Tools
Register Login

You are here: Бош саҳифа » Миссионерлик » Миссионерларга жавоб » Кимни Аллоҳ ҳидоят этса, уни (ҳеч ким) адаштира олмас!
Якшанба, 20 Mай 2012

Кимни Аллоҳ ҳидоят этса, уни (ҳеч ким) адаштира олмас!

Миссионерларга жавоб 24.12.2011 16:05
Кимни Аллоҳ ҳидоят этса, уни (ҳеч ким) адаштира олмас! hilol.com
Ёки Роҳиб Силининг ҳақ йўлни топиш тарихи

Бу ҳикоя ҳар бир эшитувчисининг туйғуларини жунбишга келтирадиган, кўзлардан ёш оқизадиган, инсонларни тафаккурга чорлайдиган жуда таъсирли ҳикоядир. Бу ҳикоя бошқа динга мансуб бўлиб, ўша ўзи эътиқод қилган динга миссионер фаолияти билан шуғулланган ва черков ҳузурида катта обрў ва мартабага эга бўлган Сили исмли кимса ҳақида.  Унинг ҳақ йўлни қидириши ва ҳақни топгач, мартабали, обрўли, бадавлат Роҳиб Силидан, хокисор, камбағал, оддий Иброҳим Силига айланиши ҳақида. Бу ҳикояни мен бундан бир неча йил муқаддам талабалик чоғларимда араб газеталарининг бирида ўқиган эдим. Ўша пайтда жуда қаттиқ таъсирланган эдим. Шундан сўнг христианлик ҳақида маълумот йиға бошладим. Менга Ислом.Уз порталининг мудири Абу Муслим hilol.com сайтига мақола тайёрлаб туришимни илтимос қилинганда ҳам биринчи бўлиб шу ҳикояни ҳукмингизга ҳавола этишни хоҳлаган эдим. Аммо бу ҳикояни қанча қидирмайин топа олмадим. Интернет сайтларини кўздан кечириш асносида бир арабий сайтнинг “Зулумотдан Нурга” рукни остида шу ҳикоя келтирилганига кўзим тушиб қолди ва бу ҳақда мақола ёзишни бошладим. Келинг, фикр ва мулоҳазани кейинга суриб,  ҳикояни батафсил тинглаб олайлик.
“Мен черков ғоясига қаттиқ берилган роҳиб эдим”, деб сўзини бошлайди Иброҳим Сили: “Черков хизматига бутун куч ва ижтиҳодимни сарфлар эдим. Балки, бунга ҳам қониқмай, миссионерлик фаолияти билан ҳам шуғулланардим. Бу ҳаракатларимни кўрган Ватикан мени Жанубий Африканинг энг катта роҳиби этиб сайлади. Мен бу лавозимдан руҳланиб, халқни христианликга чақиришни кучайтириб юбордим. Ватикандан келган маблағларни ҳам шу йўлда сарфлашни бошладим. Мактаб, боғча, касалхона, қишлоқ ва ўрмонларни зиёрат қилиб, одамларга пул, совға салом таклиф қилар шу орада уларни христианликка тарғиб қилардим. Ватикан менга ишонганидан ҳеч қандай маблағни аямас эди. Тез орада бойиб кетдим. Шу билан бирга одамлар ва роҳиблар орасида мартабам янада ўсиб борарди. Бир кун яна совға-салом олгани бозорга тушдим. Совғалар растасининг бирида куфий бош кийим кийиб олган бир кимса савдо қиларди. Уни мусулмон экани яққол билиниб турарди. У билан совғаларни нархида савдолашиб, арзонроқ нархда сотиб олдим. Мен узун оқ ёқали роҳиблар кийимида эдим. У мени кийимимда билиб: “Сиз роҳибсиз, шундайми?” деди. Мен: “Ҳа, шундай”, дедим. У: “Сизнинг Худойингиз ким?” деди. Мен: “Ийсо Масиҳ барчани худосидир”, дедим. У: “Мен сизни мунозарага чорлаб айтаман, Инжилнинг бирор ерида Ийсонинг ўз тили ила “Мен худоман”, “Мен худо ўғлиман, менга ибодат қилинг!” деган сўзи йўқдир”, деди.  Гўё, бошимга гурзи билан урилгандек бўлди. Нима деб жавоб қайтаришни билмай қолдим. Ўйланиб қолдим, мендек Жанубий Африка роҳибларининг катталаридан бири бўлган кимсани, бир оддий мусулмон сотувчиси мунозарага чақириб турса, устига устак савол ташасаю, сал кам Инжилни барчасини ёд билишимга қарамай, ҳеч нарса дея олмасам. Инжилларни барчасини ёдимдан ўтқаза бошладим, ҳақиқатан “Мен худоман, менга ибодат қилинг” ёки “Мен худо ўғлиман, менга талпилинг” деган Ийсонинг бирор бир сўзини тополмадим. Бу каби савол мендек ақли расо, зеҳни ўткир, ҳар бир нарсага бекордан бекорга ишониб кетавермайдиган, етти ўлчаб бир кесадиган кимса назаридан қандай қилиб ғофил қолди экан?!

Қўлимдан тарвузим тушиб, черковга қайтиб келдим. Бир нарсасини йўқотиб қўйган гумроҳ каби айланардим халос. На ейиш ичишда ва на ўйқу ҳордиқда тинчлик бор. Ҳаёлимда фақат ана ўша мусулмоннинг саволи ва унга берилмай қолган жавоб. Жавоб бўлса берилади-да?! Кеч бўлишига қарамай черков кутубхонасига йўл олдим. Бирин кетин китобларни қўлимга ола бошладимда, ҳатто ичини очмай ҳам стол устига қўявердим. Чунки буларни барини ўқиб чиққан ва кўпларини ёд ҳам олган эдим. Барчасида мен ечим топмоқ истаган саволга жавоб йўқ эканлиги аниқ ва равшан эди. Курсийга ўлтириб яна ҳаёлга чўмдим. Ахийри бир китобни олиб, ўқий бошладим. Китобни ўқиб бўлгач, “Ийсо худо бўлмаса, ўликни тирилтирармиди?! Ёки дунёни сал кам ярми Ийсони худо деб, тан олармиди?!” дедимда  ўзимни ўзим овутган бўлдим. Эртаси кун яна ишларимга шўнғиб кетдим. Ҳалиги мусулмоннинг саволини ҳам унита ёздим. Якшанба куни бўлганида, одатдагидек черковда мавъиза қила бошладим. Биринчи айтган сўзим, қаердан келди билмадим?, “Ийсо худоми” бўлди. Барча “Ҳа” деди. Мен яна саволни қайтардим. Яна ўша жавоб. “Далилингизни келтиринг” дедим, барча жим. Улар мени олдин савол ташлаб, кейин ўзим жавоб беришимга кўникниб қолишган эди. Бу сафар ҳам жавобни ўзимдан кутишаётган эди. Лекин бу гал менда жавоб йўқ эканлигини билишмас эди. Ҳеч нарса демай ва ҳеч нарса қилмай туриб қолдим. Ҳамма ҳайрон. Бир роҳиб дўстимдан менинг ўрнимга мавъиза қилишини сўраб, ўзим хонамга кириб кетдим. Сўнгра барча роҳибларни тўплаб, мусулмон кимса билан бўлган суҳбатни ва унинг саволини айтдим. Улар: “Сени бир оми мусулмон динингдан қайтармоқчи бўлибди!”, дея айблай кетишди. Уларга: “Ундай бўлса саволига жавоб беринглар”, дедим. Яна ўша ҳолат барча жим. Уларни тарк этдимда, ҳоли бўлиб, осмонга юзландим. Кимга дуо қилишни билмасдим. Охири “Роббим, Холиқим, Сени борлигин аниқ ва равшандир. Менга сен томон бўлган барча эшиклар ёпилди. Ўзинг тўғри йўл кўрсатмасанг, ҳақиқатни топишим амри гумондир”, деб дуо қилдим. Яна қанча дуо қилиб турганимни билмайман. Кўзларимдан ёш шош қатор бўлиб оқар, шу зайлда уҳлаб қолибман. Туш кўрибман. Тушимда бир нур ила тўла хона ичида эканман. Хонада мендан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Ногоҳ хона ўртасида бир кимса намоён бўлди. Нурга бурканганидан кўзларим қамашиб кетди. У: “Эй Иброҳим” деди. Ён атрофимга назар солдим хонада мендан бўлак ҳеч ким йўқ эди. У: “Сенсан Иброҳим, исминг Иброҳимдир. Ҳақиқатни билишни истамаганмидинг?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У:  “Ўнг томонинга қара”, деди. Қарасам оппоқ кийим кийган, оқ салла ўраган кимсалар турибди. У кимса: “Агар ҳақиқатни топмоқчи бўлсанг, уларга эргаш” дедида ғойиб бўлди.  Уйқудан хурсанд ва кўнглим хотиржам уйғондим. Энди менга тушимда кўрган ўша оқ кийим ва оқ саллали кишиларни топиш қолганди. Ишимдан татил олиб, йўлга чиқдим. Кўпгина шахарларда бўлдим. Биринчи ўринда мусулмонларни қидира кетдим. Мен кўрган мусулмонлар шим ва куфий бош кийим кийишарди. Наҳотки тушимда кўрган кимсалар мусулмонлар бўлишмаса деган гумонга ҳам бордим. Бир куни сафарим асносида Йоҳанисбург шаҳридаги Африка мусулмонлари қўмита биноси олдидан чиқиб қолдим. Бино ичига кириб, ходимларни бирини олдига бордимда тушимда кўрган оппоқ кийим ва оқ саллали кимсалар ҳақида сўрай кетдим. У мени гадой деб ўйлаб, пул берди. Мен унга “Мен сўраган нарса бу эмас. Сизлар ибодат қиладиган жойингиз борми?” дедим. У яқин орадаги масжидни айтиб берди. Мен масжид томон юзланиб кетдим. Масжидга яқинлашиб келиб, ҳайратдан донг қотдим. Масжид эшиги олдида тушимда кўрган оппоқ кийим ва салла кийган кимсалардек кийинган бир кимса менга қараб жилмайиб турарди. Жуда хурсанд ҳолда унга яқинлаша бошладим. Олдига келганимда унга бир оғиз сўз айтмасимдан: “Марҳабо Иброҳим! Ҳуш келдингиз” деб кутиб олди. Яна ҳайратим чексиз эди. У мени тушиниб: “Ажабланманг! Тушимда сизни кўрган эдим. Ҳақ йўлни қидириб юрган эдингиз. Ҳақ йўл Аллоҳ бандаларига рози бўлиб туширган Ислом динидир”, деди. Мен сал ўзимга келиб: “Тўғри мен ҳақни қидириб юргандим. Тушимда бир нурли кимса келиб, сиз каби оппоқ кийим ва салла кийган жамоатни кўрсатиб, уларга эргашишимни айтган эди. Тушимда кўрган ўша нурли кимса ким эканлигани айтиб беролмайсизми”, дедим. У: “Бу кимса пайғамбаримиз, ҳақ дин бўлмиш Ислом пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар”, деди. Мен: “Ҳақиқатан У расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламмидилар” дедим. У: “Ҳа” деб жавоб қайтариб, ичкарига бошлаб кирди ва масжид охирига ўтқазиб қўйди. Пешин намози вақти экан улар намоз ўқишди. Мен уларни намоз ўқишларини томоша қила туриб, ўзимга ўзим “Аллоҳга қасам, ҳақиқий дин шудир, китобларда пайғамбар ва расуллар Аллоҳга сажда қилиб юзларини ерга қўйишганини ўқиганман”, дедим. Намоздан сўнг, улар олдимга келишди. Мендан Исломни қабул қилишимни сўрашди. Мен ҳеч иккиланиб ўтирмай шаҳодат калимасини сўзладим. Улар мени табриклай кетишди. Баъзилари ҳатто ҳавас назари билан қараб: “Бу Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кимса”, дейишди. Мен эса ўзимни йиғидан ҳарчанд уринмай тўхтата олмасди. Бир оз вақт ўтгач, ўзимни қўлга олдим. Нафсим хотиржам, кўнглим таскин топган эди. Бир муддат улардан дин сабоғини олдим. Намоз, рўза каби арконларни, мулойимлик, бағри кенглик каби ҳусни хулқларни ўргандим. Сўнгра шаҳримга қайтиб бордим. Мени ҳамма қидириб юрган экан. Ишимга бориб Исломни қабул қилганимни, ҳақ йўл шу эканини баён этиб, уларни ҳам шу динга чақирдим. Улар мени эси пастга чиқара кетишди. Ҳар турли айбларни қўя бошлашди. Бу ишлари манфаатсиз кетишини билишгач ҳийла йўлига ўтишди. Ватикан менга катта маош, ҳашаматли уй, дабдабали ҳаёт ва агар ҳуҳласам Ватиканда катта лавозим таклиф қилди. Мен: “Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни менга (тушимда) юбориб, ҳақ йўлни кўрсатганидан сўнг, яна адашишлигимни ҳоҳлайсизларми?! Ҳаргиз ундай бўлмас. Мен сизларни Исломга чақираман”, дедим. Роҳиблардан икки киши Алҳамдулиллоҳ Исломни қабул этди. Шундан сўнг мендан барча нарсаларни, уй жой, машина ва ҳоказоларни тортиб олишди”, дея ҳикоясини якунлади Иброҳим Сили.

Ҳа, албатта, Аллоҳ ҳидоят қилганни ҳеч ким адаштира олмас. Аллоҳ адаштирганни ҳеч ким ҳидоят этолмас. Эхтимол жаноб Силининг Иброҳим исмини олиши, Иброҳим алайҳиссалом каби ҳақни қидирганлигидир. Иброҳим алайҳиссалом ҳам ҳақни қидириб, Юлдуз, Ой, Қуёшларни худо бўлса керак деб гумон қилганлиги ва уларни завол топгандан сўнг худо бўлишга лойиқ эмаслигини ва ҳақ йўлни топишда Аллоҳнинг ўзига илтижо қилганлиги ва шундан сўнг Аллоҳ тўғри йўлни кўрсатганлигини баёни Қуръон оятларида келгандир.
Олдин айтганимдек бу ҳикоядан жуда таъсирланган ва христианлик динини ўрганишга киришган эдим. Мени ҳам ўша мусулмоннинг сўзлари “Инжилларнинг бирортасида Ийсонинг (Мен худоман) ёки (Мен худо ўғлиман) деган сўзи йўқ” дегани қизиқтирарди. Чунки дунёнинг қарийиб ярми Христианлардир. Бу динга мансуб кимсалар мана неча йиллардан бери Ийсони (Худо, Худо ўғли) дея ишониб келишмоқда. Модомики Ийсо алайҳиссалом бундай демаган экан, бу тушунча қаердан келиб чиқди экан?  
Ўрганишим жараёнида Шайх Аҳмад Дийдотнинг кўп китобларини ўқиб чиқдим. Ундан ташқари бошқа китобларни ҳам мутолаа қилдим. Орада  Шайх Аҳмад Дийдотнинг (Ийсо Ислом нигоҳида) китобини таржима қилиб, ҳукмингизга ҳавола этган эдим. Шундан сўнг фақат бир томонлама бўлмасин деб, Таврот, Инжил ва христианликга оид китобларини ҳам ўрганиб чиқдим. Бу борада Аллоҳ инояти ва сўнг сизларнинг дуойингиз ила бир китоб таълиф этишга ҳам киришдим. Ҳозирча кичик бир мулоҳаза ила бу мақолани тугатишни эҳтиёр этдим.

Мулоҳаза:  Ийсо алайҳиссалом ҳеч қачон ва ҳеч ерда “Мен худоман, менга ибодат қилинг!”, “Мен худо ўғлиман, менга сиғининг!” демаган.  Инжилларнинг барида бу каби ибора йўқдир. Балки, Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳга ибодат этишга чорлаганликлари ва ўзлари ҳам Унга ибодат қилганликлари, дуои тазарруъ қилганликлари ҳақида жуда кўп оятлар бордир. Яна Ийсо алайҳиссалом ўзларини бундай «Илоҳий» шахс эканлигини билмаган ҳамдирлар. У зотнинг бундай «Илоҳий» шахс эканликларини одамлар мелодий 400 асрларга келиб кашф этишгандир.
Мақолани Аллоҳ Азза ва Жалла сўзи ила тугатмоқдан ўзга чиройли хотима тополмадим. Зеро Аллоҳ энг тўғри сўзлагувчидир.    

(.... У (Ийсо) ҳақида ихтилофга тушганлар шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашарлар.... ) (Нисо 157)

Ҳайруллоҳ Ҳабибуллоҳ
Ўзгартирилди 24.12.2011 16:13

Фикр билдириш

Make sure you enter the (*) required information where indicated.
Basic HTML code is allowed.





Сўровнома

Миссионер талабалар