Миссионерлик деганда нимани тушуниш керак?
Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим.
Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миесионер эса "вазифани бажарувчи" деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Турли луғатлар ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Уларнинг деярли барчасида миссионерликка хос хусусиятлар атрофлича тавсифланган. Жумладан, ҳар йили қайта нашр этиладиган "Жаҳон китоби" энциклопедиясида "Миссионер бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон", — деган фикр қайд этилган. 2005 йилда Москвада нашр этилган "Кирилл ва Мефодийнинг катта энциклопедияси"да эса «Миссионерлик бирор диний бирлашма вакилларининг ўз эътиқодини бошқа дин вакиллари орасида ёйиш ҳаракати», — деган таъриф келтирилган.
Умуман олганда, турли луғатлар ва манбаларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшаш бўлиб, уларга таянган ҳолда қуйидаги хулосани чиқариш мумкин: миссионерлик — бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Миссионерлик билан бир қаторда прозелитизм ҳақида ҳам гапиришади? Унинг моҳияти нимада?
Прозелитизм тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Прозелитизм келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, бизга қўшни бўлган айрим давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда.
Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса, ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.
Христиан ёки бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Оилада қизнинг ота-онаси мусулмон. Албатта, улар ўз қизларини мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо христианликни қабул қилган қизга мусулмон кишининг уйланиши амри маҳол.
Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерликнинг таркибий қисми бўлган прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низолар ва жанжалларнинг авж олишига ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради.
Христиан миссионерлиги қандай ғоявий-ақидавий асосларга таянади?
Маълумки, христианликнинг айрим йўналишларида "Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт", - деб ҳисобланади. Исо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани ҳақида Марқдан ривоят қилинган "Инжил"да келтирилган қуйидаги сўзлар бундай қарашлар учун асос қилиб олинади:
"... 15. Исо шогардларига деди: «Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар".
Бундай даъват Маттодан ривоят қилинган «Инжил»да ҳам мавжуд. Унда Исо ҳаворийларга яқинлашиб, шундай дегани қайд қилинади:
"19. ...барча халкдардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўқинтиринглар.
20. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсаларга амал қилишни уларга ўргатинглар...".
Юқоридаги каби чақириқларни «Инжил»дан яна кўплаб топиш мумкин. Аммо миссионерлар ўз фаолиятини ташкил этишда асосан қайд этилган далилларга таянадилар.
Шу ўринда адолат юзасидан бир фикрни алоҳида қайд этиш лозим. Кўпчилик ҳолларда муайян дин доирасида шаклланган у ёки бу кўрсатмалар, ақидалар конкрет тарихий шарт-шароит билан боғлиқ бўлади ва ўз даври учун тўғри ҳисобланади, Вақт, шароит ўзгариши билан ўзининг бирламчи аҳамиятини йўқотган бундай кўрсатмалар ўша даврдаги тарихий вазиятни тушуниш ва баҳолашда қимматдорлик касб этади. Миссионерлар ўз фаолияти учун асос сифатида "Инжил"дан келтирадиган юқоридаги сўзлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Зеро, Исо Масиҳ томонидан қилинган бундай даъватлар кўп худолилик ўрнига якка худоликни тарғиб қилиш билан боғлиқ эди. Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги яккахудоликка асосланган ўз динларига эътиқод қилади. Шундай экан, қайд этилган кўрсатмаларни миссионерлик билан шуғулланиш учун ғоявий асос қилиб олиш тарих ҳақиқатига зид эканини таъкидлаш зарур.
Миссионерлар бундай фаолиятни Исонинг ўзи бошлаб берган эди, деб таъкидлашни хуш кўрадилар. Уларнинг бундай даъволари нечоғлик тўғри?
Бундай қарашлар қачонлардир содир бўлган тарихий воқеаларни ғараз мақсадларда бузиб талқин қилиш ҳосиласидир. Миссионерлар, одатда ўз қарашларини асослаш учун Луқодан ривоят қилинган "Инжил"да Исо Масиҳнинг ўз шогирдларини турли қишлоқларга юборгани ҳақидаги қуйидаги сўзларни келтирадилар:
"6. Шогирдлар жўнадилар. Кишлоқдан-қишлоққа ўтиб бориб, ҳаммаёқда Хушхабарни тарғиб қилар... эдилар".
Айнан ушбу сатрларни миссионерлар турли жойларга миссионерларни жўнатишни Исонинг ўзи бошлаб берган ва илк миссионерлар ҳаворийлар бўлишган эди, деб талқин қилишади. Аммо Исо Масиҳнинг бу даврдаги фаолияти фақат яҳудийларгагина қаратилган эди. Бу инкор этиб бўлмайдиган тарихий ҳақиқат эканини "Инжил"даги қуйидаги сўзларда ҳам кўришимиз мумкин:
"...5. Исо бу ўн икковини жўнатиб, буйруқ берди: «Мажусийлар йўлига оёқ босманглар ва самарияликларнинг бирон шаҳрига кирманглар.
6. Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи оддига боринглар".
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Исо ва унинг шогирдлари томонидан амалга оширилган даъватлар Иерусалим (Қуддус) шаҳри чегарасидан чиқмаганини кўзга кўринган христиан тарихчилари ҳам эътироф этадилар. Аммо замонавий миссионерлар, уларнинг мақсадларига хизмат қилмагани учун, бундай фикрларни билиб билмасликка олишга, тарихий ҳақиқатдан кўз юмишга ҳаракат қиладилар.
Миссионерлар христианликнинг Исроил ҳудудидан ташқарига ёйилишини ҳам илк миссионерлар фаолияти билан боғлашади. Шу тўғрими?
Нотўғри. Тарихчилар христианликнинг Қуддус шаҳри чегарасидан ташқарига чиқишини 37-йилда христианларнинг қувғин қилиниши билан боғлайдилар. Қувғинга учраган христианлар ҳозирги Исроил ҳудудининг жануби ва шимолида жойлашган қадимги Иудея ва Самария вилоятлари бўйлаб тарқаб, ҳамма жойда ўз динларини тарғиб қила бошлаганлар. Бу воқеа "Инжил" таркибига кирувчи «Ҳаворийлар» китобида қуйидагича акс этган:
"4. Шу орада тарқалиб кетганлар Инжил Хушхабарини тарғиб қилиб юришди".
Ҳатто Қуддус черковининг асосан хўжалик ишлари билан шуғулланадиган, энг қуйи — диакон (юнонча — Шакопоз-хизматчи) лавозимини эгаллаган ходимлари ҳам ўзларининг маъмурий ишларидан ажралиб, моҳир "хушхабарчи"ларга айландилар. Улардан энг машҳури «Даъватчиларнинг отаси» номини олган диакон Филиппдир. Айнан у Самария ўлкасида фаолият юритган, унинг пойтахти Себаста шаҳрида жуда кўплаб кишиларни христианликка киритиб, оммавий чўқинтирган.
Шундай бўлса-да, диакон Филипп ва унга ўхшаган кўпгина хушхабарчилар, Исо Масиҳ таълимоти яҳудийларгагина тааллуқли, деган ёндашувдан келиб чиқиб, асосан яҳудийлар орасида тарғибот ишларини олиб борганлар.
Бироқ кейинроқ илк христиан "даъватчилари" аста-секин Ўрта денгиз бўйлаб Аппенин ярим оролига ҳам кириб боришади. Рим империясида уларга салбий муносабат билдирилса-да, улар империянинг марказий ҳудудлари ва пойтахтига кўчиб келишда давом этаверишган.
IV асрга келиб "даъватчилар" хатти-ҳаракатлари натижасида христиан дини Рим империясида давлат динига айланди. Христиан "даъватчилари" аста-секин Европанинг шимолий ҳудудларига ҳам кириб бордилар ва христианлик Рим империясининг улкан ҳудуди бўйлаб эски динлар устидан ғалаба қозонди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юқоридаги каби қарашлар турли тушунчалар мазмунини атайлаб чалкаштириб, тарихий воқеликни бузиб талқин қилиш натижасидир. Чунки христианлик энди пайдо бўлган бир шароитда фаолият олиб борган "даъватчилар" (гарчанд уларга нисбатан ҳам "миссионер" сўзини қўллаш кенг тарқалган бўлса-да) билан бугунги "миссионерлар" орасида кескин фарқ борлигини ва уларни асло бир қаторга қўйиб бўлмаслигини унутмаслик лозим. Зеро, ўз даврида христианликнинг фаол тарафдорлари томонидан "даъватчилик" ишларининг олиб борилиши, ўз таълимотларини тарқатишга ҳаракат қилишлари табиий бир ҳол эди. Бугун дунёнинг диний манзараси ўзининг аниқ шаклу шамойилига, турли халқлар асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларига эга бўлган бир даврда илк "даъватчилик"дан фарқли равишда миссионерлик миллат, жамиятни диний асосда бўлиб юборишга қаратилган бузғунчиликнинг бир кўринишига айланиб қолганини алоҳида таъкидлаш зарур. Миссионерларнинг аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини исломга эътиқод қиладиган Ўзбекистонда фаолият олиб боришга интилаётгани ҳам бундай бузғунчиликка ёрқин мисол бўла олади.
Дастлабки миссионерларнинг фаолияти ҳақида нима дейиш мумкин?
Рим қўшинлари билан бирга юриб, босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида христианликни тарғиб қилган кишиларнинг фаолияти замонавий миссионерликнинг илк кўринишлари эди, дейиш мумкин. Европа қитъасида христианликнинг тарқалишига катта ҳисса қўшган энг машҳур миссионерлар қаторига 400-йилларда Ирландияда христианликни тарғиб қилиб, ушбу диннинг оролда тарқалишига улкан ҳисса қўшган, авлиё мақомида эътироф этиладиган Патрикни, шунингдек, Бонифаце, Сан Хосе ва Жан де-Бребеф каби руҳонийларни киритиш мумкин.
Миссионерлар фаолияти натижасида христианлик 400-500-йилларда Африкада мустаҳкам ўрнашиб олди ва ўз даври учун анча қудратли бўлган масиҳий қиролликлар пайдо бўлди. Улардан энг машҳури Ҳабашистон империяси эди. Ушбу қироллик катта ҳудудларни, ҳатто Арабиетон ярим оролининг жанубини босиб олиб, арабларни масиҳийликка ўтказмоқчи бўлган эди.
Папа Буюк Грегори VII асрда Августин бошчилигида Британияга миссионерларни жўнатади. Шу тариқа миссионерлк кенг жуғрофий кўлам касб этиб борди.
"Салб юришлари" номини ожан урушлардан ҳам асосан миссионерлик мақсадлари кўзланган дейишади. Шу тўғрими?
Дарҳақиқат, Х1-ХIV асрларда Рим Папаси бошчилигида "Муқаддас Ер", яъни Қуддус шаҳрини озод қилиш баҳонасида амалга оширилган, аслида босқинчилик билан бойлик орттиришга қаратилган урушлар, яъни "Салб юришлари"дан ҳам асосан миссионерлик мақсадлари кўзланган эди. Тарихдан шу нарса маълумки, салбчилар Қуддусни эгаллаб олгач, шаҳардаги масжидларга ўт қўядилар, насронийликни қабул қилишни истамаган кўплаб кишилар қиличдан ўтказилади. "Муқаддас Ерни" озод қилиш шиори остида руҳонийлар бутун Европа христианларини оёққа турғиза олганлар ва ҳар бир христиан бу юришларда қатнашишни ўзига шараф, деб билган.
Бундан ташқари Буюк географик кашфиётлар даврида Рим черкови янги халқларни инжиллаштириш учун бир қатор миссионер гурухларни янги қитъага йўллади ва христианлик Америка бўйлаб тарқала бошлади. Бунда асосан католик миссионерлари ҳиндулар ва эскимослар орасидаги фаолиятлари билан ажралиб турдилар.
ХУ-ХУ1 асрларда Испания ва Португалия мустамлака империялари ташкил топгач, миссионерлик католик черкови доирасида ўз фаолиятини кучайтириб, янги ерларни забт этишнинг ғоявий асоси бўлиб хизмат қилди. Католикларнинг турли йўналишларига мансуб миссионерларнинг ошкора ёки махфий равишда Америка, Африка халқларини забт этишда қатнашганлари бунга далил бўла олади.
XIII—XVI асрларда христиан миссионерлиги Ҳиндистон, Хитой ва Японияга ҳам кириб борди. Японияда миссионерлик шу даражада ривожланиб кетдики, XIX аср ўрталарида япон императори барча миссионерларни айғоқчи сифатида кунчиқар мамлакатдан ҳайдаб юборди. Мазкур мисол ва Африканинг бир қатор қабилалари тилида "миссионер" сўзининг "қотил" сўзининг синоними сифатида ишлатилиши ҳам миссионерликнинг раҳм-шафқатга асосланиши ҳақидаги фикрларнинг чўпчак эканини кўрсатади.
Бугунги кунда машҳур диншунос олимлар сифатида эътироф этиладиган айрим кишилар ҳам аслида илк христиан миссионерлари бўлган дейишади. Бу ҳақда нима дейиш мумкин?
Бундай ёндашув "машҳур диншунос олим" сифатида эътироф этиладиган айрим кишиларнинг аслида ким бўлганини, уларнинг қандай шароитда "дунё таниган диншунос мутахассисга" айланганини билмаслик, уларнинг фаолиятини бир ёқлама баҳолашнинг натижасидир. Масалан, Уильяма Джонс (1746— 1794) санскрит тилини биринчи бўлиб ўргангани, Франц Боппом (1791—1867) эса санскрит тили луғатини тузгани тарихий ҳақиқат.
Таниқли диншунос сифатида эътироф этиладиган Жозеф Лафито (1681—1746) — Шимолий Америкада, Шарль де Бросс (1709-1777) — Ғарбий Африкада инсон қадами етиши қийин бўлган жойларгача бориб, ибтидоий ҳаёт кечирадиган халқларнинг тили, дини, урф-одатлари тўғрисида ноёб маълумотлар йиғишгани ҳам рост. Маттео Рикки (1552— 1610) эса Хитойда айнан шундай фаолият билан шуғулланган эди. Улар ўз фаолиятларининг ҳосиласи сифатида иш олиб борган минтақаларидаги диний қарашлар ҳақида асарлар ҳам ёзиб қолдиришган. Ж. Лафитонинг "Ёввойи америкаликлар урф-одатларининг ибтидоий давр урф-одатлари билан қиёси" (1723), Ш. де Бросснинг "Фетиш худолар ҳақидаги трактат" (1760) номли асарлари фикримизнинг исботи бўла олади.
Аммо улар бу ишларни қандай мақсадларни кўзлаб амалга оширган эдилар? Нима учун босиб олинган Осиё, Африка ва Америка мамлакатлари ҳудудларини географик ва этнографик тадқиқ қилиш, маҳаллий халқлар учун ёзувлар, луғат ва дарсликларни яратиш билан шуғулланган эдилар? Уларнинг миссионерлик фаолияти самарали бўлганининг сабаблари нимада? Улар таҳлил қилган диний қарашлар, урф-одат ва маросимлар бутунлай йўқ бўлиб кетганини қандай изоҳлаш мумкин? Агар ана шу саволларга тўғри ва холис жавоб берадиган бўлсак, ёзиб қолдирган асарларининг бугунги кундаги қимматидан қатъи назар, уларни диншунос, ўлкашунос деб эмас, балки христианликни ёйиш жабҳасида сезиларли ютуқларга эришган миссионерлар сифатида эътироф этиш керак бўлади.
Христианлик доирасида кенг тармоқ отган миссионерликнинг ташкилий асослари ҳақида нима дейиш мумкин?
Миссионерлик ривожланиб боргани сари тегишли ташкилий асослар ҳам яратиб борилган. Хусусан, 1662 йилда Папа Григорий XV католик миссионерларига раҳбарлик қилиш учун Диний тарғибот конгрегациясини (1968 йилдан Халқларни "Инжил"га эътиқод қилдириш конгрегацияси) таъсис этгани фикримизнинг исботи бўла олади. Рим Папаси Пий XII 1957 йилда миссионерликка даъват руҳи билан суғорилган "Фидейи Донум" (итальянча - "Эътиқод инъоми"), Иоанн XXIII 1959 йилда "Принцепс посторум" (итальянча - "Йўлбошчилар учун низом"), Павел VI 1967 йилда "Популорум профессио" (итальянча - "Халқларнинг ривожланиши") номли номаларни эълон қилгани ҳамда II Ватикан соборида (1962-65) миссионерлик масалаларига бағишлаб махсус декрет ишлаб чиқилгани ҳам бу йўлдаги ишлар тадрижий ташкил этилганини кўрсатади.
XX асрга келиб, ўз ҳолича миссионерлик билан шуғулланган ташкилотларни бирлаштириш йўлида ҳаракатлар бошлаб юборилди ва илк халқаро протестант миссионерлик тузилмалари шакллантирилди. Биринчи бутунжаҳон протестант миссионерлари конференцияси 1910 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида бўлиб ўтди. Кейинроқ эса «Халқаро миссиялар кенгаши» тузилди. Бу кенгаш «Бутунжаҳон черковлари кенгаши»га аъзо бўлиб, протестант миссионерлигининг фаолиятини йўналтириб турувчи асосий ташкилот ҳисобланади.
Миссионерлик муассасалари йирик капитал ва ерларни тасарруфларига олиб, ўз мамлакатлари сиёсатини ўтказишда фаол иштирок этдилар. Маърифат тарқатиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини монополлаштириб олиб, шу йўл билан христианлик тарғиботини кучайтирдилар.
Ҳозирги кунда миссионерлар ўз ташкилий асосларини яратишда асосан нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлари мақомидан фойдаланишмоқда. Бундан ташқари баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида фаолият олиб боришмоқда.
Ўрганиш айрим халқаро ташкилотлар ўз ҳукуматлари томонидан молиялаштирилган дастурларга биноан МДҲ давлатларидан талаба ва ўқувчиларни у ёки бу мамлакатга юбориб, уларни диндор фуқароларнинг оилаларига жойлаштириш ва шу йўл билан бир йил давомида уларни прозелитларга айлантиришдек мақсадларни кўзлаб фаолият олиб борганини кўрсатади. Мазкур мисол миссионерлик билан шуғулланадиган ташкилотлар эътиқодий ўзгартишлар объекти қилиб танланган давлатларга ўз ҳукуматлари қўллаб-қувватлашига таяниб, кириб боришга ҳаракат қилаётганликларини ҳам кўрсатади.
Миссионерликни фақат христианликка хос, деб билиш тўғрими?
Адолат юзасидан ҳам, ҳақиқатни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам, миссионерликни фақат христиан дини билан боғлаш тўғри бўлмайди. Миссионерлик ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган.
Бугунги кунда эса миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда "Қуёшга топинувчилар" ("Солнцепоклонники") каби янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур.
Шундай бўлса-да, бир ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. «World Вооk» энциклопедиясида келтирилган маълумотларга кўра, дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Хусусан, протестантлик замонавий миссионерликнинг асосий ҳомийси бўлиб турганини алоҳида қайд этиш лозим.