Tools
Register Login

You are here: Бош саҳифа » Миссионерлик » Миссионерлар..?
Якшанба, 20 Mай 2012

Миссионерлар..?

Миссионерлик 21.07.2011 13:46
Собиқ иттифоқ давлати тугаб, мустақил давлатлар юзага келганида, янги мусулмон мамлакатлар дуч келган энг катта хатар халқаро миссионерлик ташкилотларининг бу юртларга ёпирилиб келишлари ва кенг миқёсда иш бошлашлари бўлди. Улар жумладан Ўзбекистонда ҳам жуда қисқа муддатда, ғоят яхши ташкил қилинган тармоқларини вужудга келтиришди. Насронийликнинг кўплаб турли-туман мазҳаблари ва хатто насронийларнинг ўзлари ҳам эътироф этмайдиган, балки инкор қиладиган бирқанча секталар ҳам мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари демократия ниқоби остида мамлакатимизга кириб келишди. Давлатимизнинг бу борада ҳали тажрибасизлигидан фойдаланиб, бу ташкилотлар расман рўйхатдан ўтиб, расмий ташкилот сифатида ўз ибодатхоналарини қуришди, республикамизни келгусида ҳар жиҳатдан нотинч қиладиган кир, ғаразли фаолиятларини бошлади. Албатта, бу ишлар катта маблағсиз, сиёсий ва информацион таянчсиз амалга ошмайди. Америка бошлиқ бутун Ғарб давлатларидаги миссионерлик ташкилотлари, йирик бойлар, ҳатто сиёсий доиралар бу ҳаракат учун жуда катта маблағ ажратишган. Чунки бу ҳаракатлардан кўзлаган мақсадлар тез орада барча сарф-харажатларини бир неча баробар қоплаб кетишига улар ишонишар эди.
Ибодатхоналари очиқча ишлагани билан миссионерларнинг фаолияти яширинча амалга оширилди. Улар юртимизга тил ўргатиш, компьютер дарслари, ҳар хил соҳалар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш ва ҳоказо баҳоналар билан турли-туман ўқув марказлари ташкил этиб, ҳар хил йўналишлардаги хайрия ишлари билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлари қиёфасида юртимизга кириб келишди. Узоқ йиллик сиқув остида яшаган, аммо ўзи илмга чанқоқ, дунё билан мулоқотга киришишга иштиёқманд халқимиз, табиийки, бундай ўқув марказларига катта қизиқиш билан қаради. Лекин ўқиш жараёнида маълум бўлишича, «ўқитувчи»ларнинг аксарияти асосан миссионерлардан иборат экан.
Бир мисол. Бир зиёли кишининг қизи Тошкент Тиббиёт институтини аъло битириб, изланувчанлиги, тиришқоқлиги боис, соҳаси бўйича чуқурлаштирилган билим олиш учун Америка томонидан очилган икки йиллик ўқув марказларидан бирига қатнаган. Ўша кишининг айтишича, биринчи йили ҳақиқатан ҳам яхши, кучли ва зарурий билим беришибди. Ҳамма ёш мутахассислар хурсанд. Аммо иккинчи ўқув йили бошланиши билан, «Энди ибодат қиламиз», дейишибди. Маълум бўлишича, биринчи йили ҳам ҳар хил ишоралар билан иқтидорли болаларимизни насронийликка даъват қилишган экан, иккинчи йили эса «Биз билан ибодат қилмаганни ўқитмаймиз!» деб туриб олишибди. Натижа бундай бўлган: баъзилар насронийликка ўтишни хоҳламай, ўқишдан ҳайдалган, баъзилар «Илмини олиб қолайлик», деб гўё ёлғондакам ибодатлар қила бошлашган, учинчи тоифа эса, ҳақиқатан мусулмонликдан чиқиб, уларнинг ботил дину мазҳабларига ўтиб кетган.
Яна бир мисол. 2002-2003 йилларда Фарғонадаги учувчилар ҳарбий қисмида командирлар таркибидаги юқори унвонли зобитлар миссионерлик билан шуғулланишган. Китобларни олиб келиб тарқатишда ҳарбий самолётлардан фойдаланишган. Қўл остиларидаги кўп ўзбек зобитларини насроний қилиб улгуришган, қаршилик қилган бир йигитни хатто хизматдан четлаштиришган (Бу йигитнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига ёзган хатининг бир нусхаси таҳририятда сақланмоқда).
Бунақа мисоллар кўп. Хатто ҳозир ҳам китоблари ва варақаларини сифатли қоғозларда чоп эттириб, бозорларимизда, касалхоналарда, санаторийлар, метро бекатлари, ҳатто трамвай-автобусларда ҳам бемалол текинга тарқатишяпти. Варақа ва китобчаларининг аксариятида умумий гаплардан кейин шу яқин атрофдаги ибодатхоналарига чақириқлар учрайди. Афсуски, баъзи ҳамюртларимиз хилма-хил сабаблар билан уларнинг тузоқларига илиниб, залолат йўлини тутиб кетишяпти.
Хўш, бу миссионерлар ўзи аслида ким?
Ҳар ким бўлиши мумкин, аммо дин одами эмас! Ҳатто насронийлик нуқтаи назаридан қаралганида ҳам, улар росмана диндор ҳисобланишмайди! Улар миссионерликка махсус ўқитилган турли касб эгаларидир.
Бу тоифа одамларнинг асосий мақсадлари ҳам динсиз бир миллатни динга киритиш эмас, балки мусулмон фарзандларини, кўп сабабларга кўра ҳақ динлари таълимотидан хабарсиз қолган юртдошларимизни фурсатдан фойдаланиб Исломдан чиқаришдир! Ҳа, улар бизни насроний қилмоқчи эмас, балки Ислом динимиздан чиқармоқчи, холос! Чунки ўзлари даъват қилаётган «дин» (ёки мазҳаб-секта)ларининг ботил эканини, Ислом билан ҳеч бир жиҳатда беллаша олмаслигини ўзлари ҳам жуда яхши билишади.
Бунинг энг катта исботи:
биринчидан, бу миссионерлар нима учундир ҳеч қачон ҳақиқий мўминларга ёки дин илмидан озми-кўпми хабардорларга рўпара келишмайди, асосан билмайдиганларни овлашади, ўшалар билан ишлашади;
иккинчидан, ташвиқ китобчаларида кўпинча Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадларига хизмат қилдириш учун фойдаланишади. Аслида шунинг ўзиёқ уларнинг иккиюзламачилигини кўрсатиб турибди, чунки агар Қуръоннинг уч-тўрт оятини ҳақ деб билишар экан, нега унда тўлалигича Исломни қабул қила қолишмайди?! Ҳолбуки, улар аслида Қуръонни инкор этишади. Хўш, унда нега Қуръонга суянишяпти?! Ахир бу макрлари уларнинг асл мақсадлари дин эмаслигини кўрсатиб бермайдими?
учинчидан, 2002 йил миссионерлар Рамазон ойи яқинлашганида ўзбекча «Муборак Рамазон ойи 2002» номли тақвим-буклет тарқатишди. «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» деб бошланган, сўнгра «Рўза ҳақида» деб сарлавҳа қўйилган бу тақвимда Инжилдан иқтибослар келтирилган. Оғиз ёпиш, оғиз очиш дуолари деб ҳам Инжилдан қандайдир парчалар келтирилган. Қозоғистоннинг Олмота шаҳрида босилган бу тақвимнинг иккинчи саҳифасидаги оғиз ёпиш, ифторлик ва намоз вақтлари аниқ ва тўғри кўрсатиб берилган. Ажаб-ажаб, «Бисмиллаҳ...» ҳам, Рамазон ойи ҳам мусулмонники, рўза тартиблари, вақти ҳам мусулмонники, намоз ҳам фақат мусулмонларда бор бўлса, нима учун бунақа тақвим чиқарилди? Мақсадлари нима ўзи уларнинг?!
Навбатдаги мисол уларнинг асл башараларини жуда чиройли суратда фош этади. Уларнинг мақсади динга киритиш эмас, балки мусулмонларни диндан чиқариш эканига яна бир далил – улар ахлоқни яхшилаш билан шуғулланишмайди. Аксинча, хулқни бузадиган ишларни тарғиб қилишади. Ҳар хил ўйинлар, «дискотека»лар ташкил қилишади, ресторанлар очиб, «тунги кўнгилхушликлар» уюштиришади.
Миссионерларнинг бу ишлардан кўзлаган ғоялари нима? Аслида асосий масала ҳам шу нуқтада. Миссионерларнинг мақсад-ғояси фақат ва фақат сиёсийдир! Бугунча беғубор хархаша ёки демократиянинг оддий бир тақозоси бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган жуда катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар тагида қандай қора мақсадлар яширинганини эса ҳамма ҳам билавермайди.
Балки миссионерларнинг ортларида турган, уларни катта маблағлар билан таъминлаётган, информация ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳартомонлама қўллаб турганлар юртимизни маданий ва маънавий истило қилишни режалаштиригандир?! Балки улар бу ерларда ўзларини бегонасиратмасдан, мустаҳкам ўрнашиб олиш учун миссионерларнинг тузоғига илинганлардан фойдаланишар?! Бунга тарих ва тажрибада мисоллар жуда кўп топилади.
Балки уларнинг режаси анъанавий мусулмон бўлиб келган, яъни, мафкураси, урф-одати, бутун бошли маънавий тарихи бир хил бўлган, аслида мамлакатимизнинг куч-қудратини ташкил қиладиган бирдамликни, халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан ўз ҳолимизча яшашга йўл қўймасликдир?!
Балки юртимизни доимий низо майдонига айлантириб, бу низоларни ҳал қилишда бизни ўзларига муҳтож қилиб қўйишни хоҳлашар?!
Иложи бўлса, баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганларнинг сонини кўпайтиришар экан, балки келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бўлгинчилик (сепаратистик) ғалаёнларини чиқариб, оқибатда мамлакатни парчалаб ташлаш мақсад қилингандир?! Масалан, Қорақалпоғистонда миссионерликнинг авж олгани, улар у ерда катта натижаларга эришаётгани бу жиҳатдан хатарлидир. Оқибат шу ҳолга олиб келишига уч-тўрт йил бурун Индонезияда рўй берган ҳодисалар ишора қилади. Бундан бор-йўғи ўттиз йил аввал миссионерлар Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини «насроний»лаштира бошлаган эдилар. Йигирма беш йилдан кейин диний асосда тўпалон чиқариб, бутун Ғарб олами оёққа турди ва Шарқий Тимор Индонезиядан ажратиб олинди.
Яна бир мисол. Ўзбекистондаги мусулмонлар орасида насронийликни қабул қилганларнинг сони 10000 (ўн минг)тага етгани муносати билан 2004 йил декабрь ойида Тошкентда ўтказилган тантанали йиғилишларида «Салиб юришининг вақти келди!» деган хитоблар ҳам янграган. Ўн мингтага етганларида шундай дейишяпти, яна ҳам кучайиб кетишса нима бўлади?!
Балки улар режалаштирган нарса «инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», «виждон эркинлигини таъминлаш» каби чиройли шиорлар ниқоби остида оддий суд-прокуратура органларидан тортиб то давлат раҳбари ишларигача аралашиш ва мустақил давлат бошқарувига йўл қўймасликдир?! Жамиятни доимий безовта қилиб туриш орқали бошқарувда асабий бир вазиятни вужудга келтиришни хоҳлашар балки?! Турли-туман матбуот органлари ва «нодавлат ташкилот»лар воситасида ташвиқот юритиб, ўзларини гўё халқнинг ҳимоясига отланган қилиб кўрсатиш, халқнинг «дарди»ни айтиб, давлатга қарши гиж-гижлаш, давлатни эса бу қутқуларни бостириш учун кескин чоралар кўришга мажбурлаш ва мана шу йўл билан халқ ва давлат орасига ўзаро ишончсизлик руҳини сингдириш режалаштирилгандир миссионерларнинг яширин режаларида?! Бу тахминларни хоҳлаганча давом эттириш мумкин!
Кўриниб турганидек, бу ишларнинг динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режаланган найранг услубларидан биридир. Масала фақат диний бўлганида ташвишланарли жойи кам эди. Чунки (гарчи миссионерлик фаолияти мамлакатимизда қонунан тақиқланса-да), улар севадиган виждон эркинлиги қоидасига кўра ҳам, ким насронийликни танласа, марҳамат, ким мусулмонликни танласа, марҳамат – ҳар ким гўрга ўзи киради, қиёматда ҳар ким эътиқодига ва амалига яраша жазо-мукофотини олади, бу билан жаннатийлар ҳам, дўзахийлар ҳам камайиб ёки ортиб, Аллоҳнинг ҳақиқий дини ҳам кучсизланиб қолмайди.
Лекин миссионерларнинг мақсадлари сиёсий бўлгани учун ҳам хатарли ва ташвишланарлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига бориб тақалади. Шунинг учун миссионерларнинг кирдикорлари мана шу нуқтаи назардан баҳоланмоғи ва чора-тадбир ҳам шунга кўра белгиланиши лозим. Акс ҳолда, биз келажак авлодга кучли, озод ва обод ватанни эмас, балки халқининг руҳи-дили бир-бирига бегона, шу туфайли қатор муаммоларга ботган, пароканда, маънавий зиддиятлар авж олган, бинобарин, заиф ва қарам бир ўлкани қолдирган бўламиз, Аллоҳ асрасин.
Хўш, бугунги аҳвол чиндан ҳам шу даражада оғирми? Афсуски, ҳа. Бу масала бугун шу даражага етдики, энди унга енгил-елпи қараб бўлмайди. Агар иш ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ҳозироқ жиддий ва фойдали чоралар кўрилмаса, болаларимиз келажакда аянчли маммоларга дучор бўлиши турган гап. Аммо аҳволни ўнглашга, келгуси фожиаларнинг олдини олишга ҳали имкон бор. Нозик диний сиёсат юритиш ва яна бир қатор ёрдамчи тадбирлар билан вазиятни ҳозирча фойдали ўзанга солиб юборса бўлади. Лекин бу энди алоҳида мавзу.
Abu Muslim

Abu Muslim

E-mail: Ушбу e-mail манзил спам-ботлардан ҳимояланган, уни тасвирлаш учун JavaScript-ни ёқишингиз лозим.

Фикр билдириш

Make sure you enter the (*) required information where indicated.
Basic HTML code is allowed.





Сўровнома

Миссионер талабалар