳий Каломнинг шоҳиду хзиматкорлари бўлмишлар. Шундай қилиб, мен ҳам бошидан ҳаммасини синчиклаб текширганимдан кейин, эй муҳтарам Теофил, бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб ила сизга ёзиб беришни муносиб кўрдим, токи сиз берилган маълумотларнинг жуда асосли эканини билингиз.” (Лука\1-боб; 1-4).
Ажабланарли томони шундаки, энг муҳим инжил ёзувчиси бўлган Луканинг Павелнинг шогирди эканлигидир. Шундан келиб чиқиб муқаддас матнлар, илк черков, илк христианлик эътиқодлари, кисқаси бутунлай христианлик Павелнинг ўзи асос солган “асари”дир. Христианликдан Павел олиб келганлар ҳукм ва эътиқодлар чиқариб ташланса, унда ўз-ўзидан Исо (а.с) пайғамбар; Аллоҳ ягона; хатна мавжуд; чўчқа гўшти ҳаром, каби ҳукмлар қолади. Демак асли сақланиб қолмаган, ўзгартирилган бўлса ҳам инжил хос христианликда тавҳид изларини топиш мумкин (учлаш эътиқоди кейинчалик юзага келган). Бу тарздаги холис христианлик –гарчи уни христианлар қабул қилсаларда- Барнаба инжили ва эбионитларнинг муқаддас матнларида янада равшан бир шаклда кўзга ташланади.
[1] Расулларнинг ишлари\11-боб; 26
[4] Битта одам дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳдан эса ўлим пайдо бўлди ва бутун инсониятга ўтди. Маълумки, ҳамма гуноҳ қилган.... Аммо яна тўғриси, ягона бир Одам, яъни Исо Масиҳ соясида одамлар энди Худонинг чексиз иноятига эришиб оқланадилар ва ҳаётда ҳукм сурадилар. (Римликларга\5-боб; 12 ва 17).
Бизнинг яъни Ислом таълимотига кўра инсон пок ва бегуноҳ ҳолда туғилади ва дунёда қилган ҳар бир амали учун ўзига оид бўлган савоб ёки гуноҳ олади. Бунга Пайғамбаримизнинг мана бу мазмундаги ҳадиси шарифлари ҳам мисол бўлади: “Ҳар бир инсон фарзанди ислом фитрати устида туғилади. Сўнгра уни ота-онаси яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади.”
[5] Вафтиз – сувда иймон келтириш. Юнонча аслидаги сўзнинг маъноси “сувга ботмоқ, чўммоқ” демакдир. Инжилларда келтирилишича, Исо (а.с) ни Раббим ва Қутқарувчим деб қабул қилган киши сувга чўмиб, одамлар олдида иймонига иқрор бўлиши керак. (Матто\3-боб; 28-боб; 19, Марк\16-боб; 16, Ҳаворийларга 2-боб; 38, 8-боб; 26-40, Бутрус 3-боб; 21, Римликларга 6-боб; 3-4, Галатияликларга\3-боб; 27).
[6] Павелнинг Римликларга мактуби\ 5-боб; 18-21, Галатияликларга\ 2-боб; 3-15, I-Коринфликларга 15-боб\ 2-13.
