Tools
Register Login

You are here: Бош саҳифа » Миссионерлик » Миссионерларга жавоб » Миссионерлар таъсиридан огоҳ булинг!
Якшанба, 20 Mай 2012

Миссионерлар таъсиридан огоҳ булинг!

Миссионерларга жавоб 04.08.2011 18:14
Миссионерлар таъсиридан огоҳ булинг! hilol.com
Инсон боласи туғилгандан бошлаб, яшашга, камолотга, юксакликка интилади. Ҳаёт йўли текис ва равон эмас, албатта. Одамзот гоҳида қоқилади, гоҳ йиқилади, озми-кўпми шикаст-жароҳатлар олади. Шулар билан унинг ҳаётий малакаси ошиб боради. Ақли ва фаросати чархланади. Олдинги хатолари такрорланмаслиги ва яна йиқилиб шикаст олмаслиги учун эҳтиёткорлик билан қадам босади, Куни кеча Ўзбекистон телевидениесидан намойиш этилган христиан миссионер фаолиятига бағишланган кўрсатув ҳам бизни хатога йўл қўймаслик учун бир огоҳлантириш бўлди.
Бундан бир неча йил олдин Америкада «Towards Understanding» («Исломни англаш сари») номли асар босилди. Бу асарда мусулмонлар билан христианлар ўртасидаги диний мунозаралар тарихи бир оз холис тасвирланади.
Ҳақиқат инсониятнинг энг шарафли мулкидир. У ҳеч кимсанинг шахсий нарсаси эмас. Эсли-хушли кишилар қарор беришдан олдин бошқаларни ҳам эшитишдан қўрқмайдилар. Аллоҳ бизга икки қулоқ ва битта тил берган. Демак, олдин эшитиб, сўнг қарор берилиши керак. Афсуски, насоролар ўзлари айтганларига ўзлари амал қилмайдилар...
Дунё динлари ичида христианликнинг Ҳазрати Исо (алайҳиссалом) ҳақидаги «отасиз туғилиш» ақидасини қабул этган ягона дин Исломдир. Фақат Исломгина Ҳазрати Марям ҳеч қандай эркакни кўрмасдан Ҳазрати Исони дунёга келтирганини, исмат ва иффат эгаси, бир бокира қиз бўлганини, Ҳазрати Исонинг (а.с.) туғилишининг илоҳий мўъжиза эканини тан олади. Ҳолбуки, яҳудийлар Ҳазрати Исони «ҳароми» деб густоҳлик қиладилар. Ислом олимларининг христианлик ҳақида ёзилган раддияларида ҳам Ҳазрати Исога (а.с.) ҳатто озгина бўлса-да ҳурматсизлик этилмаган. Бироқ христианларнинг мусулмонларга нисбатан бўҳтонлари, Ислом Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақидаги туҳматлари уларнинг асл қиёфалари қандайлигидан далолат беради.
Инжилда келтирилган Ҳаворий Павлуснинг бир сўзи бизни янада сергак бўлишга ундайди. Биз Павлусни оддий бир ҳаворий (ҳатто Исо (а.с.)ни кўрмаган) деган фикрда бўлсак-да, христиан илоҳиётчиси Х.Кунг: «Павлус христианлик асосчисидир. Усиз христианликни, ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайди», деган (Х.Кунг. «Chritianity: its essene end historiy», Лондон, 1995, р.114). Христианликда биринчи миссионерлик тамалини ҳам ана шу Павлус қўйиб берган. Демак, унинг ҳар бир сўзи, кўрсатмаси миссионерлар учун дастурул-амал ва қатъий қонун бўлиб хизмат қилади.
Энди ўша сўзларга, сиз азиз ўқувчиларнинг эътиборингизни қаратмоқчи эдик:
«Мен ҳаммасидан озод бўлсам ҳам, янада кўпроқ одамни эргаштирай деб, ўзимни ҳаммага қул қилдим. Яҳудийларни эргаштирай деб, яҳудийларга яҳудий каби бўлдим. Ўзим Таврот Қонунига қарам бўлмасам-да, қарам бўлганларни эргаштирай деб, улар учун Қонунга (яъни, Тавротга) қарамдай бўлдим. Мен Худо олдида Қонунсиз ҳам эмасман, аксинча, Масиҳнинг Қонунига бўйсунаман. Аммо Илоҳий Қонунни билмаганларни эргаштирай деб, улар учун Қонундан бехабардай бўлдим. Заифларни эргаштирай деб, улар учун заиф бўлдим. Ҳеч бўлмаса, баъзиларни қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим» («Инжил», 1-коринфликларга мактуб, 9; 19-23). «...Улар нажот топсин деб, турли йўл билан ҳамманинг кўнглини топмоқчиман...» («Инжил», 1-коринфликларга мактуб, 10; 33).
«Муқаддас китоб»нинг «муқаддас» кўрсатмаси бу.
Булардан очиқ кўриниб турибдики, Павлус одамларни ўз таълимотига ишонтириш учун ҳамма нарсани жоиз деб билганини, ҳамма йўл ва услубларни қўллаб кўрганини, ишониб қабул қилмаган тақдирда кўзлаган кишисини ўз тарафига тортиш мақсадида, гўё ўзини уларнинг ишонч ва эътиқодларини қабул қилаётгандек кўрсатиб, ўзининг кимлигини, асл ғоясини, ичидаги «хайрли» (аслида ғайрли) мақсадини яширганини очиқ баён этмоқда. Аллоҳга шукрки, ўша даврда Ислом дини мавжуд эмасди. Акс ҳолда, у сўзининг бошида «Мусулмонларни эргаштирай деб, мусулмонларга мусулмон каби бўлдим», деган бўлармиди. Лекин афюуски, Павлус бу сўзни айтмаган бўлса ҳам, унинг ворислари (Исо (а.с.)нинг ворислари эмас) буни қойиллатиб бажармоқдалар. Улар мусулмон халқи ичида ўзларини мусулмондек тутадилар. Гўё Муҳаммад алайҳиссаломга ишонгандек, у зот (с.а.в.)нинг баъзи сўзларини келтирадилар. Гўё ўзини Қуръонни илоҳий китоб деб тан олгандек кўрсатиб, баъзи оятларни мисол қилиб, унга амал этишга сизни чақиради. Очиқроқ айтадиган бўлсак, мусулмонларнинг имон-эътиқодларидан, пайғамбарлар ва илоҳий китобларга бўлган ҳурматларини суйистеъмол қилмоқчи бўладилар. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун баъзи мисолларни келтириб ўтсак.
Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти билан жуда фаол суратда шуғулланаётган «Иеҳованинг шоҳидлари» сектаси тарқатган адабиётлардаги баъзи маълумотларга эътиборингизни тортмоқчиман.

1 -мисол. Улар мусулмон кишига ўзларини Худонинг ягоналигига ишонадиган кишилар деб таништиришади. «Сизлар каби биз ҳам Аллоҳни ягона деб ишонамиз. Бошқа христианлар каби «Худо учта» демаймиз, Исо Масиҳни Худо деб айтмаймиз», дейишади (Қаранг: «Худо биздан нима талаб қиляпти?», Германия, 4-5-бетлар).
Соддароқ мусулмон бу сўзни эшитиб, яна бир христиан мусулмон бўлибди, шекилли, деб севиниб кетади. Лекин аслида уларнинг мусулмонларга мусулмондек кўриниб, уни ўз динига оғдиришга уринишининг биринчи қадамидир бу.

2-мисол. Уларнинг адабиётларидан айнан иқтибос келтирамиз.
«Ислом дунёсида Муқаддас Китоб Таврот, Забур ва Инжилдан иборатбўлган китоб сифатида танилган. Қуръоннинг камида 64 оятида бу китоблар Худонинг каломи деб номланган ва уларни ўқиш ҳамда уларда келтирилган амрларга амал қилиш таъкидланган...» («Иеҳованинг шоҳидлари: ким улар?» (варақа). Германия, 2003, 2-бет).
Ислом дунёси Таврот, Забур ва Инжилни тан олиши ва уларга имон келтириши бор гап. Лекин ушбу учта китобдан иборат бўлган яхлит бир «Муқаддас китоб» эътиқоди Исломда йўқ. Қуръони каримда «Таврот» сўзи 18 марта, «Забур» сўзи 3 марта, «Инжил» сўзи 12 марта келган (Қаранг: Муҳаммад Фуод Абдулбоқий. «Ал-муъжам ал-муфаҳрас лиалфозил-Қуръан». («Таврот», «Забур», «Инжил», «Китоб» сўзлари) Байрут, 1997). Бундан ташқари кўп оятларда умумий «китоб» лафзи билан келган. Лекин , ажабланарли жойи шундаки, Қуръони каримда ушбу китоблар «муқаддас китоб» деган сифат билан бирор марта ҳам зикр этилмаган.
Қуръони каримда ўтган самовий китобларни ўқиш ва унга амал қилишга бўлган буйруқлар мусулмонлар учун эмас, балки ўша китоблардаги кўрсатмаларга амал қилмасдан, у китобларда келиши башорат қилинган охирги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)-ни қабул қилмаган «аҳли китоблар»га қаратилгандир (Масалан, Моида сураси 43-45-оятларга қаранг).

3-мисол. «Куръонда бу китобларга имон келтириш, ишониш кераклиги айтилган. «Мўминлар... Аллоҳга, Унинг фаришталарига, (муқаддас) китобларига ва пайғамбарларига имон келтирадилар» (2-сура «Ал-бақара» («Сигир») 285-оят) («Руководство Бога указиывает путь в Рай». Испания. 2001, 4-бет).
Улар ўз китобларида Таврот ва Инжиллар ҳақидаги барча оятларни келтирмайдилар. Фақатгина уларга имон келтириш кераклиги, Аллоҳ у китобларни нур ва ҳидоят қилиб нозил қилгани ҳақидаги оятларни кўрсатадилар холос. Қуръони каримда эса, ўша китобларни ўзгартириб юборишгани, бузишгани, ўз қўллари билан ёзиб, «бу Аллоҳнинг ҳузуридан келган китоб», дейишлари ҳам айтилган. Лекин улар содда мусулмонга буни айтишмайди. Қуръони каримда: «Аммо ўз қўллари билан китобни ёзиб, кейин «бу Аллоҳнинг ҳузуридандур» дейдиган кимсаларнинг ҳолига вой», (Бақара, 79) дейилган.
Дунёнинг турли бурчакларидаги кутубхоналарда Исломнинг илк асридан то шу кунга қадар кўпайтирилган Қуръони каримнинг беҳисоб қўлёзмалари бор. Олмон миссионерлари бу қўлёзмалардан минглаб фотонусхалар олишган ва бир ерга жамлашган. Мақсадлари Қуръони каримдан бир-бирига тўғри келмайдиган ерини топиш эди. Аммо фотонусхалар солиштирилганида бирорта ҳам фарқ ёки ўзгартириш топилмади. Ҳолбуки, муқаддас китоблари Инжилнинг ҳар хил қўлёзмаларида 26000 та бир-бирига мос келмайдиган ерлари бор.
Бугунги кунда христианлар ишончли деб айтадиган тўрт Инжил, Волтернинг айтишича, олтмишта Инжил орасидан танлаб олинган. Танлов жуда ғалати йўл билан амалга оширилган: олтмишта Инжил бир стол устига қўйилган ва стол чайқатилган. Ерга тушганлари сохта, қолганлари «саҳиҳ» (ишончли) деб топилган!
Энди бу ҳодисага Қуръони карим ва ҳадиси набавийнинг қанчалик жиддият, диққат ва ҳассосият билан муҳофаза этилганини қиёс қилаверинг.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда «муқаддас китоб» деб бизга тақдим этилаётган (тарқатилаётган) китобни («Матто баён этган Хушхабар» (Матто Инжили) ва ҳоказо каби) миссионерларнинг ўзлари ҳам инсонлар томонидан ёзилганини эътироф этишади. Павлуснинг бир мактубида бундай жумлалар бор:
«Ҳайронман сизларга, қанчалик тез Масиҳнинг иноятли даъватидан юз ўгириб, бошқа бир «Инжил»га сажда қилдингизлар! Аслида, бошқа Инжил йўқ. Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ Хушхабарини бузиб кўрсатишни хоҳлайдилар. Бордию биз ёки ҳатто осмондан бирор фаришта келиб, ўзимиз сизларга ўргатган Инжилдан бошқа бир «Хушхабар» келтирса, лаънати бўлсин!...» («Инжил», «Галатияликларга мактуб», 1; 6-8).
Исо (а.с.)дан кейин у зотга Аллоҳ томонидан нозил қилинган китоб бир ёқда қолиб, ўзлари кўплаб «Инжиллар» ижод этишди. Ҳозирги кунда христиан олами эътироф этадиган Инжилларнинг ўзи ҳам тўрттадир. Нима учун битта эмас, тўртта? Ҳатто, ўша тўртта Инжилнинг баъзилари Павлуснинг ана шу мактуби ёзилган тарихдан кейинроқ ёзилган-ку. Менимча, ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Ақл эгаларига бир ишора кифоядир.

4-мисол.
«Қуръонда Исо ҳақида нима дейилган?» сарлавҳаси остида бир неча оятлардан парчалар келтиришади. Шулардан бирида «Худо Исога ўлимни берган, кейин уни тирилтирган ва ўз ҳузурига кўтарган (19-сура «Марям», 33-оят) деб келтирилган («Руководство Бога указивает путь в Рай», Испания, 2001,21-бет).
Миссионерлар Таврот ва Инжилларни бузганлари етмагандай, Қуръони карим оятларини ҳам бемалол бузиб, талқин қилаверадилар. Чунки Аллоҳнинг каломини бузишда улар узоқ йиллик тажрибага эгадирлар. Ўша оятни тўлиқ ҳолда келтирсак:
«Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам салом (омонлик) бўлур».
Бу оятда «вафот этадиган куним» дейилган, «вафот этган куним» дейилмаган. Оятда Исо (а.с.)нинг Қиёматга яқин ер юзига тушганларидан сўнг вафот этишлари ва охиратда қайта тирилишлари ҳақида сўз кетмоқда. Улар эса, буни бузиб, гўё Исо (а.с.)нинг хочга михланиб ўлдирилганлари ва уч кундан кейин тирилганлари ҳақидаги сафсаталарини Қуръон ояти билан тасдиқламоқчи бўлмоқдалар.
Бизни ўзларининг ботил ақидаларига эргаштириш учун, Ислом таълимоти ва Қуръон оятларини бузиб, ўзимизга қарши қурол қилаётганларини билиш учун келтирилган мисоллар кифоя деб ўйлаймиз.
Бу муаммо юртимиз ва халқимиз учун янгилик эмас. Халқимиз тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиётини кўра олмайдиган ва ҳасад кўзи билан қарагувчилар илгари ҳам бўлган. Ўзларининг бузғунчи ғояларига эришиш учун бизнинг заминимиздан фойдаланмоқчи бўлган ғаламислар аждодларимизга ҳам етарлича ташвиш туғдиришган. Мевали дарахтга тош отилади, деган нақл бор. Улар бизга - юртимизга тош отаётган эканлар, бу ердаги қайсидир яхшиликни ўзлаштириб олиш мақсадлари бор, демакдир.
Бундан ташқари, миссионерлик муаммосини бартараф этишда ва соддадил халқимизни уларнинг ёлғонларига алданиб қолишларининг олдини олишда аждодларимизнинг илмий, мантиқий ва фикрий услубларидан фойдаланишимиз лозим. Асрлар узра ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган динимиз таълимотларини чуқур ўрганишимиз, унинг барча кўрсатмаларини илмий, ақлий ва фалсафий асослари билан билишимиз ва нотўғри фикрларга қарши жавоб бера оладиган савияга кўтарилишимиз жуда муҳимдир. Бу борада ҳиссиётга берилиш ёки турли кўринишдаги куч ишлатишлар фойда бермайди. Чунки жаҳолатга қарши маърифат билан бориш, ақл эгаларининг йўлидир.
Abu Muslim

Abu Muslim

E-mail: Ушбу e-mail манзил спам-ботлардан ҳимояланган, уни тасвирлаш учун JavaScript-ни ёқишингиз лозим.

Фикр билдириш

Make sure you enter the (*) required information where indicated.
Basic HTML code is allowed.





Сўровнома

Миссионер талабалар