Бугунги кунда адлия идораларидан рўйхатдан ўтиб олган ва қонунчилик ҳимоясида бемалол фаолият юритаётган, ўзларини христиан ёки насроний дини вакили сифатида эътироф этиб, гўёки ибодат билан машғулдек ўзларини диндор, саховатпеша, инсонпарвар, халқ ҳимоячиси, халқ дардини ҳукумат идораларига етказувчи, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, виждон эркинлигини таъминловчи каби сирти ялтироқ ниқоблар билан қоплаб олган бир тоифа манфур кимсалар ватанимизнинг турли жойларида, жумладан, бизнинг туманимизнинг баъзи жойларида фаолият олиб бораётганлиги барчамизга маълум.
Бу инсонлар аслида кимлар? Уларнинг мақсадлари нималардан иборат? Ҳар ким бўлиши мумкин, улар дин одами эмас. Христианлик ёки насронийлик нуқтаи назаридан қараганда ҳам улар диндорлар эмас. Улар миссионерликка махсус ўқитилган, ёлланган турли миллат ва турли касб эгаларидир. Илмга, янгиликка ташна бўлган ўзбек фарзандларини компьютер, инглиз тилини ўргатиш ниқоби остида ўз бузуқ мақсадлари йўлида фойдаланишни режалаштирган кимсалардир. Уларнинг мақсадлари бир - адашиб қолган динсиз кишини динга киритиш эмас, балки ўз динини яхши билмаган мусулмон фарзандини диндан чиқаришдан иборатдир. Бунга далил шундаки, улар ҳечам инсонларнинг одоб-ахлоқини, ҳаёсини тузатиш каби яхши ишлар билан шуғулланишмайди, балки хулқни бузадиган, беҳаёлик, зинокорликни тарғиб этадиган ўйинлар, дискотекалар ташкил этиш, ресторанлар очиб, тунги кўнгилхушликлар уюштириш билан шуғулланишади.
Бу ишлар бугунча демократиянинг оддий бир кўринишига ўхшасада, аслида бунинг замирида эртанги кунга мўлжалланган муҳим сиёсий найранглар яширинган. Бу найранглар нималардан иборат:
Биринчидан, урф-одати, мафкураси, маънавияти бир бўлган миллатимизни ҳар хил сиёсий, иқтисодий, ғоявий босимлар билан чалғитиш, шу билан тинч-осойишта яшашни издан чиқариш;
Иккинчидан, мамлакатимизни маънавий ва маданий истило қилиш, бу ишда ўзларининг тузоғига илинган "динфуруш"лардан фойдаланиш;
Учинчидан, юртимизни доимий низо майдонига айлантириб, низони бартараф этишда ўзларининг ёрдамига муҳтож қилиб қўйиш;
Тўртинчидан, иложини қилиб баъзи ҳудудларга алоҳида куч ташлаб, алоҳида маблағ ажратиб "ясама диндорлар"ни кескин кўпайтиришга эришиб, гўёки уларнинг хоҳиш-иродаси сифатида черковлар ташкил этишни йўлга қўйиш ва бунинг ортида шу ҳудуд аҳолисини иккига бўлиш, яъни мусулмон-христиан ёки мусулмоннасроний бўлишиб ғалаён, уруш-жанжаллар келтириб чиқаришга эришиш;
Бешинчидан, уларнинг найрангларининг энг хавфлиси шундаки, улар ўзларини халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган кўрсатиб, суд-прокуратура ҳатто давлат раҳбарлари ишларигача баъзи бир нодавлат ташкилотлар билан аралашиб, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш, халқ билан давлат орасига ишончсизлик руҳини сингдиришдир.
Бунга исбот бундан 30 йиллар аввал миссионерлар Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини христианлаштиришга ниҳоятда катта эътибор берди. Орадан 25 йил ўтгач бу ўлкада улар кутган диний тўполон - уруш бошланди. Натижа ўзлари кутгандек, Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олишди. Мана сизга оқибат.
Миссионерларнинг асл мақсадлари ислом динига мансуб кишиларни ўз динларига оғдириб олишдан иборат ҳам эмас. Чунки, масала бевосита мамлакатимизнинг хавфсизлигига даҳлдор. Шундай экан, уларнинг кирдикорларини очиб ташламоғимиз, баралла айтмоғимиз, бу ишда нафақат имом-хатиблар, балки шу азиз Ватан фуқаросиман деган ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Маккорлардан огоҳ бўлинг.
Раҳмонқул МАМАТҚУЛОВ,