Отасиз таваллуд топиши
Исонинг отасиз дунёга келиши энг буюк мўъжизадир. Уни илоҳ қилиб олганлар айнан шу мўъжизага жуда қаттиқ ёпишиб олишган... Худо томонидан илк бор яратилган ҳайвонларнинг ҳам ота-оналари бўлмаган. Инсониятнинг отаси ҳисобланган Одам алайҳиссалом нафақат отасиз, балки онасиз яратилган. Агар Худо Исо алайҳиссаломни она раҳмида яратган бўлса ва у туғилгач бошқа болалар каби катта бўлган бўлса, Одам алайҳиссалом эса балоғатга етган одам шаклида яратилган. Отасиз туғилиши шубҳасиз энг буюк мўъжиза, аммо бу билан уни илоҳ дейиш мутлақо хато бўлади, акс ҳолда уларга кўра, илк яратилган ҳайвонлар ҳамда Одам ва унинг жуфтини ҳам илоҳ дейишга тўғри келар эди.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Ийсонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайди. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, бўлди”, деган.[1]
Одам алайҳиссалом ва Исо алайҳиссаломнинг дунёга келиш ҳодисаси бир-бирига ўхшасада Одам алайҳиссаломни Исо алайҳиссаломдан фарқлайдиган жуда кўп жиҳатлари бор. У бошқаларга ўхшаб туғилмаган; Аллоҳ фаришталарга унга сажда қилишга буюрган; исмларни ўргатган... Одам алайҳиссаломнинг бошқа ҳеч кимда учрамайдиган фазилатлари ҳақида яна кўп гапирсак бўлади... Нега насронийлар уни ўзларига Худо қилиб олишмаган?
Библияга ишонадиган бўлсак, Малкисидқ Исо алайҳиссаломдан ўтиб кетган бўлиши керак эди. Павелнинг айтишича, унинг на отаси, на онаси, на аввали ва на охири бўлган, яъни у аввалдан бор эди ва абадий бор бўлади. Павел: “Малкисидқ[2] Салим подшоҳи ҳамда Худойи Таолонинг руҳонийси эди. Иброҳим тўрт шоҳни тор-мор этиб қайтиб келаётганда, Малкисидқ уни қаршилагани чиқиб, уни дуо қилди. Иброҳим эса унга ҳар бир нарсадан ушр берди. Малкисидқ отининг биринчи маъноси “солиҳлик подшоҳи” демакдир. Бундан бошқа у “Салим подшоҳи”, яъни тинчлик подшоҳидир. У отасизу онасиздир, умуман насабномасиздир. Умрининг на бошланиши, на охири қайд этилган. У Худонинг Ўғлига ўхшаш абадий руҳоний бўлиб қолади”, дейди.[3] Нега насронийлар Малкисидқни ўзларига Худо қилиб олмаган? У ота-онасиз дунёга келган ахир...
Қайд этиш керакки, фаришталар ҳам ота-онасиз дунёга келган ва уларни яратиш учун ҳатто лой ҳам керак бўлмаган... Нега насронийлар уларни илоҳ қилиб олишмаган? Демак, отасиз дунёга келиш қанчалик нодир воқеа ва буюк мўъжиза бўлмасин бу кимнидир Худо қилиб олишга асло ҳужжат ва далил бўла олмайди.
Ўликларни тирилтирмоқ
Исо алайҳиссаломнинг энг буюк мўъжизалари, бу шубҳасиз ўликларни тирилтиришдир. Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг Аллоҳ изни билан ўликни тирилтириши зикр қилинган: “...Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман“[4]. Худди шу нарса Инжилда ҳам айтилган: “Мен Ўз-Ўзимдан ҳеч нарса қилолмайман”[5]. Аммо насронийлар Исо алайҳиссаломнинг ўликларни тирилтириши унинг Худо эканига далилдир, дейишади ва шу билан бирга библияда бу мўъжизани бошқалар хам қилганлигини ўжарлик билан пайқамасликка ҳаракат қилишади. Нега насронийлар ҳаммасини Худо қилиб олишмаган? Балки, уларни Худо қилиб олмаганининг асл сабаби ўликларни тирилтириш Худо бўлишига ҳужжат эмаслигининг далилидир.
Юҳанно хушхабарига кўра, Исо Лазарни тирилтирган.[6]
“Илёс аёлга: “Менга беринг ўғлингизни!” — деб болани аёлнинг қучоғидан олди, уни ўзи истиқомат қиладиган болохонага олиб чиқиб, тўшакка ётқизди. Сўнгра Эгамизга хитоб қилди:
— Эй, Эгам Худо! Мен шу бева аёлнинг меҳмониман. Наҳот, унинг ўғлини нобуд қилиб, бошига кулфат ёғдирсанг?! Илёс боланинг устига уч марта чўзилиб, кейин Эгамизга яна хитоб қилди:
— Эй, Эгам Худо! Илтижо қиламан, бу болага қайтадан жон ато эт! Эгамиз Илёснинг илтижосини эшитди. У болага қайтадан жон ато этиб, тирилтирди.Илёс болани болохонадан уйга олиб тушди, уни онасига бериб: “Қаранг, ўғлингиз тирик!” — деди.
Аёл эса Илёсга:
— Энди билдим: сиз Худонинг одами экансиз, — деди. — Эгамиз чиндан ҳам сиз орқали гапирар экан”[7].
Элишай ҳам иккита ўликни тирилтирган – бири ҳаётлик чоғида, бошқасини эса ўлганидан кейин.
“Элишай ичкарига кирди. Қараса, ўлган бола Элишайнинг тўшагида ётган экан. Элишай хонага киргач, эшикни беркитди–да, Эгамизга ёлвориб ибодат қилди. Сўнг боланинг устига чўзилиб ётди. У оғзини боланинг оғзига, кўзларини кўзларига, кафтини кафтига қўйди, боланинг устида чўзилиб ётганда, боланинг танаси исиди. Сўнгра у ўрнидан туриб болохонанинг у ёғидан бу ёғига юрди. Кейин яна қайтиб келиб, боланинг устига чўзилди. Бола етти марта аксириб, кўзларини очди.
Элишай Гахазига: “Аёлни чақир!” — деди. Гахази аёлни чақириб келди. Аёл Элишайнинг олдига яқинлашди. Элишай унга: “Ол ўғлингни!” — деди. Аёл ичкари кириб, Элишайнинг оёқларига йиқилди, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди. Ўғлини олиб, чиқиб кетди”.[8]
Иккинчи ўликни ҳам Элишей ўлганидан кейин Аллоҳ изни билан тирилтирган.
“Бир сафар Исроил одамлари бир марҳумни дафн қилаётган эдилар, Мўаблик босқинчиларни кўрдилар–у, жасадни Элишайнинг хилхонасига ташлаб қочдилар. Жасад Элишайнинг суякларига текканда тирилиб кетди ва оёққа турди”.[9]
Ажабо, нега насронийлар Исо алайҳиссаломнинг ўликларни тирилтириши туфайли фақат унигина Худо деб билишига сабаб бўлди экан. Ўликларни тирилтириш имконияти унинг шогирдларида ҳам бўлган-ку, хусусан Бутрус марҳумани тирилтирганини эсланг: “Яффада Исонинг шогирди бўлган Тавита исмли бир аёл бор эди. Бу отнинг таржимаси “оҳу” демакдир. Бу аёл ихлосмандлик билан хайрли ишларга берилиб, кўп садақа қилар эди. Худди ўша кунларда у касалланиб ўлди. Уни ювиб, болохонага қўйишди. Лўд шаҳри Яффага яқин бўлгани учун, Бутруснинг у ерда эканини эшитиб қолган шогирдлар унинг ҳузурига икки кишини юбориб: “Тезда бизнинг олдимизга келгин!” – деб илтимос қилишди. Бутрус ўрнидан қўзғалиб, улар билан бирга кетди. Уйга етиб келгач, уни болохонага олиб киришди. Бутун бевалар унинг ёнига тўпланиб, дод-фарёд қилар, Оҳунинг тириклигида тиккан кўйлак ва жомаларини кўрсатишарди. Бутрус эса ҳаммани ташқарига чиқазгандан кейин, тиз чўкиб ибодат қилди ва жасадга қараб:
– Тавита, ўрнингдан тур! – деди.
Шунда аёл кўзларини очди-да, Бутрусни кўриб, ростланиб ўтирди. Бутрус қўлини узатиб, уни турғизиб қўйди. Сўнг имонлилар билан бева аёлларни чақириб, тирик ҳолдаги аёлни уларга топширди”.[10]
Исо алайҳиссалом билан ҳаворий Бутрус амалида қандай фарқ бор? Уларнинг қилган ишларидан униси ҳам, буниси ҳам Аллоҳнинг изни билан бўлган-ку...
Библиянинг айтишича, Исонинг барча ҳаворийлари ўликларни тирилтира олишган: “Йўлингиз қайга тушмасин, элга: “Осмон Шоҳлиги яқинлаб қолди”, – деб эълон қилинглар. Хасталарни соғайтиринглар, моховларни пок қилинглар, ўликларни тирилтиринглар, жинларни қувиб чиқаринглар”.[11] Наҳотки уларнинг барчасини Худо керак бўлса?
Ўликларни тирилтирадиган Исо алайҳиссаломни Худо дейдиган насронийлар Библияда ёзилганидек, Исо алайҳиссаломнинг ўлими ҳақида гапиришни унутиб қўйишади. Инжилга кўра, Исо алайҳиссалом ўлимдан қочиб қутила олмайди ва Худо уни тирилтирмагунича ўлимидан ҳаётга қайта олмайди. Бу ҳақида ўн бешга яқин Библия матнларида келган.
Мисоллар келтирамиз:
“Ана бу Исони Худо тирилтириб қўйди, биз ҳаммамиз эса бунинг гувоҳларимиз”[12]. “...Ҳа, Ҳаёт Соҳибини ўлдирдингизлар. Бироқ Худо Уни тирилтирди ва биз бунга гувоҳмиз”[13]. “...унда ҳаммангизга – бутун Исроил халқига маълум бўлсинки, сизлар хочга михлаб қўйган ва Худо эса тирилтирган носиралик Исо Масиҳ исми ҳақи бу одам қаршингизда соппа-соғ турибди”[14].
Демак, кўриб турганимиздек, ўликларни тирилтириш буюк мўъжиза ҳисоблангани билан, аммо бу Исо алайҳиссаломни Худо дейишга ҳужжат-далил бўла олмайди.
Абу Муслим тайёрлади
Давоми бор...
[1] Оли Имрон сураси, 59
[2] МАЛКИСИДҚ: Наронийларга кўра, Ҳазрати Иброҳим замонида яшаган табаррук подшоҳ ва руҳоний; комил руҳоний Исо Масиҳнинг тимсолидир (қаранг: Ибтидо 14:17-24, Забур 109:4, Ибронийлар 5, 7-боблар).
[3] Ибронийлар, 7:1-3
[4] Оли Имрон сураси, 49
[5] Юҳанно, 5:30
[6] 11:41-45
[7] 3 Шоҳлар, 17:19-24
[8] 4 Шохлар, 4:32-37
[9] 4 Шохлар, 13:21
[10] Ҳаворийлар, 9-36:41
[11] Матто, 10:7-8
[12] Ҳаворийлар, 2:32
[13] Ҳаворийлар, 3:15
[14] Ҳаворийлар, 4:10
