Tools
Register Login

You are here: Бош саҳифа » Миссионерлик » Миссионерларга жавоб » Миссионерлар туҳматларига раддия
Якшанба, 20 Mай 2012

Миссионерлар туҳматларига раддия

Миссионерларга жавоб 22.01.2012 13:52
Миссионерлар туҳматларига раддия hilol.com
Савол: Кўчада кетаётган эдим, уч нафар Карис миллатига мансуб аёллар мени тўҳтатиб, дин тўғрисида гапиришди. Мени ўша динга киришимга чорлашди. Мен мусулмонман десам, улар “Муҳаммад ёш қизларни мажбурлаган, ёш қизларга мажбурлаб уйланган”, дейишди. Шу тўғрими?
Жавоб: Бу мутлақо нотўғри. Бўҳтондан ўзга нарса эмас. Бу каби сўзни биринчи бор эшитишим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда кўп туҳматлар қилинган. Бу эса янгиси экан. Олдинги миссионерлар сал ақллироқ эдилар. Улар бирор туҳмат қилишларидан олдин озгина ўйлаб кейин, туҳмат қилардилар. Чунки туҳмат қилаётган кимса ҳам бирор далил келтириши керак-да. Олдинги миссионерлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаҳвоний хирсларга берилган кимса, шунинг учун «Худоси» тўртагача хотин олишга ижозат берса ҳам, бунга қониқмай тўққизтага уйланган деб туҳмат қилишганди. Аммо бу каби “Ёш қизларни мажбурлаган, ёш қизларга мажбурлаб уйланган.”, дея туҳмат қилишмаганди. Чунки улар бу каби туҳматга бирор бир айтарли далил келтиролмасликларини билишарди. Янги миссионерлар бу туҳматларини қандай исботламоқчи бўлишганидан бехабармиз. Саволда ҳам бу нарса келтирилмаган. Шундай бўлсада саволга жавоб бериб ўтамиз. Тушунишимизча гап Оиша онамиз ҳақларида кетмоқда. Бу саволга жавоб беришдан олдин, олдинги миссионерларнинг “Муҳаммад шаҳвоний хирсларга берилган кимса, тўққизта хотини бўлган” деб қилган туҳматларига бироз тўҳтаб ўтмоқчимиз. Чунки янги миссионерлар ҳам бу туҳматларни тарқатиб ҳалқнинг «қулоғига тепишларига» ишончимиз комил.
Биринчидан:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳвоний хирсларга берилган киши бўлганларида эди, ёшликларида, айни кучга тўлиб тошганларида хотинларини кўпайтирар эдилар. Ёшлари ўтиб,  элликдан ошганларида эмас. Чунки ҳамма, жумладан миссионерлар ҳам  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари элликдан ошгунича фақат битта хотинлари бўлганини билади.
Иккинчидан: Шаҳватга берилган кимса кўпроқ ёш ва бокираларга мойил бўлади. Оналаримизнинг аксарлари ёшлари катта бўлган, Оиша онамиздан бошқа барчалари олдин бир ёки бирнеча бор турмуш қурган бўлишган.
Учинчидан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, оналаримизга уйланишлари Аллоҳ тарафидан бўлиб, қайсидир ҳукмни баён қилиш (тутинган ўғил талоқ қилган аёлга уйланиш жоизлиги), аёлларга хос фиқҳий масалаларни билдириш (ҳайз ва нифос каби), қандайдир ҳикмат юзасидан (асир олинган қабилани озод этилиши каби) бўлган.
Умуман олганда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончи ёки шаҳвоний кимса бўлганларида, ҳоҳлаган нарсаларини қилаверган, шаҳватларини қондириш учун ҳоҳлаган ҳукмларини чираверган бўлардилар. Чунки у кишига эргашган, тасдиқлаган кимсалар бунисига ҳам ишонишар эди. Қадимда Оврупада биринчи никоҳ кечаси қонуни бўларди. Янги турмуш қурганлар подшоҳ ёки зодагонларга «табаррук» қилиб бериш учун биринчи никоҳ кечасини «илинишар» эди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улардан қайлари кам эди. Шу каби ҳукм чиқарганларида барча тасдиқлаган бўларди. Ёки подшоҳлар каби қирқта, элликта канизаклар тутсалар бўлмасмиди? Мушриклар у зотга нималарни таклиф қилишмади? Шу таклифларни қабул қилиб: “Мен фалон, фалон аёл, қизларни, фалонча канизагу – жорияларни ҳоҳлайман” деганларида улар албатта, муҳайё қилган бўлардилар.
Бу каби сўзлар аниқ ва ойдин туҳматдир. Ҳаргиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончи ҳам шаҳвоний ҳам эмаслар. У зот Аллоҳ ваҳий қилганини сўзлаганлар. Аллоҳ чиқарган ҳукмни етказганлар. Аллоҳ буюрган ишни қилганлар.
Энди “Ёш қизларни мажбурлаган, ёш қизларга мажбурлаб уйланган.”, дейишган туҳматларига раддия келтирадиган бўлсак:-
Аслида бу туҳматларга, тарихда ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бу каби сўзлар ила айбламаган дея жавоб бериб қўйсак бўларди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларини эълон қилганларида мушриклар қарши турганлар. Ашаддий душман бўлишган. Дунёдаги бор туҳматларни қилишган. Бу сўз тўғри бўлганида эди, мушриклар бундай фурсатни ҳеч ҳам бой бермаган бўлишарди. Лекин бирор кимса ўша замондан то ҳозиргача бу сўзни айтмаган. Шуни ўзи бу сўзлар очиқ – ойдин туҳмат эканлигига катта далилдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамизга уйланишларига тўҳтаб ўтадиган бўлсак, бу борада устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари жуда тўлиқ, тушунарли шарҳлаб ўтганлар, шуни ҳукмингизга ҳавола этиш билан кифояланамиз. Ҳадис ва Ҳаёт китобидан.
Имом Тобарий Ҳавла бинти Ҳакиймдан қуйидагича ривоят қиладилар:
«Абу Бакрнинг уйига кириб, Оишанинг онаси Умму Рувмонни кўрдим. Мен унга:
«Ҳой Умму Рувмон! Аллоҳ сизларга хайру баракани раво кўриб қолди!» дедим.
«У нима экан?!» деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Оишага совчи қилиб юбордилар!» дедим.
«Кўнглимдаги иш бўлибди. Бир оз кутиб тур. Ҳозир Абу Бакр ҳам келиб қолади», деди.
Абу Бакр ҳам келди. Мен унга:
«Ҳой Абу Бакр! Аллоҳ сизларга хайру баракани раво кўриб қолди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Оишага совчи қилиб юбордилар!» дедим.
У ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган ҳолатларини эслади ва:
«Бу у зотга тўғри келармикан? Ахир биродарининг қизи?» деди.
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб бориб, ҳалиги гапни айтдим. У зот буни эшитиб:
«Унинг олдига қайтиб бор ва «Сен менинг Исломдаги биродаримсан, мен ҳам сенинг биродарингман, қизинг менга тўғри келади», демоқдалар», дегин», дедилар.
Мен Абу Бакрнинг олдига келиб, бор гапни айтдим.
«Мени кутиб тур. Ҳозир келаман», деди у.
Умму Рувмон гап нимада эканини равшанлаштириш учун:
«Мутъим ибн Адий Оишани ўғли Жубайрга сўраган эди. Аллоҳга қасамки, Абу Бакр берган ваъдасига зинҳор хилоф қилмайди», деди.
Абу Бакр Мутъимнинг олдига кирганда унинг хотини (Мурика) Умму Жубайр ҳам бирга ўтирган экан. Кампир бирдан сўзга кирди:
«Эй Абу Қуҳофанинг ўғли! Биз сенинг қизингни ўғлимизга олиб берсак, ҳали уни ўзингнинг динингга киритиб, муртад ҳам қиларсан?!» деди.
Абу Бакр аёлга ҳеч нарса демади. Унинг эри Мутъимга қараб:
«Бу нима демоқда?» деди.
«У ўзинг эшитган гапни айтмоқда!» деди.
Абу Бакр у ердан ваъдасига хилоф қилмасдан, Аллоҳнинг ўзи ишини ўнглаб қўйганидан мамнун бўлиб, чиқди. У тезда уйига қайтди ва Ҳавлага:
«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб кел», деди.
Ҳавла у зотни чақириб келди. Абу Бакр у зотга Оишани никоҳлаб қўйди. У ўша вақтда олти ёки етти ёшда эди».
У кишининг маҳрлари беш юз дирҳам бўлганлиги ҳам зикр қилинади.
Ҳозирда қиз болани бунчалик ёш пайтида эрга беришни ҳеч ким хаёлига сиғдира олмайди. Баъзи бир душманлар эса буни динга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ишлатишга ҳаракат қиладилар. Аммо икки тараф ҳам ўша вақтнинг шароитига, урф-одатига ва бошқа омилларга назар солишни ўйлаб ҳам кўрмайди.
Ҳа, бу иш ўша пайтнинг одати эди. Ёш туриб никоҳланган қиз фақат Оиша онамиз эмас эдилар. Балки у вақтларда аксари қизлар худди шу тариқа узатилар эдилар.
Ёш қизга уйланиш фақат у зотга тегишли бўлмай, балки у пайтда кўпчилик шундай қилар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин Мутъимнинг оиласи Оиша онамизга совчи қўйгани ҳам бунга далилдир.
Қолаверса, бу тўла маънодаги оила қуриш эмас, балки унаштириб қўйишдек бир гап эди. Никоҳдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни уйларига олиб кетмаганлар, аксинча, Оиша онамиз маълум муддатгача ота-онаси билан қолиб, аввалгидек яшайверганлар.
Тўлиқ тушунчага эга бўлдингиз деб умид қиламиз. Мавриди келганда шуни ҳам эслатиб ўтмоқчимиз. Ҳозир жуда ҳам сергак тортадиган замонда яшамоқдамиз. Миссионерлар турли гап сўз тарқатиб, динимиздан оғдирмоқчилар. Уларнинг асл нийятлари одамларга яхшилик етказиш эмас. Балки одамлар орасини бузиш, тинчлигига хавф солиш, фитна чиқаришдир. Шундай кимсаларга йўлиқсангиз дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришингизни сўраймиз. Ўзимча улар билан тортишиб, қандайдир жанжалларга аралашмайлик. Чунки улар бошқа дин вакили ва мусулмонлар орасида низо чиқариб, дунёга аййуҳаннос солиб, тинчлигимизни бузишни нийят қилганлар.
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи вабаракатуҳу.

Хайруллоҳ Ҳабабуллоҳ
Ўзгартирилди 22.01.2012 13:55
Abu Muslim

Abu Muslim

E-mail: Ушбу e-mail манзил спам-ботлардан ҳимояланган, уни тасвирлаш учун JavaScript-ни ёқишингиз лозим.

Фикр билдириш

Make sure you enter the (*) required information where indicated.
Basic HTML code is allowed.





Сўровнома

Миссионер талабалар