Салиб юришлари чоғида қилинган миссионерлик ҳаракатларида бир нарса диққатни тортади: бу юришлардан кўзланган асос мақсадлар турлича бўлса-да, миссеонерлар бу юришлардан мусулмонларни насронийлаштириш учун қулай бир фурсат сифатида фойдаланишган. Бошқа бир жиддий миссионерлик ҳаракатини XIII асрда ассисилик Франкис амалга оширади.
Франкисдан кейинги муҳим шахс Роман Лулл ҳисобланади. Черков тарихида энг муҳим ўринлардан бирини тутувчи Лулл мусулмонларни насронийлаштиришнинг уч усул хусусиятини кўрсатади. Буларнинг биринчиси мусулмон ўлкаларнинг маҳаллий тилларини ўзлаштириш-ўрганиш эди. Ҳақиқатдан ҳам Луллнинг бу фикри XIV аср (1312-1313)да Вияна консуллигида, Рома, Оксфорд ва Париж университети каби йирик ўқув юртларида амалга оша бошлади. Мусулмон халқлари тили ўрганишга киришилди. Унинг иккинчи усули насроний таълимоти акс этган асарларнинг ёзилиши эди. Учинчиси эса мусулмонлар орасида миссионерлик ҳаракатларини юритувчи мард ва ишончли инсонларни етиштириш фикри эди.
Ўрта асрларда Ислом ўлкаларига қаратилган миссионерлик ҳаракатларида жуда муҳим нуқта бор эди. Насроний роҳиб ва сайёҳлар Ислом ўлкаларига сафар қилиб, уларнинг заиф томонларини ўрганишга киришганлар. Масалан, турли Ислом ўлкаларига саёҳат уюштирган Фабри ва Пилоти каби сайёҳларни айтиш мумкин. Булардан Пилоти насронийликни қабул қилганлар жуда яхши адолат ва эҳсонга сазовор бўлишини таъкидлаган. Яна бир миссионер Кеттонли Роберт эса Қуръонни бузиб таржима қилган. Арабча баҳс асарлар ғарбда кенг ёйилган.
Ислом ўлкаларига қаратилган шиддатли миссионерлик ҳаракатлари ғарбнинг мустамлакачилик юришлари билан ёндош ҳолда амалга оша борди. XVI асрдан бошлаб жизвитлар номи билан черковга боғланган миссионерлар гуруҳи Африка ўлкаларида, Ҳиндистонда, Узоқ Шарқ ва Ўрта Шарқда кескин ҳаракатларни амалга оширганлари кўзга ташланади. Хусусан, Испаниол-портекс ташвиқотига боғлиқ ҳолда учинчи дунё деб ҳисобланган ҳудудларда миссионерлик фаолиятлари шиддатли тусга кирган. Жануб ва Жанубий-шарқий Осиё билан Африкада уюштирилган ҳаракатларга Ҳиндистон, Хитой, Япониядаги ҳаракатлар ҳам қўшилди.
XVIII асрдан эътиборан бу ҳаракатларга турли протестант черковларига боғлиқ миссионерлар ҳам қўшилишди. Ҳенри Мартин «Britsh East India» компаниясининг бир роҳиби сифатида 1810 йили Ўрта Шаркда фаолият кўрсатган илк протестант ҳисобланади. «Church Missionare Society of the Church of England» эса бир оз кейин Фаластинда иш бошлаган. «American Board of Commisiners for Foreign Missions» ташкилоти миссионерларнинг Ўрта Шарққа келишларини назорат қилган. Бу ташкилот аъзоларидан икки америкалик миссионер Л.Персонс ва П.Фиск 1820 йили Измирга жойлашиб, миссионерлик фаолиятларини юритишган.
Ислом ўлкаларига ва учинчи дунёга қаратилган бу ҳаракатларда миссионерлик ташкилотлари ва уларнинг аъзолари бу ҳудудлардаги мустамлака бошқарувлари билан яқин алоқада бўлишган.
Шу тариқа миссионерлар ташвиқот билан бирга сиёсий ишларга ҳам бош тиқишган. Масалан, XIX асрнинг бошларида Измирга келган америкалик миссионер Парсонс 1820 йили Измирдан ёзган бир мактубида Усмонли салтанати билан боғлиқ шу қайдларни битган: «Кўнглимда илоҳий ёрдам билан қудратли ва гуноҳкор императорликнинг тамоман вайрон бўлишини таъминловчи система қуришга кучли истак ҳис қиляпман. Буни кўриш орзуим...»
Миссионер ташкилотларининг Ислом ўлкаларидаги асосий нишони мусулмонлар ва бошқа бутун халқ эди. Аммо мусулмонларнинг ва бошқа маҳаллий ҳукмдорларнинг жиддий эътирози ва қаршилиги миссионерларнинг ишларини анча тўсиб қўйди. Шунга қарамай, миссионерлар Ислом ўлкаларида яшовчи баъзи халқларга таъсир ўтказишди. Бу ишда улар очган таълим муассасалари қўл келди. Бу таълим жамиятлари халқ орасида турли низолар чиқаришни ҳам кўзлар эди.
Сўнгги икки асрда турли йўл ва усулларда ҳаракатлар юритган миссионерлар исломий қадриятларга қарши нохуш тассуротлар уйғотишга интилишди. Масалан, Г.Пфандер ва З.Звемерлар бошлиқ миссионерларга оид нашрларнинг арабча, туркча, форсча нусхалари ушбу мақсадларга хизмат қилган.
Ушбу ёзма ташвиқот нашрларидан бири Пфандернинг XIX асрда ёзилган «Мезонул ҳақ» асаридир. Бу асар ҳақоратли, масхараомуз фикрларга тўла китобдир. Бу каби асарлар турли тилларга ўгирилиб, исломий ўлкаларнинг ўзларига тарқатилди. Пфандернинг асарига Раҳматуллоҳ Қайрановий «Изҳорул ҳақ» номли асари билан жавоб берди.
Фақат XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ғарб давлатларидаги сиёсий, ҳарбий кучларнинг дунёвий ҳукмронликларини орттириб боришлари ва ҳарбий кучлари билан миссионер ташкилотлари ўртасидаги яқин алоқалар уларнинг янгидан «ҳужум»га ўтишларига имкон берди. Шу зайлда миссионер ташкилотлари, халқаро беминнат ёрдам ташкилотлари, иқтисодий ташкилотлар ва бошқа номлар билан ўзларини ниқоблаб, мусулмонларга қарши миссионерлик фаолиятларини юрита бошладилар.
Бугунги кунда черковларга боғлиқ мингларча миссионер ташкилотлари билан бирга юзларча мустақил миссионерлар дунёнинг турли бурчакларида ўз ҳаракатларини юритишмокда.
Баъзи ҳудудларда улар ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормокдалар. Аммо баъзида (Африканинг айрим жойларида) бир-бирига рақиблик ҳоллари ҳам учрайди. Шундай рақиблик туфайли тарих - 1990 йили Руандада бўлган қатлиомдаги каби - шиддатли тўқнашувларга ҳам гувоҳ бўлди.
«Бутун дунёни Инжил хабарлари руҳида тарбиялаш»



