Насронийликнинг дастлабки даврларига оид ёзма манбалар орасида Инжил китоблари умуман учрамайди. Улар фақат Павелнинг мактублари ёзиб тугатилганидан кейинги даврларда пайдо бўла бошлаган. Аниқ фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, Инжил матнлари эрамизнинг 2-асри ўрталари, тўғрироғи 140 йилдан кейин йиғила бошланди.
Ваҳоланки «эрамизнинг 2-асри бошиданоқ аксарият насронийлар Павелнинг кўплаб мактубларини билишар эди». Бу маълумотлар 1972 йил нашр қилинган «Муқаддас китоб, Янги Аҳднинг экуменик таржимаси» (Introduction à la Traduction oecuménique de la Bible, Nouveau Testament) китобининг кириш қисмида ёзилган. Экуменик таржима ҳақида икки оғиз: бу китоб насронийликнинг Католик ва Протестант оқимларига мансуб юздан ортиқ мутаҳассислар томонидан тайёрланган жамоавий меҳнат натижаси ҳисобланади.
Эрамизнинг 2-асрида ёзиб тугатилса-да, Инжил расмий (каноник) мақомга эга бўлишдан аввал дарров машхур бўлиб кетгани йўқ. Экуменик таржимада ёзилишича, ундаги маълумотлар тахминан эрамизнинг 2-асри ўрталарида ёзилган Инжилдан олинган. Аммо «бу чиндан ҳам 2-асрга оид китоблардан сўзма-сўз кўчирилганми, ёки ўша китобларни ўқиган муаллифларнинг хотираларида сақланган оғзаки хабарлар асосида ёзилганми, бир нарса дейиш қийин».
«Эрамизнинг 140-йилидан олдин Инжил матнлари тўпламининг мавжудлиги ҳақида ҳам бирон бир аниқ тасаввур йўқ эди»,- деб ёзилади Муқаддас китобнинг ўша таржимасидаги кириш қисмида. Бу эса 1960 йилда А.Трико ўзининг Янги Аҳд таржимасига ёзган кириш сўзида билдирган фикрга тескари. А.Трико ёзади: «Жуда эрта даврларда, тахминан эрамизнинг 2-асри бошлариданоқ «Инжил» деган тушунча шакллана бошлади ва бу Муқаддас Юстин эрамизнинг 150-йилида «Ҳаворийларнинг хотиралари» деб номланган китоблар тўпламини англатарди». Афсуски, бу каби маълумотлар шунчалик кўпки, натижада оддий одамлар орасида Инжилнинг яратилиш санасига оид нотўғри тасаввур шаклланиб бўлди.
Инжил яхлит китоб сифатида «жуда эрта» шаклланмаган; бу воқеа Ийсо фаолияти якунидан бир асрдан кўпроқ вақт ўтмагунча рўй бермагани аниқ. Муқаддас китобнинг экуменик таржимасида таҳмин қилинишича, тўрт инжилнинг расмий (каноник) мақомга эга бўлиши эрамизнинг 170-йилларида рўй берган. Юстиннинг Инжил муаллифларини «Ҳаворийлар» деб аташи ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди, бу мавзуга биз кейинги саҳифаларимизда яна қайтамиз.
Инжилларнинг ёзилиш саналари борасида фикр билдириладиган бўлса, А.Трикот Матто, Марк ва Лука инжилларини эрамизнинг 70-йилидан олдин ёзилган деб даъво қилади, аммо бу тўғри эмас. Ҳарҳолда Маркдан бошқалари учун тўғри эмаслиги аниқ. Улардан кейинги муаллифлар борасида эса А.Трикот Ийсога бўлмаса, «Ийсонинг шогирдларига ҳаворий бўлишган» деган таърифни ишлатади. Шундан келиб чиққан ҳолда матнларнинг ёзилиш саналарини ҳам Ийсо яшаган даврга жуда яқин қилиб кўрсатади. Юҳанно ҳақида гапирар экан, А.Трикот унинг яшаш даврини тахминан эрамизнинг 100-йиллари деб ишонтирмоқчи бўлади, насронийлар эса Юҳаннонинг диний маросимлар чоғида доим Ийсо билан ёнма-ён тасвирланган суратларини кўришга ўрганиб қолишган. Лекин унинг номи нисбат бериладиган Инжилни айнан Юҳанно ёзгани ҳақида бирон бир аниқ маълумот йўқ. А.Трикот учун, худди Инжилнинг бошқа муфассирлари каби, Ҳаворий Юҳанно (худди Матто каби) ўзи ёзган маълумотларнинг гувоҳи деб расман тан олинади, ваҳоланки танқидчиларнинг аксарияти тўртинчи Инжилни айнан у ёзгани ҳақидаги фаразга қўшилишмайди.
Агар бу тўрт Инжил кўпчилик тахмин қилганидек ҳаворийларнинг ёки Ийсо издошларининг хотиралари эмас дейиладиган бўлса, унда уларнинг келиб чиқиши ҳақида нима дейиш мумкин?
О.Кульманн ўзининг Янги Аҳд (Culmann: Le Nouveau Testament) асарида Инжил муаллифларини «Илк насронийлик жамиятининг оғзаки ривоятларини қоғозга тушурувчилар» деб таърифлайди. Кульманнинг фикрича ўттиз ёки қирқ йил давомида Инжил деярли фақат оғзаки шаклда мавжуд бўлиб, асосан қисқа хабарлар ва ҳикматли сўзлар йиғиндиси ҳисобланган. Инжил муаллифлари эса уларни жамлаб, ўз қарашлари ва ўз диний тасаввурларига кўра бир-биридан фарқли китоблар кўринишига келтиришган. Яъни, Инжил кўринишини олган ривоятлар аввал бир-биридан тарқоқ ва оғзаки нутқдагина мавжуд эди холос. Бугунги Инжил ҳолига келтириш учун эса унинг муаллифлари Ийсонинг гапларини йиғиб, бу гапларни «шундан сўнг», «бу воқеадан кейин» ва ҳоказо боғловчилар билан ҳикоя кўринишига келтиришган. Бошқача қилиб айтганда, Синоптик Инжилларнинг бугунги шакли тарихий ҳужжатларга эмас, балки кўпроқ адабий тартиб-қоидаларга суяниб ёзилган».
Муаллиф яна ўз фикрида давом этади:
«Шуни унутмаслик керакки, дастлабки қавмлар учун Ийсонинг ҳаёти тафсилотларини қоғозга тушириш пайтида унинг биографик маълумотларидан кўра таълимотлари, ибодат тартиби ва даъват йўлларига эътибор қаратиш муҳимроқ ҳисобланган. Ҳаворийлар Ийсонинг ҳаётидаги воқеаларни тасвирлаш орқали ўзлари тарғиб қилаётган диннинг ҳақиқатини кўрсатишга уринишган. Айнан диний маросимларни оммага тарқатиш мақсади бу китобларнинг ёзилишига асосий сабаб вазифасини ўтаган. Илк Черков даврида айнан Ийсонинг гаплари асосида тузилган савол-жавоблар орқали диний таълим берилди».
Инжилларнинг ёзилишига Муқаддас китобнинг экуменик таржимаси ноширлари томонидан берилган шарҳ мана шу: Ийсо ва унинг атрофидаги издошларининг таълимоти таъсирида оғзаки даъват шакллари ҳосил бўлди; шу оғзаки давъат кўриниши натижасида Инжил китоблари ёзилиб, диний маросимлар ва даъват чоғида улардан фойдалана бошланди; Ийсонинг сўзлари, унинг ҳочга михланиши ва ҳ.к. каби алоҳида нуқталарга маълум ўзгартиришлар киритилиб, бошқа диний оқимлар вужудга келишига имконият яратилди; кейинги Инжил муаллифлари ҳам ўз китобларини ёзиш чоғида нафақат аввалги ёзма матнларни, балки мавжуд оғзаки ривоятларни ҳам асос қилиб олишди. Уларнинг бу ишларидан мақсад шундай Инжил ёзиш эдики, у «турли оқимларга мос тушсин, Черковнинг талабларига жавоб берсин, матнларга берилган изоҳ ва таърифларни тушунтириб ўтсин, хатолардан бутунлай ҳоли бўлсин ва хатто баъзи ўринларда душманларнинг эътирозларига ҳам жавоб қайтарсин. Шу тариқа Инжилнинг ҳар бир муаллифи оғзаки даъват орқали етиб келган анъаналарни ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда тўплаган ва қоғозга туширган».
Инжилнинг ёзилиши борасидаги бу фикр ҳам Католик, ҳам Протестант черковларига мансуб юздан ортиқ Янги Аҳд муфассирлари томонидан бир овоздан маъқулланган. Лекин 1962-1965 йиллар оралиғида Иккинчи Ватикан Кенгаши томонидан Ваҳийлар борасида қабул қилинган ҳужжат бутунлай бошқа нарсани даъво қилади. Биз бу ҳужжатга Эски Аҳд ҳақида гапирганимизда аллақачон тўхталиб ўтдик. Кенгаш Эски Аҳд китобларида «номукаммал ва эскирган маълумотлар бор»лигини тан олган бўлса ҳам, Инжил ҳақида бунақа фикр билдирилмаган. Аксинча, Инжил ҳақида биз унда қуйидаги жумлаларни ўқиймиз:
«Барча матнлар орасида, ҳатто Янги Аҳддаги матнларни ҳам қўшиб ҳисобласак, ишончлилиги бўйичи Инжил етакчи ўринларни эгаллашга ҳақли экани ҳаммага яхши маълум. Бунинг сабаби шундаки, Инжил китоблари Худонинг каломи орқали туғилган, бизнинг қутқарувчимиз ҳисобланувчи зотнинг ҳаёти ва таълимотлари ҳақида ишончли гувоҳлар томонидан қоғозга туширилган. Ҳамма замонларда ва ҳамма ерда Черков мана шу тўрт Инжилнинг ҳаворийларга бориб тақалувчи асл матнини ҳимоя қилиб келган ва ҳозир ҳам ҳимоя қилиб келмоқда. Ҳаворийлар Ийсонинг талабларига кўра ниманики даъват қилган бўлишса, бу улар ёки уларнинг издошлари томонидан бизга етиб келганми, ҳаммаси Муқаддас Руҳ илҳоми билан ёзилган ва динимизнинг асосини ташкил қилади. Бу тўрт Инжил – Матто, Марк, Лука ва Юҳанно Инжилларидир».
Матннинг давомида яна шундай ёзилган: «Энг буюк қатъийлик билан бу тўрт Инжилни тарихий жиҳатдан ишончли, диний жиҳатдан Худонинг ўғли Ийсо одамлар орасидаги ҳаёти даврида то самога кўтарилгунича абадий қутилиш ҳақида таълим берган ва ўзи бажарган амаллар йиғиндиси эканини бизнинг муқаддас онамиз бўлмиш Черков даъво қилиб келган ва ҳозир ҳам даъво қилмоқда. Муқаддас матн муаллифлари тўрт инжилни шу услубда ёзишганки, у Ийсо ҳаёти хусусида бизга доим тўғри ва ҳақиқий маълумотларни тақдим этади».
Инжилнинг Ийсога нисбат берилишида қанчалик ишончли китоб экани борасидаги қатъий фикр мана шундан иборат. Лекин Расмий Кенгаш бу баёноти ва юқорида тилга олинган бошқа муаллифларнинг фикрлари бир-бирига асло мос тушмайди. Масалан:
Инжил матнларини «сўзма-сўз қабул қилмаслик керак», улар «вазиятга мослаштириб ёзилган» ёки «қурол матн». Уларнинг муаллифлари «Ийсонинг таълимотларини ўзлари мансуб бўлган жамиятдаги қарашлардан келиб чиққан ҳолда ёзишган» (руҳоний Канненгиссер).
Инжил матнлари шунақа талаб остида ёзилганки, улар «турли оқимларга мос тушсин, Черковнинг талабларига жавоб берсин, матнларга берилган изоҳ ва таърифларни тушунтириб ўтсин, хатолардан бутунлай холи бўлсин ва хатто баъзи ўринларда душманларнинг эътирозларига ҳам жавоб қайтарсин. Шу тариқа Инжилнинг ҳар бир муаллифи оғзаки даъват орқали етиб келган анъаналарни ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда тўплашган ва қоғозга туширишган (Муқаддас Китобнинг экуменик таржимаси).
Кўриниб турибдики, бу ерда бир-бирига қарама-қарши фикрлар билдирилган: биттаси Кенгашнинг баёноти, бошқаси бизнинг замонамизда шаклланган қарашлар. Иккинчи Ватикан Кенгаши баёнотидан кўриниб турибдики, Инжилда Ийсонинг сўзлари ва ишлари тўғри ҳикоя қилинган. Лекин матндаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, мантиқсизликлар, табиатда умуман учрамайдиган нарсалар ва аллақачон исботланган фактларга тескари борувчи маълумотлар кишини ажаблантиради.
Лекин агар Инжил турли жамиятларга қарашли оғзаки ҳикояларни тўплаган муаллифларнинг шахсий қарашлари сифатида таҳлил қилинса, унинг матни «вазиятга мослаштириб ёзилган» ёки «қурол матн» сифатида баҳоланса, ундаги хатолар қаердан келгани ўз-ўзидан ойдинлашади ва бу ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бу хатоларнинг изоҳи шуки – Инжил одамлар томонидан биз юқорида айтиб ўтган шароитларда ёзилган. Муаллифлар балки ўз китобларини у ердаги фактларнинг ҳақиқийлиги билан қизиқмасдан чиндан ҳам холис тайёрлашгандир, лекин бугунги Инжил бир-бирига зид матнларга тўла ва балки турли диний жамиятларнинг масалага ўз қарашлари сифатида қўлимизга етиб келган. Яъни, тан олиш керак, Инжил матнлари бир-биридан фарқли жамиятларда бир-биридан фарқли услубда тайёрланди.
Тарихий фактлар ҳам Инжил матнларига айнан шунақа муносабат кўрсатиш тўғри бўлишини тасдиқлаб турибди. Бевосита матнларнинг ўзи ҳам буни исботлаши мумкин.
Матто Инжили
Матто Инжили, бу Инжил китобларининг Янги Аҳддаги жойлаштирилиш тартибига кўра биринчи ўринда турувчи китоб. Унинг айнан биринчи ўринга қўйилиши Матто Инжили матнининг гўёки Эски Аҳднинг давоми сифатида қаралиши билан изоҳланади. Биз бундан буён энди кўп мурожаат қиладиган Муқаддас китобнинг экуменик таржимаси муфассирларининг фикрича, Матто Инжилининг ёзилишидан мақсад «Ийсо Исроилнинг тарихий орзуларини бажарганини» намойиш этиш бўлган. Шунинг учун Матто доим Эски Аҳддан иқтибослар келтиради ва Ийсо айнан яҳудийлар кутган Масиҳ эканини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади.
Бу Инжил Ийсонинг насл-насаби билан бошланади. Матто уни Довуд орқали Иброҳимгача олиб боради . Лекин бу матнда битта хато борки, уни нимагадир барча муфассирлар кўрмаганга олиб ўтиб кетишади. Ийсони Довуд орқали Иброҳимга тақаган Матто мана шу дастлабки маълумот билан ўз китобининг асл мақсади нима эканини кўрсатмоқчи бўлади. Ўз фикрини бир йўналишга солиб олгач, муаллиф кейин ундан чекинмай ҳаракат қилади ва доим Ийсонинг яҳудийлар жамиятига алоқаси катталигини биринчи планга олиб чиқади. Китобда буни ибодат, рўза тутиш, хайрия қурбонликлари каби ҳикояларда ҳам кўришимиз мумкин.
Ийсо ўз таълимотини энг аввал ўз халқига қаратган. Масалан, унинг ўн икки ҳаворийсига қандай мурожаат қилишига эътибор беринг:
«Ийсо бу ўн икковини жўнатиб, буйруқ берди: «Мажусийлар йўлига оёқ босманглар ва самарияликларнинг бирон шаҳрига кирманглар. Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар» (Матто, 10: 5-6).
Ва яна:
«Ийсо эса жавоб бериб: «Мен фақат Исроил халқининг адашган қўйлари ҳузуригагина юборилганман»,- деди» (Матто, 15: 24).
Фақат Инжилнинг охиридагина Матто Ийсо шогирдларининг ҳаворийлик масаласи бутун инсониятга қаратилгани ҳақида гапиради. Матто Инжилида Ийсо қуйидагича буйруқ беради:
«Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўмилтириб, иймонга киритинглар» (Матто, 28:19).
Кўриниб турибдики, Ийсо таълимоти дастлаб «Исроил халқи»га қаратилган эди, холос. А.Трико ҳам Матто Инжили ҳақида қуйидагича фикр билдиради: «Бу китобга гўё юнонча либос кийдирилган, аммо унинг эти ва суяги яҳудийча, руҳи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Китоб яҳудийча хусусиятга эга ва буни пайқаш қийин эмас».
Битта мана шу изоҳнинг ўзига асосланиб айтиш мумкинки, Матто Инжилининг келиб чиқиши ҳойнаҳой илк яҳудо-насроний иттифоқларидан бирига бориб тақалади. О.Кульманнинг фикрича, бу иттифоқ «яҳудийликдан ажралиб чиқишга ҳаракат қилган, аммо айни пайтда Эски Аҳдга ишонишда давом этарди. Бу Инжилнинг асосий фикрлари ва умумий кайфияти вазиятнинг қанчалик мураккаб эканини кўрсатади».
Матнда шунингдек сиёсий жиҳатлар ҳам сезилади. Римликларнинг Фаластинни босиб олишлари бу мамлакатнинг озодликка эришиш истагини кучайтирди. Улар Худога ибодат қилиб, бошқалар орасидан Ўзи танлаган халққа ён босишини сўрашади, чунки У одамларга кўмак беришга қодир энг қудратли Зот ва аввал ҳам тарих давомида бир неча маротаба меҳрибончилигини намойиш этган.
Матто ўзи қанақа одам? Очиғини айтиш керак, бугунги келиб у энди Ийсонинг ҳаворийларидан бири сифатида қаралмайди. Лекин А.Трико Янги Аҳд таржимасига ёзган изоҳларида (1960) уни барибир Ийсонинг издоши сифатида таърифлайди: «Ийсо уни ўз шогирдларидан бири бўлишга чақирганида, эски исми Леви бўлган Матто Кафарнаҳумдаги божхонада солиқ йиғиш билан шуғулланиб юрган солиқчи эди». А.Трико бу ерда Черков асосчилари – Ориген, Иероним ва Епифаннинг фикрини акс эттирмоқда.
Лекин бу фикр бугунги келиб ўз кучини йўқотган. Битта нарса аниқ: Матто ўз Инжилини «юнонча сўзлашадиган, аммо яҳудийча урф-одатларга амал қиладиган ва оромий тилини биладиган одамлар учун ёзган».
Инжилнинг Экуменик таржимаси муфассирларининг қарашларига кўра бу Инжилнинг келиб чиқиш тарихи қуйидагича:
«Бу китоб Сурияда ёзилган деб ишонилади, ёки Антиохияда… ёки Финикияда, чунки бу давлатларда жуда кўп яҳудийлар истиқомат қилишган… бизда ортодоксал яҳудийликка қарши фарзийларда душманлик кайфияти бўлгани ҳақида хабарлар етиб келган, бу кайфият эр.ав. 80-йилда Яманда ўтган яҳудий синагогалари кенгашида ҳам яққол кўринган. Шу фактларни ҳисобга олган ҳолда кўплаб муаллифлар дастлабки Инжилларни эр.ав. 80-90 йилларга ёки янаям эртароққа нисбат беришади. Бу ерда аниқ санани белгилашнинг имкони йўқ, чунки биз муаллифнинг исмини билмаймиз. Демакки, бу ҳақда Инжилнинг ўзида берилган баъзи қораламалар билан қаноатланишга мажбурмиз».
Муаллифни унинг касбидан ҳам аниқлаш мумкин. У яҳудийларнинг ёзма ва оғзаки адабиётидан яхши хабардор, у ўз халқининг диний етакчиларини танийди ва ҳурмат қилади, аммо баъзи ўринларда қоралайди ҳам. У Ийсонинг таълимотини ўз тингловчиларига етказиш ва шарҳлаш санъатининг устаси сифатида машхур. У Ийсонинг таълимотини ҳаётга амалий жиҳатдан тадбиқ қилиш тарафдори. Бу хусусиятларига кўра муаллифни насронийликни қабул қилган ўқимишли яҳудий, Маттонинг ўзи таърифлаган «уй эгаси» тимсолига қиёслаш мумкин:
«Ийсо шогирдларига: «Демак, Осмон шоҳлиги тўғрисида таълим-тарбия олган ҳар бир уламо ўз ҳазинасидан янги ва эски нарсалар чиқарадиган уй эгасига ўхшайди»,- деди» (Матто, 13:52).
Марк ва Лука томонидан Леви исми билан аталган Кафарнаҳумдаги оддий ишчининг ўн икки ҳаворийлардан бири даражасига кўтарилиши чиндан-да анча узоқ масофа…
Матто ўз Инжилини Марк ва Лука фойдаланган манбалардан фойдаланиб ёзгани ҳақида ҳамманинг фикри бир жойдан чиқади. Лекин хали яна қуйида кўриб ўтамизки, унинг матни кўп нуқталарига кўра ажралиб туради. Энг қизиғи, Матто Маркдан жуда кўп ўзлаштирган, ваҳоланки, Марк Ийсонинг шогирдларидан бири сифатида эътироф этилмайди (О.Кульманн).
Матто матн билан жуда эркин ишлаган. Биз буни китобнинг бошида келтирилган Ийсонинг насл-насаби Эски Аҳд билан солиштирилганда кўришимиз мумкин, Матто ўша ўринда ишониш қийин бўлган ғаройиб нарсалар ҳақида гапиради. «Ғаройиб» сифати юқорида номи келтирилган руҳоний Канненгиссернинг ишида тилга олинган бўлиб, тирилиш воқеасининг тафсилотларидан бирига – соқчилар билан боғлиқ матнга нисбатан ишлатилган. Унинг фикрича, қабр бошидаги соқчилар тўқима образ бўлиб, ўз китобида руҳоний Канненгиссер бу «худосиз соқчилар» қанақасига «ўз раҳбарлари эмас, балки уларга ёлғон гапириш учун пул тўлаган олий руҳонийларга бўйсунишлари мумкин?» деб сўрайди. Сўзининг охирида эса руҳоний қуйидаги фикрни илова қилади: «Бунга ажабланмаслик керак, чунки Маттонинг нияти жуда жиддий бўлган. У ўз китобига оғзаки ривоятлар орқали етиб келган эски воқеаларни киритар экан, ўзига хос йўл тутади. Бунинг натижасида биз «Ийсо масиҳ – суперюлдуз» деган ўхшатишга арзийдиган матнга эга бўламиз. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, Матто ҳақидаги бу фикрлар Париждаги католик Институтида (Institut Catholique de Paris) дарс берувчи етакчи диншунослар томонидан билдирилмоқда.
Матто Инжилида Ийсонинг жон беришига сабаб бўлган воқеалар тафсилоти ҳам берилган. Бу ерда ҳам муаллифнинг уйдирма гапларни ёзганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
«Шу ондаёқ маъбаддаги парда юқорида пастгача иккига бўлиниб, йиртилиб кетди. Ер ларзага келди, тошлар ёрилди. Қабрлар очилиб, талай раҳматли азизу авлиёларнинг жасадлари тирилиб кетди. Улар қабрларидан чиқиб, Ийсо қайта тирилганидан кейин табаррук шаҳарга кириб, кўпларга кўриндилар» (Матто 27: 51-53).
Бу парчада берилган гаплар бошқа Инжилларда учрамайди. Тасаввур қилиш қийин, нима учун Ийсонинг жон бериш вақтида (Инжилда айтилишча бу шанба арафасига тўғри келади) «талай раҳматли азизу авлиёларнинг жасадлари тирилиши» рўй берадию, «уларнинг қабрларидан чиқиши» учун Ийсонинг қайта тирилишини (ўша маълумотларга кўра бу воқеа шанбадан бир кун кейинга тўғри келади) кутишлари керак?
Бутун Инжил муаллифларининг Ийсога нисбат берган сўзлари орасида энг ишониб бўлмайдигани ҳам ҳойнаҳой Матто Инжилида учраса керак. Китобнинг 12 боб 38-40 саноларида Ийсо Юнуснинг аломатлари ҳақида хабар беради. Бу вақтда Ийсо уламолар ва фарзийлар билан бирга эди.
«Шунда уламолар ва фарзийлардан баъзилари Ийсога: «Устоз, биз Сендан шуларнинг бирон-бир далилини кўрмоқчимиз», - дедилар. Ийсо уларга жавобан деди: «Бу ёвуз ва субутсиз насл далил излаяпти, лекин Юнус пайғамбарнинг аломатидан бошқа унга далил берилмайди. Юнус пайҳамбар уч куну уч тун кит қорнида бўлгани каби, инсон ўғли ҳам худди шундай уч куну уч тун ер бағрида бўлади» (Матто, 12: 38-40).
Ийсо шу ўринда ер бағрида уч куну уч тун бўлиши ҳақида хабар беряпти. Демак, Матто ҳам, Лука ва Марк ҳам Ийсонинг жон бериши ва кўмилишини шанба куни арафасида бўлган деб таъкидлашмоқда. Шунда унинг ерда уч куни уч тун (юнонча матнда treis êmeras) бўлгани келиб чиқади, аммо бу вақт уч тун (юнонча матнда treis nuktas) эмас, балки фақат икки тунни ўз ичига олиши мумкин холос .
Инжил муфассирлари бу ҳолатга кўпинча эътибор бермай ўтиб кетишади. Аммо руҳоний Роге бу тушунмовчилик ҳақида гапириб, Ийсо қабрда фақат уч кун (шулардан биттаси тўлиқ) ва икки тун қолган, деб даъво қилади. Аммо шуни ҳам илова қиладики, «Инжил матнида ишлатилган жумла шунчаки ибора холос, аслида эса фақат уч кунни билдиради». Муфассирларнинг бу каби мантиқсиз оқловларни ишлатаётганларини кўриш ачинарли. Ваҳоланки, ҳеч бўлмаса буни кўчириб ёзиш чоғидаги хато деб айтиш ҳам мумкин эди, тепадаги оқловга қараганда бу айнан шу жумлага нисбатан ишончлироқ ҳам чиқарди.
Ушбу хатоларни ҳисобга олмаса, Матто Инжилининг ўзига хос энг асосий хусусияти шундаки, у яҳудийликдан ажралиб чиқаётган, аммо Эски Аҳдга ишончини йўқотмаган Яҳудо-насронийлик иттифоқининг китоби ҳисобланади. Шунинг учун Матто Инжилини Яҳудо-насронийлик тарихига оид муҳим ҳужжатлардан бири сифатида эътироф этса бўлади.
Марк Инжили
Тўрт Инжил орасидаги энг қисқаси бўлган Марк Инжили энг қадимийси ҳам ҳисобланади, аммо уни Ҳаворийлардан бири ёзган дейиш нотўғри. Нари борса, ҳаворийларнинг шогирдларидан бири ёзган бўлиши мумкин.
О.Кульманн Маркни Ийсонинг шогирдларидан бири ҳисобламаслигини ёзган. Лекин бу Инжилни Маркка нисбат берувчиларга мурожаат қилиб айтадики, «Агар Маркнинг Инжили Ҳаворийлардан бирининг таълимотига асосланганини билишмаганида, Матто ҳам, Лука ҳам бу Инжилдан фойдаланмаган бўлишарди». Лекин бу далил аниқ эмас. О.Кульманн ўз фикрига исбот тариқасида Янги Аҳдда тилга олинган «Марк лақабли яҳудий»нинг гапларидан жуда кўп ҳужжатлар келтиради. Лекин бу ҳужжатларда Инжил муаллифининг исми тилга олинмаган, Маркнинг Инжилида ҳам бунақа муаллиф ҳақида бирон бир гап йўқ.
Бу мавзудаги маълумотларнинг озлиги муфассирларни бошқа майда нарсаларга батафсил тўҳталишга мажбур қилади. Масалан, Марк Инжил муаллифлари орасида Ийсонинг қўлга олиниш воқеасида яланғоч танаси чойшабга ўралган ва аскарлар уни ушлаб олганда, чойшабни ташлаб, яланғоч ҳолда қочиб қутилган йигит (Марк, 14: 51-52) ҳақида хабар берган ёлғиз муаллиф ҳисобланади. Шунга асосланиб баъзи муфассирлар хулоса қилишадики, ўша йигит «устозининг изидан бормоқчи бўлган» (Муқаддас китобнинг Экуменик таржимаси) Марк бўлиши мумкин. Бошқа муфассирлар бу «шахсий хотирада ишончлилик белгиси, исмини яширган шахсининг ҳикояси»ни кўриб, воқеа «ўз кўзи билан кўрган одам томонидан ёзилган» дейишади (О. Кульманн).
О. Кульманн шунингдек Марк Инжилидаги «кўплаб фразеологик ибораларга кўра муаллифнинг яҳудий эканини пайқаш мумкин» деб ҳисоблайди, аммо унда лотинча сўзлар ҳам борлиги учун китоб Рим шаҳрида ёзилган, деган хулосага келади. «Бундан ташқари муаллиф асосан Фаластиндан ташқаридаги насронийларга мурожаат қилади ва оромий тилидаги жумлаларни қўшимча изоҳлар билан тушунтиришга уринади».
Марк тимсолида Пётрнинг Римдаги дўстини тасаввур қилиш урфга айланган. Бунинг исботи сифатида Пётрнинг биринчи мактуби охирги боби тилга олинади (агар мактуб муаллифи чиндан ҳам Пётр деб ишонилса):
«Худо ўзингиз каби танлаган Бобилдаги Масиҳ жамоати ва ўғлим Марк сизларга салом йўлламоқдалар» (Биринчи Пётр, 5:13)
«Бобил Римнинг мажозий номи бўлса керак» деб ёзилади Муқаддас китобнинг Экуменик таржимасига берилган изоҳда. Шунга асосланиб муфассирлар Пётрнинг таклифига кўра у билан Римда яшаган Марк Инжил ёзган, деб тахмин қилишади. Балки айнан шу маълумотларга асосланиб Иераполис епископи Папиас эр. 150 йилида бу Инжилнинг муаллифи Маркни «Пётрнинг таржимони» ва балки ҳамфикри деб атагандир.
Агар шу фикрга асосланадиган бўлсак, Марк Инжилининг ёзилиш даври Пётр ўлимидан кейин, яъни Экуменик таржимага кўра эр. 65-70 йиллари ўртаси ёки О.Кульманн фикрига кўра тахминан эр. 70-йилларига тўғри келади.
Матннинг ўзи ҳақида гапирсак, унда бир талай камчиликлар бор. Китоб тарихий воқеалар кетма-кетлигига бутунлай тескари тартибда ёзилган. Масалан, Марк китобнинг дастлабки қисмида (1: 16-20) тўрт балиқчи ҳикоясини келтириб, Ийсо уларни «Мен сизларни инсон овчилари қиламан» деган оддий гап билан ўзига эргаштирганини баён қилади, ваҳоланки балиқчилар Ийсонинг кимлигини ҳатто билишмасди ҳам. Муаллиф, бошқа камчиликлари қатори, ўзининг ишончсизлигини ҳам кўрсатиб қўяди. Руҳоний Роге айтганидек, Марк «тўпори ёзувчи», «Инжил муаллифлари орасида энг заифи», матн тузишни ҳам айтарли эплолмайди. Руҳоний Роге ўн икки ҳаворийнинг танланиш воқеасини мисол келтириб ўз фикрини қўллаб-қувватлайди. Мана ўша воқеанинг Марк Инжилидаги матни:
«Шундан сўнг Исо тоққа чиқиб, шогирдларидан Ўзи истаганларини ёнига чақирди, Улар келгач Исо уларни воизлик қилишга, касалларни соғайтириш ва жинларни қувиб чиқаришга юбормоқчи бўлиб, куч қудрат эгаси қилди. Исо дойим Ўзи билан бирга бўлиш учун қуйдаги ўн икки шогирдини тайинлади: унга Бутрус деб лақаб қўйган Симун» (Марк, 3:13-16) …ва Симонга Пётр деб лақаб қўйди
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Марк Инжилида Юнуснинг аломатлари борасида Матто ва Лука Инжилларидан бошқача фикр билдирилган. Ийсонинг одамларга далил кўрсатиш воқеасида эса (8: 11-13) Марк ҳикоя қиладиган матн умуман ишонарли эмас.
«Фарзийлар Исонинг олдига бориб, У билан баҳслаша бошладилар. Уни синаб кўриш мақсадида кўкдан далил кўрсатишни сўрадилар. Лекин Исо чуқур хўрсинди: Нега бу авлод далилни талаб қилади? Сизларга айтиб қўйай, бу авлодга ҳеч қандай далил кўрсатилмайди! Шундай деди-ю, уларни қолдириб, яна қаййиққа тушди ва нариги қирғоққа сузиб ўтди.» (Марк, 8:11-13).
Шубҳа йўқки, Ийсонинг тилидан айтилаётган бу гапларда унинг ғайритабиий бирон нарса кўрсатиш истаги йўқлиги билдирилмоқда. Шунинг учун Муқаддас китобнинг Экуменик таржимаси муфассирлари Ийсо одамларга фақат битта аломат кўрсатишини хабар берувчи (Юнус аломати, Матто Инжилига қаранг) Лука матнидан ажабланиб, Маркнинг «бу авлодга ҳеч қандай далил кўрсатилмайди» деган гапларини «Ийсонинг аломати ҳисобланувчи мўъжизалар»га (Лука, 7:22 ва 11:20) қарама-қарши деб ҳисоблашади.
Умуман олганда, Марк Инжили расман каноник китоб деб тан олинган. Лекин замонавий тадқиқотчилар Марк Инжилининг якунловчи қисми (16:19-20) матннинг дастлабки нусхасига кейинчалик қўшилган бўлиши мумкинлигини аниқлашган. Бу ҳақда хатто Муқаддас китобнинг Экуменик таржимасида ҳам маълумот берилган.
Бу якунловчи қисм Инжилнинг энг қадимий икки тўлиқ қўлёзмаси – эр. 4-асрига бориб тақалувчи Ватикан ва Синай кодексларида (Codex Vaticanus ва Codex Sinaiticus) учрамайди. Бу ҳақда О.Кульманн қуйидаги фикрни билдирган: «Кейинги замонларга оид бўлган юнонча қўлёзмаларда ва баъзи нусхаларда бу ерда ҳойнаҳой Марк Инжили эмас, бошқа Инжиллардан олинган якунловчи жумлалар киритилган бўлса керак». Аслида эса бу каби кейин қўшилган якунловчи қисм Инжилнинг жуда кўп нусхаларида учрайди. Матнларда бу якунловчи қисмнинг узун ва қисқа кўринишлари берилади (ҳар иккисини Муқаддас китобнинг 1952 йилги қайта ишланган умумий нашрида учратиш мумкин). Узун кўринишдаги якунловчи қисм баъзи ўринларда қўшимча маълумотлар билан бойитилган.
Марк Инжилининг якунловчи қисми ҳақида руҳоний Канненгиссер шундай фикр билдиради: «Якунловчи санолар ҳойнаҳой китоб (ёки унинг «кенг оммага мўлжалланган» нусхаси) ҳақиқий Инжил сифатида одамларга расман тақдим этилганида олиб ташланган бўлса керак. На Матто, на Лука ва табиийки Юҳанно ҳам бу олиб ташланган қисмни кўришмаган. Шунинг учун кўп йиллардан кейин, ўзаро қарама-қаршиликлардан ҳоли Матто, Лука ва Юҳанно матнлари оммалашиб бўлганида, Марк Инжили учун мос якунловчи қисм қайтадан ижод қилинган. Ундаги сўзлар бошқа Инжилларнинг турли жойларидан ўзлаштирилган. Хатто бу қисмнинг рақамланиши ҳам (16: 9-20) унчалик тушунарли эмас, шу ерда ҳам сирлилик кўзга ташланади. Бу эса Инжил матнлари деб аталувчи адабий жанрда эр. 2-асрида жуда кенг оммалашган эркинлик услубини янаби бир марта тасдиқлайди». Буюк диншуноснинг ушбу фикрлари Муқаддас китоб матнларига одамларнинг қанчалик эркин аралашганини жуда чиройли услубда кўрсатиб беряпти.
Лука Инжили
О. Кульманнинг фикрича, Лука «йилномачи», руҳоний Канненгиссер эса уни «ҳақиқий романнавис» деб ҳисоблайди. Ўзининг Теофилга ёзган сўзбошисида Лука Ийсо ҳақида китоб ёзган бошқаларнинг изидан борган ҳолда худди ўша гувоҳларнинг хабар ва маълумотлари ва ҳаворийларнинг таълимотларидан фойдаланиб китоб ёзмоқчилигини, аммо ўзи бу воқеаларга гувоҳ эмаслигини хабар беради. Шунинг учун унинг қуйидаги сўзлар билан бошланган китоби методик кўлланма сифатида қаралиши мумкин:
«Орамизда авж олган воқеаларни ҳикоя қилишга киришган кўпларнинг ташаббуслари маълумдир. Бу бўлиб ўтган ҳодисотларни бошданоқ ўз кўзлари билан кўриб, бизга нақл қилган кишилар илоҳий Каломнинг шоҳиду хизматкорлари бўлмишлар. Шундай қилиб, мен ҳам бошидан ҳаммасини синчиклаб текширганимдан кейин, эй муҳтарам Теофил, бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб ила сизга жавоб беришни муносиб кўрдим, токи сиз берган маълумотларнинг жуда асосли эканлигини билингиз.» (Лука, 1:1-4).
Лука ва биз юқорида кўриб ўтган «тўпори ёзувчи» Марк ўртасида қанақа фарқ борлигини шу биринчи жумладан ҳам билса бўлади. Лука Инжили, бу – соф адабий асар ҳисобланиб, бирон бир хорижий, бегона сўз ва иборалардан ҳоли мумтоз юнон тилида ёзилган.
Лука насронийликни қабул қилган ўқимишли мажусий эди. Унинг яҳудийларга қандай муносабатда бўлгани ҳам дарров кўзга ташланади. О.Кульманн ёзганидек, Лука Маркнинг асосан «яҳудийлик билан суғорилган» матнларидан воз кечиб, бир томондан яҳудийларнинг Ийсо таълимотига ишонқирамай қараганликларини ажратиб кўрсатади, бошқа томондан унинг яҳудийлар нафратланган самарияликлар билан қанчалик яхши алоқа ўрнатганига эътибор қаратади. Матто Инжилида эса Ийсо томонидан Ҳаворийларга самарияликлардан узоқроқ юриш буюрилган.
Мана шу ерда Инжил муаллифларининг ўз шахсий фикрлари ва ўз жамиятларига хос қарашларни қай тариқа Ийсога нисбат беришлари яққол намоён бўлади. Энг муҳими, буларнинг барчаси холис ишонч билан амалга оширилган. Шу каби ҳужжатлар қўлимизда бор экан, юқорида Инжилга нисбатан ишлатилган «қурол ёзув» ёки «замон талабларидан келиб чиқиб ёзилган китоб» деган таърифларни инкор қилиш мумкинми? Лука ва Матто Инжиллари матнининг умумий кайфиятини қиёсий таҳлил қилиш бу саволимизга аниқ жавоб қайтариши мумкин.
Лука ким ўзи? Уни Павелнинг кўплаб мактубларида тилга олинган худди шу исмли табиб билан адаштиришади. Муқаддас китобнинг Экуменик таржимасида айтилишича, «аксарият муфассирлар Инжил муаллифининг табиблигига иттифоқ қилишган, чунки у бемор ҳақида аниқ маълумотлар беради». Аслида бу жуда муболағали хулоса. Тўғрисини айтганда, Лука умуман унақа «маълумот»ларни ишлатмаган, «Луканинг услуби ўз даврининг ўқимишли одамларига хос услуб холос». Тўғри Павелнинг сафарлари чоғида унга Лука исмли табиб ҳамроҳлик қилган, аммо Инжил муаллифи Лука айнан ўша одамми? О.Кульманнинг фикрича ҳа, Инжил муаллифи Лука ўша табиб Луканинг айнан ўзи бўлиши керак.
Лука Инжилининг ёзилиш вақтини аниқлашда унинг Марк ва Матто Инжилларидан фойдаланиб ёзилганини ҳисобга олиш зарур. Муқаддас китобнинг Экуменик таржимасидан келиб чиқадиган хулоса шундан иборатки, Лука Қуддуснинг эр. 70-йилларида Титус аскарлари томонидан қамал қилингани ва ёқиб юборилганига гувоҳ бўлган. Инжил эса ҳойнаҳой ўша воқеалардан кейин бироз ўтиб ўзилган. Замонавий тадқиқотчилар уни эр. 80-90 йилларида ёзилган деб ҳисоблашади, аммо бошқа баъзи тадқиқотчиларнинг фикрича у бироз эртароқ ёзилган бўлиши ҳам мумкин. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Лука Инжилининг кўплаб ўринларида ундан аввалгиларнинг матнларидан жиддий фарқлар бор, Муқаддас китобнинг Экуменик таржимасида бу ҳақда 181 ва кейинги саҳифаларда маълумот берилади. О.Кульманн ўзининг «Янги Аҳд» номли китоби 18-саҳифасида Лука Инжилида мавжуд, аммо бошқа Инжилларда учрамайдиган ҳикоялардан мисоллар келтирилган. Ўша мисолларга эътибор қаратар эканмиз, уларнинг асло аҳамиятсиз мавзулар эмаслиги ойдинлашади.
Лука Инжилида Ийсонинг болалиги ўзига хос тарзда ҳикоя қилинган. Матто уни бошқача ҳикоя қилади, Марк эса бу ҳақда хатто умуман гапирмайди ҳам.
Матто ва Лука Ийсонинг насл-насабини турлича ривоят қилишади. Илм-фан нуқтаи назаридан зиддиятлар ва чалкашликлар шу даражада кўпки, бу мавзуга китобимизда алоҳида боб ажратилган. Яҳудийларга мурожаат қилаётгани учун Матто Ийсонинг насл-насабини нима учун Иброҳимдан бошлаб, Довуд орқали олиб ўтганини тушуниш мумкин, Лука эса собиқ мажусий сифатида уни яна ҳам чуқурроқ ёритишга ҳаракат қилади. Аммо икки муаллиф кўрсатаётган шажара Довуддан бошлаб бир-бирига бутунлай тескари кўриниш олганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Ийсонинг таълимоти ҳам кўп ўринларда Лука, Матто ва Марк томонидан ҳар хил тасвирланади.
Насронийлар учун жуда катта аҳамият касб этадиган «еб-ичилаётган муқаддас нон ва шаробда тангрининг борлигига ишониш» ҳолатида ҳам Лука ва бошқа икки Инжил муаллифлари орасида сезиларди зиддиятлар бор . Руҳоний Роге ўзининг «Инжилга кириш» (Initiation à l'Evangile) китоби 75-саҳифасида бу воқеа Матто (26:26-29) ва Марк (14:22-24) Инжилларида деярли бир хил ёритилгани ҳолда, Лука Инжилида (22:19-24) умуман бошқача тасвирланганини ёзади. «Аксинча,- деб ёзади руҳоний Роге,- Лука хабар берган воқеа Ҳаворий Павелнинг ёзганларига жуда ўхшаб кетади» (I Коринфликларга, 11:23-25).
Кўриб ўтганимиздек, Лука Инжилида Ийсонинг осмонга кўтарилиши билан «Ҳаворийларнинг фаолияти» китобида ёзилган матнларда бир-бирига зид маълумотлар берилади. Ваҳоланки бу икки парчанинг муаллифи ҳам Луканинг ўзи ва улар Янги Аҳднинг ажралмас қисмини ташкил этишади. Ўз Инжилида Лука самога кўтарилиш воқеасини Пасха кунига нисбат беради, Ҳаворийлар фаолиятида эса бу воқеа 40 кун кейин бўлганлиги айтилган. Бу зиддият Муқаддас китоб матнларини таҳлил қилувчи насроний мутаҳассисларининг қанақа сўз ўйинларига сабаб бўлганини биз аллақачон кўриб ўтдик.
Муқаддас китобнинг Экуменик таржимаси муфассирлари каби масалага холис ёндошувчи мутаҳассислар эса «воқеаларни аниқ ҳикоя қилиш Луканинг асосий мақсади саналмаган» деб тан олишга мажбур бўлишган.
Луканинг Ҳаворийлар фаолияти китобида ёзган маълумотларини Павелнинг худди шу мавзуга оид матнлари билан солиштирар экан, Ийсонинг ўликлардан тирилиш воқеаси каби аҳамиятли мавзуда руҳоний Канненгиссер шундай ёзади: «Лука барча тўрт Инжил муаллифлари орасида энг ҳиссиётли ва адабий матн муаллифи ҳисобланади, уни том маънода романнавис дейиш мумкин».
Юҳанно Инжили
Юҳанно Инжили қолган учтасидан бутунлай фарқ қилади. Бу фарқ шунчалик сезиларлики, руҳоний Роге ўзининг «Инжилга Кириш» (Initiation à l'Evangile) китобида қолган учта Инжилга таъриф бериб бўлгач, тўртинчиси ҳақида жуда ажойиб фикр билдиради. Руҳоний Роге уни «ўзга дунё» деб номлайди. Бу чиндан ҳам ўзига хос китоб. У ҳамма нарсасига кўра фарқли – мавзуни танлаш ва уни тақдим этиш, тасвирлаш ва ҳикоя қилиш, услуб, география, тарихий фактлар; хатто диний қарашларда ҳам фарқлилик борлиги сезилади (О.Кульманн). Ийсонинг сўзлари ҳам Юҳаннода бошқа Инжил муаллифлариникидан фарқли кўриниш олади, руҳоний Роге бу хусусда шундай фикр билдирган: «Синоптик Инжилларда Ийсонинг сўзлари «кескин, сўзлашув услубига яқинроқ» услубда ёзилган бўлса, Юҳаннода ҳаммаси мушоҳададан иборат. Баъзи ўринларда хатто Ийсо гапиряптими, ёки унинг фикрлари таъсирлироқ кўриниш олиши учун Инжил муаллифи томонидан ўзгартирилганми, деб ўйланиб қоласан киши».
Хўш, бу китоб муаллифи ким? Бу савол анча тортишувларга ва бир-биридан тамоман фарқ қиладиган жавобларга сабаб бўлган.
А.Трико ва руҳоний Роге «Юҳанно Инжили воқеаларнинг бевосита гувоҳи томонидан ёзилган ва унинг муаллифи Забадий ўғли, Ёқубнинг укаси Юҳанно» дегувчилдар гуруҳига мансуб саналишади. Оммага мўлжаллаб нашр этилган китобларда бу ҳаворий ҳақида жуда кўп маълумотни учратиш мумкин. Иконаларда, жумладан Ҳочга михланиш воқеасидан олдинги «сўнгги машварат»да ҳам у Ийсонинг ёнида тасвирланган. Шунча маълумотлардан кейин Юҳаннонинг Инжили ҳаммага яхши таниш ҳаворий Юҳанно томонидан ёзилган, деган фикрга ким ҳам қарши чиқиши мумкин?
Бу ерда тўртинчи Инжилнинг бунчалик кеч ёзилганини қарши фикр сифатида келтириб бефойда. Китобнинг якуний кўриниши тахминан эр. 1-асрида ёзиб тугатилган бўлиши керак. Китобнинг ёзилиш даврини Ийсо вафотидан 60 йил кейинга нисбат бериш Ийсонинг ёнидалигида жуда ёш бўлган ва бунинг устига салкам 100 йил яшаган ҳаворий Юҳанно мисолида бирон бир зиддият уйғотмайди.
Ийсонинг тирилишини ўрганар экан, руҳоний Канненгиссер шундай хулосага келадики, Павелдан ташқари Янги Аҳд муаллифларидан ҳеч қайсиниси бу воқеани ўз кўзлари билан кўрганлигини даъво қилишга ҳақли эмас. Лекин Юҳанно Ийсонинг зоҳир бўлишини ҳаворийларнинг кўпчилиги, улар сирасида ҳойнаҳой ўзи ҳам кўрган деган фикрни билдиради – битта жойда фақат Фоманинг йўқлиги айтилса (20:19-24), саккиз кун к