Сўнгги пайтда вилоятимиз айрим шаҳар ва туманларининг баъзи аҳоли истиқомат жойларида миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар пайдо бўлаётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб турибмиз.
Хусусан, Самарқанд шаҳрининг Сўғдиёна ва Сартепа уй-жой масканлари, Ипак йўли ва Абу Райҳон Беруний кўчалари, Кимёгарлар ва Фарҳод шаҳарчаларидаги кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар шахси гумонли бўлган кишилар хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг кўнглига ғулғула солиб, хонадонлар қўнғироқларини чалиб, "Биз хушхабарчилармиз, эшикни очинг, Сиз яхши хушхабар эшитасиз, Сизга хоҳлаган тилда тушунтирамиз…" дея хитоб қилиб, христиан-протестант динлари ғояларини маҳаллий аҳоли тафаккурига сингдиришга ҳаракат қилаётганликларини маълум қилмоқдалар.
Шу муносабат билан бундай хатти-ҳаракат (миссионерлик)нинг мақсади ва моҳияти тўғрисида тўхталиб ўтишни жоиз, деб топдик.
Миссионерлик – лотинча сўз бўлиб, юбориш (жўнатиш), муҳим топшириқ маъноларини билдириб, битта динга эътиқод қилувчи фуқаролар орасида бошқа бир диннинг ғоялари ва урф-одатларини тарғиб этишни англатади.
Диний миссия черков талқинида элчилик топшириқларини бажариш, муайян динни бошқа (христиан бўлмаган) диний эътиқоддаги одамлар орасида тарқатиш маъносини билдиради.
Миссионерлик IV асрда пайдо бўлиб, XIII-XVI асрларда христиан миссионерлиги Ҳиндистон, Хитой ва Японияга ҳам кириб борган. Миссионерлик XIX асрда янада кучайиб, Африка ва Осиё қитъаларининг қатор мамлакатларида анча фаоллашган.
Миссионерлик фаолиятининг мақсадини уч йўналишга ажратиш мумкин
Биринчи йўналиш – христиан бўлмаган бошқа халқларни ҳам христианлаштириш. Ушбу ғоя орқали ўзга динларга эътиқод қилувчи шахсларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириб олиш.
Иккинчидан – маълум халқлар ўртасида ўз эътиқодига нисбатан шубҳа пайдо қилиш ва аста-секин ишонч – эътиқодидан воз кечишга олиб келиш.
Учинчидан – ўз динидан воз кечиб, христианликни қабул қилган кишиларнинг эътиқодида собит туришини таъминлаш ва шу орқали уларнинг сафини "янги христианлар" билан янада кенгайтириб боришдан иборат.
Миссионерлар ушбу мақсадларга эришиш учун моддий неъматларни ҳам, маънавий тарғибот усулларини ҳам аямайдилар. Атайлаб айрим жисмоний хасталик (ногиронлик) оқибатида оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган ва ҳаётда бироз моддий қийинчиликларга учраб турган шахсларни топиб олиб, уларга турли шаклдаги моддий ёрдамлар кўрсатадилар. Тиббий ёрдам уюштирадилар. Уларнинг кўнглини ҳар томонлама олишга уринадилар. Бундай "саъй-ҳаракат"лари билан улар ислом динига эътиқод қилувчи маҳаллий аҳоли ўртасида ўзлари ҳақида ижобий фикрлар туғдиришга эришадилар.
Маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган анча чиройли, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақола – материалларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар. Миссонерлар бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган видео-аудио кассеталарни аҳолига бепул тарқатадилар.
Шунингдек, улар турли санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини, ёш ижодкорлар кўрик-танловларини ташкил этиш ва ушбу "тадбир"лар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш, айрим тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига "малакали" мутахассис кадрларни "иш"га юбориш, якка-ёлғиз ва ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган шахсларга "кўнгилочар" мактублар йўллаш, ёшлар ташкилотлари билан ўзаро "ҳамкорлик" ўрнатиш, компьютер ёки чет тилларини ўргатиш клубларини ташкил этиш, ўз сафларига қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириб туриш ва хорижий мамлакатларга "ўқиш" ёки "малака ошириш" сафарига юбориш ҳамда ишга жойлашишга кўмаклашиш каби фаолият усулларидан фойдаланишлари ҳам мумкин.
Шунинг учун ҳам фуқароларимиз бундай таъсир доирасига кириб қолишдан ўзларини асрашлари керак.
Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди", деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги (1998 йил 1 май куни қабул қилинган) "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунининг 3-моддасида "Виждон эркинлиги – фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган Конституциявий ҳуқуқидир", дейилади. Ушбу ҳуқуқдан ҳеч ким маҳрум этилиши мумкин эмас.
Аммо мазкур модданинг иккинчи қисмида "Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди".
Қонуннинг 5-моддаси талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.
Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди.
Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар". Яъни, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 240-моддаси ("Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш") иккинчи қисмига кўра энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2162-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ бундай ҳаракатлар шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Айни пайтда вилоятимизда 310 та диний ташкилот белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан 285 таси Ислом дини бирлашмалари, 25 таси эса бошқа конфессиядаги диний ташкилотлардир. Ушбу диний ташкилотларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Аммо миссионерлик, яъни бир дин ғояларини бошқа бир динга эътиқод қилувчи шахслар ўртасида тарғиб қилиш, одамларни ўзга динга ағдариб олиш – Ўзбекистон Республикасида қонун билан таъқиқланган фаолият. Бундай таъқиқ дунёнинг деярли барча мамлакатлари қонунларида ҳам мавжуд бўлиб, миссионерлик иши қораланади.
Шунинг учун ҳам миссионерлик хатти-ҳаракатини олиб бормоқчи бўлган шахслар қонун олдидаги ўз масъулиятини ҳам яхшилаб ўйлаб кўришлари керак. Айниқса, бошқа дин ғояларини тарғиб этаётган "хушхабарчи"ларнинг алдовларига ишонмайлик, бундай ҳаракатларга йўл қўймайлик.
Йўлдош СУЮНОВ, Республика Маънавият тарғиботи маркази вилоят бўлими раҳбари.