Ота (Аллоҳ): Христиан динида учлик эътиқодининг асл ва илк унсури бу – Отадир. Бу динда Аллоҳ, Ота ўрнида кўрилади. Христианларга кўра, Аллоҳ энг мукаммал ва интиҳосиз мусаффо руҳдир. У ҳамма нарсанинг яратгувчиси ва эгасидир. Абадийдир, ҳар ерда мавжуд ва ҳамма нарсани билади. Фақат Аллоҳдагина юқоридаги барча сифатлар жам бўлиши мумкин. Аллоҳ ҳамма нарсани кўради. Ҳеч ким уни кўра олмайди (христиан черковига кўра, мавжудлиги кўрилмайдиган Аллоҳ, Исо Масиҳ воситаси билан кўринган).
Христианлар тушунчасида, Аллоҳнинг асли севгидир. Аллоҳ бу севгини, биргина ўғли Исо (а.с) ни инсонларни аслий гуноҳдан фориғ қилиш учун юбориш билан билдирган. (Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. Худо оламни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Ўғлини дунёга юборди... (Юҳанно\3-боб; 16-17).)
Аслида Аллоҳ, Ота – Аллоҳ, Ўғил – Аллоҳ ва Муқаддас Руҳ – Аллоҳ шаклида кўринса-да, яна у БИТТАДИР. У бўлинмас, аслий бир жавҳардир. Зеро, бу жавҳар – руҳдир. Руҳда эса бўлиниш хусусияти йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ БИРДИР. Натижа ўлароқ, Аллоҳ муқаддас учликдир ёки бу учлик бир Аллоҳдир.
“Муқаддас учликнинг уч шахсининг ҳар бири алоҳида бир Худодир. Ота Худо, Ўғил Худо ва Муқаддас Руҳ Худо”. Булар бир Худонинг турли кўринишлари, намоён бўлишлари, сифатлари ўлароқ изоҳланишга ҳаракат қилинади. Христианликка кўра бу учлик, “изоҳланиши ниҳоятда қийин, лекин ишонилиши зарур бир сир” сифатида тушинилади.
Тўрт инжилда ҳам Худонинг бирлиги, буюклиги, ниҳоясиз қудрати, яратувчилиги келтирилган. Инжиллар, Худонинг мавжудлиги масаласида аниқ бир маълумот ва тушунчалар тақдим қилмайди. Фақатгина Худонинг ибтидосиз-интиҳосиз эканлигидан сўз юритади. Инжиллардан мисол учун Юҳанно инжили, Худо масаласида фақатгина “бор эди” деб, бошқа бир аниқлик келтирмайди. (Юҳанно\ 1-боб; 1-3). Шунингдек бу нарса Тавротда ҳам шундай кўринишга эга.
Христианларга кўра “Ота” сифатида таърифланувчи Худо, нурдир; Исо (а.с) эса унинг ўғлидир. Худо, Исо (а.с) нинг шахсида инсонийлик билан бир бутун ҳолга келган. Исо (а.с) нинг бадани инсон, руҳи Худодир (Астағфируллоҳ). Унда худолик хусусияти аслан мавжуд. Инсонни худо билан бирлаштирган нарса севгидир. Худо, инсонни Одам (а.с) дан бери давом этиб келаётган аслий гуноҳдан қутқариш учун ўғлини юборган. У эса хочда михланишга ўзини қўйиб бериши, ўзини қурбонлик қилиши билан бутун инсониятни қутқарган.
Ўғил (Исо Масиҳ): Ота, Ўғил, Муқаддас Руҳ бир-бирларидан алоҳида-алоҳида тушинилади. Ораларидаги муносабат, 381-йилда Истанбулда жамланган консилда шундай маълум қилинган: Ота Худо, туғмаган, туғилмаган. Ўғли Исо эса туғилган, туғдирилган. Муқаддас Руҳ, Худодан чиққан. Кейинроқ эса 431-йилдаги Эфес консилида Марям, Худонинг онаси, Тангрини туққан (Teotokos); Исо (а.с) эса ҳақиқий худо, илоҳий-башарий икки табиатга эга бир инсон ва Ота билан айни жавҳардан, деб қабул қилинган. Калкедон консилида эса (451-йилда) Исо (а.с) да бир шахсда икки табиатнинг мавжудлиги, Бокира Марямнинг, Отаси томонидан илоҳий, онаси томонидан башарий Исо (а.с) ни туққанлигига қарор қилинган. Лекин бу қарорга Исо (а.с) да биргина табиатнинг мавжудлигини, яъни унда илоҳий табиат билан башарий табиатнинг барлашганлигини даъво қилувчилар эътироз қилишган ва кейинроқ бу фикрга эга бўлганларга Монофизитлар, деб ном берилган.
Баъзилари, айниқса Ҳижоз минтақаси христианлар, таслисни, ичида Исо (а.с) бўлиш билан бирга Муқаддас Руҳнинг ўрнига Марямни қўйиб ташкил қилганлар. Христианликда Исо (а.с) ва Марям мавзусида ёзилганлар; “Кристология” ва “Мариялогия” деб номланган икки алоҳида билим сохасининг ташкил топишига сабаб бўлган.
Инжилларга кўра Исо Масиҳ мавзуси тилга олинар экан, унинг шахсияти билан боғлиқ тортишувларга йўл очувчи инжил ифода ва маълумотларига; бундан ташқари Павелнинг Исо (а.с) нинг ўлими, тирилиши ва илоҳлиги билан боғлиқ фикрларга ҳам тўхталиб ўтилган. Бу каби маълумотларга унинг ғайритабиий ҳолдаги туғилиши, ҳаётидаги ғайриоддий холат ва мўжизаларни ҳам қўшиш мумкин. Охир оқибат “Худонинг ўғли” атамаси билан бошланган воқеалар ривожи, унинг илоҳ ўрнида қабул қилинишигача етиб борган.
Авлиё Павел, христианликни, асоси Исо (а.с) нинг инсониятни қутқарган ўлими бўлган бир сир дини ҳолига келтирган (Қадим юнондаги каби). Бу янги фикрда Исо (а.с), илк шогирдларининг кўргани каби, фақатгина тарихий шахс эмас, ўлган, тирилган ва осмонларга кўтарилиб кетган Тангри (Kyrios) сифатида тасвирланади. Бу “Kyrios” сўзи, христиан теологиясига кўра ҳам муаллим, ҳам илоҳий Тангри ҳамда қирол маъноларини ўз ичига олувчи барча шараф унвонларини билдиради. “Kyrios” лақаби, Исо (а.с) га йўналтирилган дуоларда каттагина аҳамият касб этади. Шу туфайли қадимдан бери христианлар, илоҳ сифатида қабул қилган Исо Масиҳга дуо ёки унинг номи билан Тангрига ниёз қилганлар.
Христианликда Исо, “инсон шаклидаги бир илоҳ” бўлиб, Аллоҳ Исо (а.с) да мужассамлашган. Ота Аллоҳ, инсонларга севги ва марҳаматини кўрсатиш учун Исо Масиҳ суратида яқинлашиб, ораларида яшаган. Шундай қилиб Аллоҳнинг инояти, инсонларга Исо Масиҳ воситасида етган. Исо (а.с) га сиғиниш ва унга қул бўлиш, Ота Аллоҳ билан алоқа қуриш демакдир. Чунки у, Ота билан айни жавҳардан ва Ота каби мукаммалдир. У, ҳақиқий Аллоҳдир. Чунки у, турли мўъжизалар билан, ўлиши ва кейинчалик тирилиши билан “Тангри” эканлигини кўрсатган. У Аллоҳнинг ўғлидир. Шунинг билан бир қаторда у ҳақиқий инсондир (?).
Бир инсоннинг илоҳ қилиб олиниши; пайғамбарларда кўрилган мўъжизаларнинг Аллоҳга эмас, балки уларга нисбат берилишидан келиб чиққан бўлиши мумкин бўлганидек, тарихда ўхшаши кузатилган ходисалардан ҳам таъсирланган бўлиши мумкин.
Муқаддас Руҳ: Христианликда таслис эътиқодининг учинчи унсури Муқаддас Руҳдир. 381-йилда Истамбулда бўлиб ўтган консилда Муқаддас Руҳнинг ҳам Ота ва Ўғил каби худо эканлиги хулосасига борилган. Католиларга кўра Муқаддас Руҳ, ҳам ота ва ҳам Ўғилдан чиқади. Ортодокслар эса Муқаддас Руҳнинг Ўғил йўли билан Отадан чиққанлигига ишонадилар.
Муқаддас Руҳ, Ота билан айни бир жавҳардан, лекин моҳиятлари бошқа-бошқа деб билинади. У Отанинг барча қудрат ва иродасини ўзида жамлаган. Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ, бир жавҳарда жам бўлган учта бошқа-бошқа зотлар бўлиб, ҳаммаси ҳам абадийдир.
Муқаддас Руҳ, Исо (а.с) нинг вафтизида, унинг илоҳ эканлигини инсонларга билдириб қўйиш учун бир оқ кабутар суратида унинг устига қўнган. Муқаддас Руҳ Аллоҳ каби ҳамма жойда хозиру–нозир. Лекин у гуноҳи кабиралардан узоқ бўлган мўъмин кимсаларнинг ичи (қалби) дан жой олади. Муқадас Руҳ, яхши фикрларни илҳом қилади; тавба, дуо ва ниёзни ўргатади. Тимсоли оқ кабутардир. Муқаддас Руҳ, вафтиз билан инсонга келади. Ота барча ишларини Муқаддас Руҳ ёрдамида амалга оширади ва доимо қудратини у билан кўрсатади. Муқаддас Руҳ яхши ва солиҳ кишиларга пайғамбарлар ва ҳаворийлар айтганларини илҳом қилади. Черковни Аллоҳнинг неъмати ва лутфи билан тўлдириб, хатолар ва адашишлардан асрайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, христиан диний таълимоти мазмунини асосан қуйдагилар ташкил этади: Худо Муқаддас учлик (троица) да намоён бўлади. Яъни Худо уч қиёфали, лекин ягонадир. Бу дегани, Худо–Ота, Худо-Ўғил, Худо-Муқаддас Руҳдан иборатдир. Бироқ, бу уч қиёфали Худолар, айни пайтда шахсиятларига кўра фарқ қиладилар. Масалан; Ота – Худо яратувчи, Ўғил Худо – Қутқарувчи нажоткор ва Муқаддас Руҳ – Худо Муқаддаслаштирувчи, улуғловчидир.
Шундай қилиб, христиалар: “Аслида Худо битта, лекин унинг уч хил кўриниши бор”- деб, бу айтган гапларини исботлаш учун турли таъвилларни кўпайтириш натижасида қисқа фурсатда кўпгина мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетганлар. Бу борада Расулуллоҳ (с.а.в): “Мажусийлар етмиш фирқага, яҳудийлар етмиш бир фирқага, насронийлар етмиш икки фирқага бўлиниб кетганларидек, мусулмонлар ҳам етмиш уч фирқага бўлинадилар. Булардан фақатгина биттаси абадий нажотга эришади, қолганлари эса ҳалок бўлади.” дея марҳмат қилдилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули, нажот топувчилар кимлар?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в): “Бугунги кунда Мен ва саҳобаларим турган фирқа”, деб жавоб берганлар. (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳақ хабардан ҳам кўриниб турибдики, христианлар ҳам табиий равишда ақидадан келиб чиқиб кўплаб фирқаларга бўлиниб кетганлар.
